Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:47

Новқат милициясида этник ўзбек қийноққа солинди


Қийноққа солинган Каримжон Ҳасановнинг қовурғаси синиб, мияси чайқалган.
Қийноққа солинган Каримжон Ҳасановнинг қовурғаси синиб, мияси чайқалган.

Ўш вилоятининг Новқат туманида яшовчи этник ўзбек Каримжон Ҳасанов ўзини ички ишлар бўлимида қийноққа солган милиция ходимларига нисбатан жазо чоралари кўрилмаётганидан арзланмоқда. Каримжон Ҳасанов қийноқ туфайли оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Айни пайтда Ўш вилояти Новқат туман касалхонасида даволанаётган Каримжон Ҳасанов 38 ёшда. Унинг айтишича, 9 декабрь куни новқатлик уч милиция ходими уни билдирилган айбловга иқрор қилдириш учун қийноққа солган.

Ҳасановнинг қўлга олинишига унинг танишлари билан жанжаллашиб қолгани сабаб бўлган. Ҳасанов яқин дўстларидан бирининг келинойси бошқа эркаклар билан юргани ҳақидаги миш-мишларни эшитиб қолган ва бу гапни дўстига етказган. Шундан сўнг дўстининг келинойиси уни тухмат қилганликда айблаб, милицияга ариза ёзган.

Ҳасановни мана шу аризага асосан милицияга олиб кетишган. Каримжон Ҳасанов милицияда уни қийноққа солганлар жиноят қидирув бўлим ходимлари эканини айтди.

-Милицияга олиб келишиб, мени кийимларимни ечтиришди. Милициялардан бири чўнтагимга бир нарсани солмоқчи бўлди. Мен:”Қўйинглар, бундай қилманглар, бола-чақали одамман”, деб айтдим. Шунда улардан бири мени ура бошлади. Шу билан кечаси соат 11-12ларда биттаси 150 минг сўм пул топиб келасан, дейишди. Кейин юз минг, охири 50 мингга рози бўлишди. Шу эллик минг пулни берганимдан кейин мени қўйиб юборишди, -деди Каримжон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, милиция бўлимида унинг бошига елим халта кийдиришиб, нафас йўлларини ёпишган, товонларига тўқмоқ билан уришган ва калтаклашган. Каримжон ўзини қийноққа солган милиция ходимларининг исмларини эслаб қолганини айтди:

-Мени қийнаган милицияларнинг исми Шаттик, Алим ва Адил эди. Асосан шу уччаласи қийнади. Пулни ҳам шуларга бердим, -деди жабрланувчи.

Ҳозир Каримжон Ҳасанов туман касалхонасида даволанмоқда. Касалхонанинг трамватология бўлими бошлиғи Токторали Зиядиновнинг айтишича, Ҳасановнинг саккизинчи қовурғаси синган ва мияси чайқалган.

Қийноқларга солинган Каримжон милиционерлар устидан арзланиб вилоят прокуратурасига ва бош прокуратурага шикоят киритган. Унинг айтишича, шундан сўнг уни қийноққа солган милиция ходимлари касалхонага келган ва яраш битими тузишни таклиф қилган. Бироқ Ҳасанов бунга рози бўлган эмас. Шунга қарамай, милиция ходимларига нисбатан шу кунгача ҳеч қандай жазо чоралари қўлланилмаган.

Новқат туман милиция бўлими бошлиғи Мурат Боронов Ҳасановнинг қийноқ тўғрисидаги иддаоларини асоссиз деб атаб, ўз ходимларини ҳимоя қилди:

-Бу иш ҳозир прокуратурада текширилмоқда. Ҳасановнинг устидан Ўғилой Ўринбоева деган аёл ариза ёзган. Уни қўлга олиб, милиция бўлимига олиб келишганида, уни бу ерда аёлнинг отаси қаттиқ калтаклаб қўйибди. Милиция ходимлари Каримжондан пора олгани ҳақида менда ҳеч қандай маълумот йўқ. Каримжонни сўроқ қилган милиция ходимлари бугунги кунда ишини давом эттираяпти, -деди Мурат Боронов.

Мазкур ишни ўрганган Бишкекдаги “Қилим шами” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова эса новқатлик милиционерлар 18 декабрда Каримжон Ҳасановнинг уйига бориб, агар у аризасини қайтариб олмаса уйини ёқиб юбориш билан таҳдид қилганини айтди:

- Биз туман ички ишлар бўлимига қийноқ ҳақида 16 декабрда хабар берган эдик. Бироқ ички ишлар раҳбарлари чора кўрмагани сабабли бир жиноятнинг ортидан иккинчи жиноят содир этилмоқда. Ҳасановнинг оила аъзоларини қўрқитиш, унинг уйини ёқиб юбориш билан таҳдид қилиш катта жиноят, -деди Азиза Абдурасулова.

Каримжон Ҳасанов 2006 йилда Россия фуқаролигини қабул қилган экан. Айни пайтда бу масалада Россиянинг Қирғизистондаги элчихонасига ҳам шикоят аризаси киритилган.
XS
SM
MD
LG