Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:40

15 январда Ўш шаҳри мэри сайлови бўлади


Ўш шаҳар кенгаши
Ўш шаҳар кенгаши
8 январь куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахти мэри лавозимига номзодлар давлат тилидан имтиҳон топширди. Имтиҳон комиссияси номзодларни қирғиз тилини билади, деган хулоса чиқарди.

Шу куни мэрликка номзодларни рўйхатга олиш муддати ҳам якунига етди.

Ўш шаҳри ҳокими лавозимини эгаллаш учун икки номзод: Айтмамат Қадирбаев ҳамда Мелис Мирзақматовлар "от солмоқда".

Лавозимидан қувилган экс-Президент Қурманбек Бакиев даврида Ўш мэри этиб тайинланган Мелис Мирзақматов 2010 йил, июнь воқеаларидан сўнг танилди.

Ўшликларнинг бир қисми уни “миллат ҳимоячиси”, деб атаса, бошқа қисми “ашаддий миллатчи” сифатида танийди ва шунинг учун ҳам унинг сайланиш-сайланмаслигига Ўшда бефарқ одам йўқ ҳисоби.

Ўш шаҳри мэрини 45 депутатдан иборат шаҳар кенгаши сайлайди.

Бир нечагина ҳафта олдин ҳам Мелис Мирзақматовнинг сайловда ғолиб чиқишига Ўшда биров шубҳа қилмаётган эди.

Чунки шаҳар кенгашидаги кучлар нисбати айнан шу номзод фойдасига эди: кенгашдаги етакчи коалицияни Мирзақматовники эканлиги айтиладиган “Улуттар биримдиги” (“Миллатлар бирлиги”) партияси тузган ва 45 овоздан 23 таси шу коалицияники эди.

Бироқ 25 декабрь куни Қирғизистон Социал-демократик партияси (КСДП), “Республика”, “Ата Мекен”, “Адилеттүү Киргизстан” ва "Замандаш-Современник” партиялари ўзаро бирлашиб, кўпчилик коалициясини тузганини эълон қилди ва вазият ўзгарди: 45 овознинг 23 таси янги етакчи коалицияники бўлиб қолди.

Янги коалиция шаҳар мэрлигига Айтмамат Қадирбаевнинг номзодини кўрсатди.
Маҳаллий кузатувчилар фикрича, номзодлар бир-биридан кескин фарқланмайди.

“Айкўл эл” партияси лидери Эдил Байсалов Озодлик радиоси қирғиз хизматига куни кеча бундай деган эди:

- Айтмамат Қадирбаев билан Мелис Мирзақматов бир хил йўлни босиб ўтган. Балки Мирзақматовнинг йўли узунроқдир. Иккаласи ҳам Қорасув бозоридан чиққан. Бири хўжайин, иккинчиси бозорқўм бўлган экан.

Маълумотларга қараганда, 48 ёшдаги Айтмамат Қадирбаев сўнгги йилларда 2010 йил, июнь воқеаларидан кейин тузилган Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш дирекцияси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, фаолияти ўтган йили тугатилган дирекцияни Қирғизистон бош вазири Жанторо Сатибалдиев бошқарган.

15 январь куни Бишкек шаҳри мэри лавозимига ҳам сайлов бўлиб ўтади.

Пойтахтда ҳам ҳокимни Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутатлари сайлайди.

Ушбу хабар ёзилаётган соатларда Бишкек шаҳри мэри лавозимига биргина номзод - Қирғизистон Социал-демократик партиясидан кўрсатилган Қубаничбек Қулматов қайд этилган, номзодларни рўйхатга олиш муддати 8 январь, соат 18.00 да тугаши керак эди.
XS
SM
MD
LG