Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:29

Ўзбекистон раҳбарининг ҳисоб-китобича, 2013 йилда инфляция 6 %дан ортмади


2013 йилда Ўзбекистонда инфляция 6 %дан ортмагани тўғрисида Президент Каримовнинг “Ўзбекистон халқига Янги йил табриги”да айтилди.

Ўзбекистон раҳбари “мўътабар отахон ва онахонларни”, “мунис опа-сингилларини”, “навқирон ўғил-қизларни”, “жажжи болалари” янги йил билан “чин қалбидан табриклар” экан мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолатига оид баъзи рақамларни келтирди, мамлакат халқи олдида турган баъзи мақсад-вазифаларни белгилади.


Президентга кўра, Ўзбекистон 2013 йилда “тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш <…> йўлида” навбатдаги “амалий қадамлар”ни қўйди.Ўзбекистон раҳбари ҳисоб-китобича, кейинги йилларда мамлакат иқтисодиёти ўсиш суръатлари 8 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда ва “бундай кўрсаткич дунёда камдан-кам давлатларда кузатилмоқда”.

Ислом Каримовнинг маълум қилишича, 2013 йилда аҳоли реал даромадлари 15,7 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори 20,8 фоизга ўсган, инфляция даражаси 6 фоиздан ортмаган.

Ўзбекистон раҳбари янги -2014 йил учун ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлашга оид мақсад ва вазифаларни белгилар экан, “биринчи навбатда тинчлик ва осойишталикни, меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни, қўшнилар билан дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ҳар қандай бало-қазоларни остонага йўлатмаслик, сарҳадлар дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш, бунинг учун Қуролли Кучларининг салоҳияти ва қудратини оширишга алоҳида аҳамият бериш” зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Иқтисодиёт ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги вазифаларни белгилар экан, Президент ўз табригида “замонавий корхоналарни ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатларини ривожлантиришга кенг йўл очиб бериш, соғлиқни сақлаш, биз учун муҳим ўрин тутадиган таълим-тарбия соҳасини янги босқичга кўтариш, кенг кўламли бунёдкорлик ишларимизни давом эттириш янги йилда ҳам энг устувор вазифаларимиз бўлиб қолади”, деган.

Ўзбекистон раҳбари ўз табригида 2014 йил “Соғлом бола йили”, деб эълон қилинганини ҳам эслаб ўтди.

Президентнинг Янги йил табриги ортда қолган йилнинг ўзига хос сарҳисобидир. Табрикнома матнига шу фикрдан келиб чиқиб, ёндошиладиган бўлса, 2013 йил Ўзбекистон учун мутлақ муваффақиятлардан иборат бўлган.

Табрикноманинг бирон бир бандида ортда қолган йилга танқидий назар ташлангани сезилмади.

Ёки иқтисодиётда муттасил ўсиш қайд этилаётгани тўғрисида гапирар экан, Ўзбекистон раҳбари нима учун 2014 йилда беш тоифадаги жисмоний шахслар: Иккинчи жаҳон урушида Ленинград қамали пайтида ишлаганлар, касбий фаолияти давомида ногирон бўлган ички ишлар ходимлари, Афғонистон уруши қатнашчилари, ўн нафардан кўп бола туққан аёллар, Чернобиль АЭСи фалокатини бартараф этишда иштирок этган жисмоний шахслар солиқ имтиёзидан маҳрум этилаётгани тушунтирмади.

Ёки мамлакат иқтисодиётига ва аҳолининг моддий қувватини сақлаб туришга меҳнат муҳожирлари қўшаётган ҳиссани ҳам айтиб ўтмади. Россия Марказий банки маълумотларига қараганда, 2013 йилнинг 9 ойи давомида ўзбекистонликлар Россиядан ўз ватанига 4,9 миллиард доллар жўнатган. Бу муддат ичида МДҲга аъзо давлатларга жўнатилган ақча ҳаммаси бўлиб 15 миллиард доллардан сал ошади.
XS
SM
MD
LG