Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Тошкентда вирусли гепатит авж олмоқда


Айни кунларда Тошкентдаги юқумли касалликлар шифохоналари вирусли гепатитнинг турли кўринишларига чалинган болалар билан тўлиб кетди. Бу ҳақда Тошкентдаги 1-сонли клиник шифохона юқумли касалликлар бўлимининг исми ошкор этилишини истамаган шифокори маълум қилди.


Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Шайхонтоҳур, Миробод ва Ҳамза туманларидаги йирик юқумли касалликлар шифохоналарида шу кунда вирусли гепатит хасталиги билан пайдар-пай келаётган болалар учун жой йўқ.

- Кўрилаётган чораларга қарамай, гепатитга чалинган болалар сони кўпаймоқда. Бунга, биринчи навбатда, аҳолининг тиббий-репродуктив саломатлиги, тиббий саводхонлик даражаси сабабдир. Токи одамларнинг ўзи тиббий йўриқномалар, гигиена қоидаларига амал қилмас экан, бундай ҳолатларни бартараф этиб бўлмайди, - дейди пойтахтнинг Жарқўрғон кўчасидаги тиббиёт муассасаси шифокори Гулзода Ҳамидова.

Тошкентлик пенсионер Ўрмон ака Мирзаев икки неварасининг гепатит С ташхиси билан Тошкент шаҳар 1-сонли клиник шифохонасига жўнатилгани, аммо мазкур муассаса бемор болалар учун жой йўқлиги боис уларни Миробод туман юқумли касалликлар шифохонасига юборганини айтади.

- Мирободнинг шундоққина Рисовий бозори яқинидаги юқумли касалликлар шифохонасига 1-горболницанинг йўлланмаси билан келдим. Лекин бу ерда ҳам жой йўқ экан. “Коридорга каровот қўйиб берамиз”, дейишди. Кўнглим бўлмагани учун ҳозирда икки неварамни ҳам уйда дўхтир ёллаб, даволатишга мажбур бўляпман, - дейди Ўрмон ака.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси пойтахтдаги гепатит эпидемияси билан боғлиқ вазиятни шарҳлашни истамади.

Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази навбатчиси эса мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг нормал эканини таъкидлаш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG