Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:32

Қаршилик судя пора олганликда айбланиб қўлга олинди


Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарë вилояти Қарши туманлараро судининг собиқ судяси 34 яшар Фахриддин Жуманазаров Ўзбекистон жиноят кодексининг 210-моддаси 2-банди, яъни катта миқдорда пора олишда айбланиб, Отбозор қамоқхонасида судни кутмоқда.


Озодликнинг Қашқадарëдаги манбаларига кўра¸ Жуманазаров Ўзбекистон жиноят кодексининг 205-модаси¸ яъни мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда ҳам айбланмоқда.

Фахриддин Жуманазаров 2013 йилнинг 25 декабр куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Қашқадарë бўлиминг тезкор гуруxи тарафидан Қарши шаҳридаги Пахтазар миттитуманида қўлга олингани билдирилди.

Қашқадарë вилояти адлия бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ собиқ судя Фаxриддин Жуманазаров пора олаëтган пайтда қўлга олинган ва эҳтиëт чораси сифатида судгача ҳибсда сақланмоқда.

Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимидаги Озодликнинг яна бир манбаси судянинг пора олаëтиб қўлга туширилганига оид тафсилотларни айтиб берди:

- Жуманазаров 25 декабр куни Қарши шаҳар Пахтазор миттитуманидаги ҳилват жойлардан бирида Ўзбекистон фуқаросидан 300 доллар пора олаëтганда Қашқадарë вилоят МХХ ходимлари тарафидан қўлга олинди.Судя Жуманазаров 300 долларлик порани пора берувчи одамнинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига олаётган бўлган. Пора берувчи ишловдан ўтган 300 долларни МХХдан олган. Махсус кимëвий ишлов берилган пул бўлган. Судя Жуманазаров бир одамни ишини битирмасдан пайсалга солиб юриб-юриб пора талаб қилган¸кейин бу одам МХХга айтганидан кейин Жуманазараов кузатув остига олинган¸- дея иддао қилди Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра¸ айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарë вилояти Қарши туманлараро судининг собиқ судяси 34 яшар Фахриддин Жуманазаров устидан тергов кетмоқда:

- Агар Жуманазаровнинг иккала модда бўйича айби судда исботланса, камида саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин¸- деди Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимидаги Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра¸ Қаршида ҳибсхона бўлмагани учун Жуманазаров Бухоро вилоятидаги Отбозор тергов ҳибсхонасига олиб кетилган.

Қашқадарë вилояти адлия бошқармасидан олинган маълумотга кўра¸ собиқ судя Жуманазаров устидан терговни вилоят прокуратураси терговчилари олиб бормоқда.

Прокуратурадаги Озодлик манбасининг айтишича¸ пора олинаëтгани акс этган видеотасвирлар дохил бошқа далил исботлар билан танишган собиқ судя айблов билан ҳам таништирилган.

Фахриддин Жуманазаров бундан уч йил олдин Қарши туманлараро судига судя қилиб тайинланган эди.

Қашқадарëлик инсон ҳуқуқлари фаоли Нодир Аҳадов собиқ судянинг порахўрликда айбланиб, қўлга олинганини адолат тантанаси деб ҳисобламайди:

- У ëки бу судяни ëки ҳуқуқ тартибот органи ходимини пора олгани янгилик эмас. Адлия тизимида пора олмайдиган одамни топиш қийин. Энди бу судя 300 доллар пора олган дея гумон қилинмоқда. Суд буни ҳали исботлаши керак. Бу йигит 30 ëшида судя бўлувди¸ 3 йилча ишлади¸ энди уни ўрни бировга керак бўлиб қолгандир. Балки бу судя ноҳақ туҳмат қурбони бўлгандир¸ буни энди суд ҳал қилади¸- дейди ҳуқуқ фаоли.

Ҳуқуқ фаолига кўра¸ Қашқадарëда ўтган йил охирида ҳоким алмашганидан кейин текшир-текшир кўпайган.

Ўтган йили Ўзбекистон Солиқ қўмитаси кенгайтирилган йиғилишида Қашқадарëдаги солиқчиларнинг коррупцияга мойиллиги ва порахўрлигини олдини олиш чоралари ҳақида гапирилган эди.

Солиқ қўмитаси матбуот хизмати тарқатган хабарномага кўра¸ Қашқадарë вилоятидаги ички текширув солиқчиларнинг пора олганини аниқлаган.

Бундан икки йил олдин Қарши тумани ички ишлар бўлимининг тергов бўлими бошлиғи, полковник Воҳид Абдуллаев ўз иш кабинетида коррупцияда айбланиб, ҳибсга олиниб узоқ муддатга Озодликдан махрум қилинган эди.
XS
SM
MD
LG