Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Тошкентда маклерларга қарши рейдлар ўтказилмоқда


Янги йил бошида Тошкентнинг Оқтепа мазеси ва Учтепа туманларида махсус изн олмасдан уй олиб сотишда даллоллик қилаëтганларга қарши кенг кўламдаги рейд ўтказилган.


Рейд мобайнида уй олиб сотиш билан қонунсиз шуғуллангани айтилган 66 киши ушланиб, жаримага тортилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий мажлисининг Иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмитаси аъзоси Муҳаммаджон Турсунов расмий матбуотга билдирди.

М. Турсуновга кўра, “қора маклерлар” деб ном чиқарган ноқонуний уй олибсотарлари ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига оид махсус сайтда мунтазам равишда “фош қилиб” борилади.

Айни қўмитада Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда лицензия олмасдан уй олиб сотиш билан шуғулланаëтганларга қарши махсус гуруҳ тузилгани ҳам расмий матбуотда билдирилди.

Тошкентда уй олди-соттиси билан расман шуғулланадиган риэлтор ширкатининг ўзини Жасурбек деб таништирган вакили Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ўтказилган рейдни умуман маъқуллаган ҳолда, баъзи эътирозларни ҳам билдирди.

- “Қора” маклерлардан эҳтиёт бўлиш, уларга қарши курашиш маъқул иш. Лекин бу ишни бир рейд мобайнида қиламан, деб уриниш хато. Ҳозир, менинг билишимча, тасодифан уй олди-соттисига аралашиб қолган иккинчи даражали маклерлар ушланиб, жаримага тортилди, холос. Катта “қора маклерлар" ноқонуний кўчмас мулк олди-соттисига ёрдам берувчи шаҳардаги кўпгина нотариуслар ва милиция ходимлари билан дўстона муносабатда бўлишгани боис рейдлардан қутулиб қолишди, - дейди суҳбатдош.

Жасурбек аксар аҳоли қиммат бўлгани учун расмий лицензияга эга риелторлар хизматидан фойдаланмасдан, изнсиз олибсотарларга мурожаат қилишини айтди. Тошкентлик риэлторга кўра, бундай ҳолатда фирибгарларга дуч келиш хавфи кўпроқ:

- Бундай кўнгилсиз ҳолатлардан эҳтиёт бўлиш учун уй олди-соттисида тасодифий кимсаларга эмас, балки кўчмас мулк амалиётлари билан шуғулланувчи мутахассисларга мурожаат этган маъқул. Расман изн олган фирмаларда ишловчи профессионаллар нафақат ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини текширишади, балки кейинчалик ҳуқуқий ва молиявий жавобгарликни ҳам ўз зиммаларига олишади, - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонда риелторлик фаолияти кейинги уч йил ичида жиддий назорат остига олингани кузатилди. 2011 йилнинг 23 июнидан Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонуни кучга кирди. Мазкур қонун риэлторлар зиммасига лицензия ва малака сертификати олиш, даромадидан солиқ тўлаш мажбуриятини юклади.

"Аммо риэлторлик фаолияти тўғрисида қонуннинг қабул қилингани квартира олмоқчи ёки сотмоқчи бўлганларнинг воситачи-фирибгарлар тузоғига тушиб, алданиш хавфига тўла барҳам бера олмади"¸ дейди Тошкентдаги кўчмас мулк ширкатининг ўзини Самир Давлетов деб таништирган мутахассиси Озодлик билан суҳбатда.

- Судларда уй олди-соттисининг бекор қилинишига оид ишлар тиқилиб кетган. Фирибгарликларнинг деярли барчаси бир хил. Кимдир квартирасини сотди, пулини олди, кейин эса уни судга берди, суд келишувни бекор қилди. Суд қарорига кўра, сотилган квартира эгасига қайтарилади, харидор эса олдин тўланган пулни олди. Аммо пулнинг ҳаммаси қайтарилмайди, чунки уй эгаси солиқларни камайтириш мақсадида аслидагига нисбатан анча кам суммани кўрсатган бўлиб чиқади, - дейди Тошкентдаги кўчмас мулк ширкати вакили.

Суҳбатдошга кўра, квартира байи чоғида мулк сотилган нархидан арзон расмийлаштирилади:

- Энг ачинарли томони, бундай келишув чоғида харидорлар низо чиқиб, масала суд маҳкамасига борганида ҳеч нимасиз қолиб кетишади, - дейди суҳбатдош.

Тошкентлик риэлтор Озодлик тингловчиларига "қора маклерлар" орқали иш битириш жуда хавфли эканини айтиб, бундай даллоллардан эҳтиёт бўлишни маслаҳат берди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат кўчмас мулк бозорида расман рўйхатга олинган 2516 дан зиëд ташкилот воситачилик хизмати кўрсатади.

Бироқ, норасмий манбаларга кўра, яширин фаолият кўрсатаëтган “қора маклер”лар сони расман қайд қилинганлардан анча кўп.
XS
SM
MD
LG