Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:46

Қирғизистонликнинг Тошкентга меҳмонга бориш тартиби қандай?


Тошкентга меҳмонга келган қирғизистонлик фақат меҳмонхонада яшаши лозим.
Тошкентга меҳмонга келган қирғизистонлик фақат меҳмонхонада яшаши лозим.
OzodJavobнинг бугунги сонида Қирғизистон фуқароларининг Тошкент шаҳрига меҳмонга бориш тартиб-қоидаларига оид саволларига жавоб излаймиз.

Қирғизистоннинг Ўзбекистонга қўшни ҳудудларида яшовчи фуқаролардан “Тошкентга бориб-келиш учун нима қилиш керак?”, деган мазмундаги саволлар кўплаб келади.

Жумладан, Ўшдан мурожаат қилган муштарий онасининг Тошкентга меҳмонга боришни режалаштираётгани ва бу борада айрим тушунмовчиликлар бўлаётгани ҳақида ёзди.

“Онам Тошкентга холамнинг олдига бориб келмоқчи. Тошкентда бир ой бўлишини режалаштираяпмиз. Лекин Тошкентда "пропискага қўймас" эмиш. Холам шундай деди. Шу прописка масаласини тушунмаяпмиз. Ўзи Тошкентга бир ойга борса бўладими?”, дея мурожаат қилди WhatsApp орқали ўшлик йигит.

Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидаги айнан хориж фуқароларининг Ўзбекистонга келиб-кетиши учун масъул бўлган мутахасcисига бу борада мурожаат қилиб қуйидаги маълумотларни олдик:

1) Агар Қирғизистон фуқароси Тошкентда яшайдиган қариндошиникига келса, унинг қариндоши ўзи яшайдиган ҳудуддаги милиция участка бўлимига бориб, хорижлик меҳмон борасида огоҳлантириши лозим.

“Қирғизистон фуқароси Тошкентга келгани ва кетаётгани борасида участка нозирини хабардор қилиш лозим деди”, мутахасис.

2) Амалдаги тартибга кўра, хорижлик меҳмон Тошкентдаги қариндошининг уйига прописка ёки қайдга қўйилиши мумкин эмас.

“Бу мутлақо мумкин эмас. У ўша қариндоши яшайдиган ҳудуд яқинидаги бирор меҳмонхонада қайддан ўтиши шарт. Бу қатъий тартиб. Квартирага қайдга қўйиш мумкин эмас”, деди расмий мутахасcис.

3) Расмийга кўра, меҳмонхонада қайддан ўтган хорижлик Тошкентдаги қариндошининг уйида тунаб қолиши мумкин эмас.

“У қариндошиникига кундуз куни меҳмонга бориши мумкин. Лекин кечаси албатта, ўша қайддан ўтган меҳмонхонасига қайтиб, ўша ерда тунаши керак”, деди мутахасcис.

4) Тартибга кўра, хорижлик меҳмон қайддан ўтгани тўғрисидаги қоғозни Ўзбекистон чегарасидан чиқаётганида чегарачи ходимга кўрсатиши шарт ҳисобланади.

"Регистарицияни йўқотиб қўймаслиги лозим. Боиси кетаётганида чегарачи албатта регистрацияни сўрайди", деди суҳбатдош.

5) Хорижлик меҳмон Тошкентдаги фақат чет элликларни қабул қилиш ҳуқуқига эга меҳмонхонада яшаши лозим.

“Ҳамма меҳмонхона ҳам хорижликларни қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас. Масалан, бизнинг “Hayot” меҳмонхонамиз чет элликларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. Қирғизистонлик меҳмон келиб бизда яшайди. Биз уни регистрация қиламиз. У кетаётган пайти қўлига "шу числодан шу числогача шу меҳмонхонада регистрацияда турди" деган қоғоз берамиз. Шу қоғоз қайддан ўтиш дегани. Яъни паспортига қайддан ўтиш ҳақида печать босилмайди”, деди Тошкентдаги “Hayot” меҳмонхонаси ходими.

Лекин, шуни айтиш керакки, Қирғизистонлик 60 кун мобайнида Ўзбекистонда визасиз яшаш ҳуқуқига эга.
2007 йилнинг январида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўз фуқароларига ҳар иккала мамлакатда икки ойгача визасиз юришга рухсат берадиган икки томонлама битимни имзолаган.
Ушбу битимга мувофиқ, "Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига 60 сутка давомида визасиз киришлари ёки бу ҳудуддан чиқишлари ёхуд бу ҳудуд орқали бошқа мамлакатларга ўтишлари ва шу ҳудудларда қолишлари мумкин”.

Қирғизистонликлардан фарқли Қозоғистон фуқаролари Ўзбекистонга, жумладан, Тошкентга келганида қариндошининг уйида қайдга қўйилиши ва яшаши мумкин.

“Қозоғистон фуқаролари Тошкентдаги қариндошиникига келганида 5 кун ичида қайдга қўйилиши мумкин ва ўша уйда яшаш ҳуқуқига ҳам эга”, деди Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мутахасиси.

Қўшни Туркманистон ва Тожикистон билан виза тартиби мавжудлиги боис ушбу давлат фуқароларининг Тошкентга келиб- кетиши фақат виза муддати ва турига боғлиқ бўлади.

Азиз муштарий агар сизда қирғизистонликларнинг ўз машинасида Ўзбекистонга кириш пайти тўланадиган суғурта ҳаражатлари борасида аниқ маълумотлар бўлса, илтимос бошқалар билан ўртоқлашинг. Шунингдек, бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG