Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:22

Наргиза Зокирова: "Мен сатанист эмасман, мажусийман!"


Россия телевидениесининг "Голос" лойиҳаси чорак финалига чиққан 8 иштирокчидан бири Наргиза Зокирова томошабинлар саволларига жавоб берди. Саволларнинг аксарияти унинг шов-шувга сабаб бўлган ташқи қиёфаси ва татуировкалари ҳақида бўлди. Диний мансублик ҳақидаги саволни узоқ кутганини айтган хонанда: "Мен шайтонга сиғинмайман, мен мажусийман" деб жавоб берди.


Наргиза чорак финалга чиққанлар орасида 4-ўринда

Россиянинг "Первый" телеканалидаги “Голос” лойиҳасида қатнашаётган 8 хонанда сафида Наргиза Зокирова ҳам чорак финалда қатнашиш имконини қўлга киритди.

13 декабрь куни томошабин ва устозлар танлови асосида иккинчи гуруҳи - Елена Максимова, Антон Беляев, Гела Гуралиа ва Шарип Умхановлар чорак финалга чиқди. 6 декабрда эса айни асосда биринчи гуруҳ - Сергей Волчков, Тина Кузнецова, Андрей Цветков ва Наргиза Закировалар танланган.

8 иштирокчи ўртасидаги беллашув келгуси жума — 20 декабрь куни бўлиб ўтади ва унда томошабинлар танлаган 4 иштирокчи ярим финалга чиқади.

Леонид Агутин гуруҳини танлаган ўзбекистонлик иштирокчи Наргиза Зокирова томошабинлар ва устозлар берган овозлар кўрсаткичи бўйича ҳозирча 4-ўринда бормоқда.

Гела Гуралиа 127%, Сергей Волчков ва Андрей Цветковлар 120%дан, Наргиза Зокирова эса 115% овоз тўплаган.

Наргиза бу гал АҚШдаги альтернатив рок услубида куйлайдиган машҳур Nirvana гуруҳининг Smells Like Teen Spirit қўшиғини ижро этди ва яна томошабинлар олқишини қозонди.




Наргиза россиялик томошабинлар саволларига жавоб берди

Айни пайтда қизғин паллага кирган "Голос" ярим финали иштирокчилари билан рус матбуоти уюштирган суҳбатлар пайдар-пай эълон қилиб борилмоқда.

Жумладан, Наргиза Зокирова ҳам яқинда "Первый" телеканали томошабинларининг онлайн тарзда берган саволларига жавоб берди.

Қарийб бир соат давом этган савол-жавоб давомида ундан қизиқишлари, дини ва татуировкалари ҳақида кўп сўрашди.

Жумладан: "Телелойиҳада ғолиб бўлиш учун бутун азойи баданингизга татуировкаларни муҳрлашгача бордингизми?" мазмунидаги саволларга жавобан Наргиза шундай жавоб берди:

"Ҳа, мен ташқи кўринишим билан бошқалардан ажралишни истадим. Қанақадир комплексларим борилиги учун эмас, балки жамиятда бироз хилма-хиллик яратиш учун қилдим буни. Табиийки, оқ қарғадай ажралиб туришим мумкинлигини кутганман. Мени қоралашларига қарамай, ўзгармайман. Қандай бўлсам, шундайлигимча қоламан. Муҳими, менинг табиатимда зулм йўқ ва мен ҳамиша самимий бўлиб қоламан", деди Наргиза "Первый" телеканали томошабинлари саволига жавобан.

У Ню Йоркка келиши биланоқ биринчи қилган иши танасига татуировка чиздириш бўлганини ҳам қистириб ўтди.

"Пентаграмма шаклидаги ва бошқа иблисона рамзларнинг сизга нима кераги бор? Сиз ўзи қайси динга сиғинасиз?" мазмунидаги саволга эса Наргиза: "Мен бу саволни узоооқ кутган эдим", деб жавоб бошлади:

"Эҳтимол, айнан пентаграмма шакли кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётгандир. Чунки, одамлар бу шаклни тўғридан-тўғри сатанизм билан боғлиқ, деб ўйлашади. Мен сатанист (Шайтонга сиғинувчи - Таҳр.) эмасман. Мен мажусийман. Мен эзотерика, магия, астрология каби фанларга болалигимдан қизиқиб келаман. Айни пайтда, ер юзида мавжуд барча динларга ҳурмат билан қарайман ва мен учун муҳими, фанатизмгача бормаслик. Чунки, исталган динда фанатизмгача борилса, у ёғига телбалик бошланади", деди Наргиза Зокирова.

Шунингдек, у қандай асарлар ўқиши, қандай қўшиқлар тинглаши, рок услубидаги ижрони танлаши, оиласи билан муносабатларига оид бошқа саволларга ҳам жавоб берди.


Ню Йорк клубларидан "Голос" саҳнасига қадар

Наргиза Зокирова бунга қадар Ню Йорк шаҳридаги клубларда қўшиқ куйлаган ва ижоди давомида бир қанча йўналишларда имконини синаб кўрган.

Мисол учун, унинг АҚШда чиқарган илк альбоми 2001 йилда ёзилган этно услубидаги “Олтин қафас” номли альбом эди.

Бундан сўнг клубларда қўшиқ куйлаб юрган хонанданинг фавқулодда кучли овозини пайқаган маҳаллий продюссерлар уни турли гуруҳлар таркибида бирга ишлашга таклиф қила бошладилар.

Ўша кезда Наргиза аввалига pop, кейин эса pop rock ва охир-оқибат, hard rock, heavy metal услубларида ҳам қўшиқлар ижро этган.

Мисол учун, rock гуруҳларидан бири таркибида heavy metal услубида ижро этган “The Evil One” қўшиғи дунёнинг собиқ биринчи рақамли террорчиси Усама Бин Ладиннинг қўлга олинишига бағишланган.

Аста-секин тажриба ва мухлис орттирган Наргиза яккахон қўшиқчилик услубига ўтган.

Асли ўзбекистонлик хонанда 1971 йилда Тошкентда туғилган ва у ўзбекистонлик машҳур санъаткорлар – Зокировлар оиласига мансубдир.

Онаси – Луиза Зокирова 1960-70 йилларда собиқ иттифоқда танилган эстрада хонандаси бўлган. Отаси – Пўлат Мордухаев қайин укаси Ботир Зокиров ансамблида ижрочи бўлган.

Оғир хаста бўлган отаси 2012 йилда вафот этишидан сал аввал ҳам Наргиза 2012 йилги “Голос” лойиҳаси кастингида иштирок этиш учун Россияга борган ва отасининг вафоти боис ортга қайтган эди.

Уни илк бор 4 яшарлигида саҳнага олиб чиққан устози айнан отасидир. Ўшанда у собиқ иттифоқ ҳудудидаги биринчи рақамли хонанда бўлган София Ротарунинг “Я, ты, он, она” қўшиғини куйлаган эди.

15 ёшида эса у “Унутма мени” қўшиғи билан собиқ иттифоқ давридаги машҳур теле-шоу – “Юрмала”-86 танловида иштирок этиб, томошабин олқишига қозонган хонанда совринини олган.

Маълумоти бўйича Наргиза Зокирова эстрада хонандасидир. У Тошкентдаги Цирк санъати ўқув-таълим муассасининг Эстарада бўлимини тамомлаган.

1995 йилда ота-онаси билан АҚШга кўчиб кетган Наргиза айни дамда Ню Йоркда турмуш ўртоғи Филип Бальзано ва фарзандлари билан истиқомат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG