Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:05

Қирғизистон муфтийсининг жинсий ҳаёти акс этган видео жанжалга сабаб бўлди


Қирғизистон мусулмонлари муфтийси Раҳматулла Эгамбердиев
Қирғизистон мусулмонлари муфтийси Раҳматулла Эгамбердиев
Қирғизистон муфтийси Раҳмутулла Эгамбердиевнинг ёш аёл билан интим муносабатлари акс этган видео Интернетда тарқалиб кетганидан сўнг жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Муфтий ўзининг хотини билан бўлган шахсий муносабати бошқаларни қизиқтираётганидан ҳайрон қолаётганини айтди.

Яширин камера воситасида олинган видеода муфтий Раҳматулла Эгамбердиевнинг ёш хотин билан жинсий алаоқа қилаётгани акс этган.

Бу видеонинг Интернетда тарқалиши қирғиз жамоатчилигида жанжалли мунозараларни келтириб чиқарди.

Қирғизистон ва Марказий Осиё мусулмонлари Конгресси раиси Бакит Нуриддиновнинг айтишича, бу видео мамлакат диний жамоатчилигини карахт қилиб қўйган:

- Ҳозир бу масалада жуда қизғин мунозара кетмоқда. Уламолар кенгаши бундан шокка тушиб қолди. Вазият жуда оғир, улар нима дейишни ҳам билмаяпти. Бунақа воқеа энди биринчи марта бўляпти. Биз шундай кунларга ҳам етиб келдикми, деди Бакит Нуриддинов.

Жанжалли бу видео пайдо бўлганидан сўнг муфтиёт ва ҳукумат ўртасида яширин зиддият ҳам борлиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди.

Бироқ, Қирғизистон Президентининг Жўғўрқу Кенгешдаги вакили Ўрозбек Молдалиев ҳукумат билан муфтиёт ўртасида ҳеч қандай қаршилик йўқ, дейди. Унинг фикрича, бу - диндорларнинг ички низолари маҳсули:

- Улар ўзларини “қурбон” сифатида кўряптилар ва ҳар хил гапларни айтмоқдалар. Муфтиятга қарши туришнинг ҳукуматга нима зарурати бор? Ҳукумат мусулмонлар диний бошқармасининг ишига аралашмайди. Энг аввало муллалар ўзаро тил топишсин. Муаммолар қаердан пайдо бўлади? Муфтийлик лавозимига даъвогарлар кўп. Нега? Чунки бунда Ҳаж бор ва 4-6 миллион долларлик яширин даромад олиш имкони бор, деди Ўрозбек Молдалиев.

Қирғизистон Омбудсмени Бакит Аманбаев фикрича, ҳар бир одамнинг шахсий ҳаёти сир тутилиши Конституция бўйича кафолатланган, бироқ:

- Юқори лавозимли фуқароларда масъулият бўлиши ҳам керак. Зеро, муфтий ортида жуда кўп мусулмонлар бор, деди Ўрозбек Молдалиев.

Қирғизистон жамоатчилиги муфтийнинг ишқий видеоси тарқалганини муҳокама қилишни бошлаганидан бир кун ўтиб, муфтий Раҳматулла Эгамбердиев бунга ўз муносабатини билдирди:

- Бу видеода акс этган шахс мен эканлигимни инкор қилмайман. Бу аёл эса менинг хотиним. Мен у билан тўрт йилдан буён яшаяпман. Энг асосийси – мен Худонинг олдида покман. Менинг шахсий ҳаётим, ўз хотиним билан бўлган муносабатим, кимнидир жуда қизиқтираётганидан мен ҳайрон қоляпман, деди муфтий Раҳматулла Эгамбердиев.

Шунингдек, видеода акс этган аёлнинг ота-онаси 2 январь куни Интернетда видеомурожаат тарқатиб, Раҳматулла Эгамбердиев ҳақиқатан ҳам тўрт йил олдин уларнинг қизига уйлангани ҳақида гапирган.

Қирғизистон муфтийси билан боғлиқ видео минтақадаги диний уламоларнинг жинсий ҳаёти акс этган иккинчи видеодир. Ўтган йили Тожикистонда “жодугар мулла” номи билан ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоролик қаҳрамони Асадулло Иброҳимов суд ҳукми билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
XS
SM
MD
LG