Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:01

Россия - Украина чегарасида ўзбекистонлик муҳожирлар сони кўпаймоқда


Ўзбекистон ва Тожикистоннинг минглаб фуқаролари январь совуқларида Россияга киритилмаётгани сабабли Украина чегарасида қолиб кетмоқда. Россия Федерал миграция хизмати расмий хабарномасига биноан, январь ўрталарига келиб Россияга кириш тақиқланган хорижликлар сони аллақачон 500 минг кишидан ошди

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг минглаб фуқаролари январь совуқларида Россияга киритилмаётгани сабабли Украина чегарасида қолиб кетмоқда.

Россия Федерал миграция хизмати расмий хабарномасига биноан, январь ўрталарига келиб Россияга кириш тақиқланган хорижликлар сони аллақачон 500 минг кишидан ошди

Россия ҳукумати “ноқонуний мигрантлар”га қарши қаратилган янги қонунларни жорий қилиши ортидан Россия-Украина чегарасида минглаб ўзбек ва тожик меҳнат муҳожирлари тўпланиб қолгани тўғрисида хабарлар келишни бошлади.


Озодлик боғланган Олимжон исмли ўзбек мардикори Россияга кириш унга таъқиқланганини чегарада аниқлаганини гапириб берди.

- Уйга кетишим керак – билетга пулим йўқ. Мен Москвада ишлардим, менга "кирди-чиқди" керак эди. Украинага чиқдим, қайтиб киришимда ҳеч нарса демасдан, олиб кириб “Депортсан!”, деди. Мени яна Украинага ҳайдаб юборди. Аввал уриб, учта қоғозга қўл қўйдирди ва “Киролмайсан икки йил!”, деди. Ҳозир мен Украинада, Киевдаман – кўчада юрибман. Украиналиклар Киевдаги Ўзбекистон посольствосига боришни таклиф қилишди. У ерда “Уйингга айт, шерикларингга айт - пул жўнатишсин. Номинга пул жўнатишади, олиб кетаверасан”, дейишди. Шу-да уларнинг ёрдами, дейди кўчада қолганини айтган Олимжон.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси маъмурларидан мазкур ҳодиса юзасидан бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

Айни пайтда, Россияга киритилмаётган айрим меҳнат муҳожирлари Украинага ҳам киритилмасдан, транзит зоналарда қолиб кетишга мажбур бўлаётгани аниқланди.

Оч-наҳор, пулсиз ва жойсиз қолган мигрантлар билан боғлиқ вазиятни шахсан кузатгани борган “Мемориал” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази бир гуруҳ ходимлари Погар чегара пунктида Россияга киритилмаётган мингга яқин муҳожир турганига гувоҳ бўлиб қайтди.

“Мемориал” фаоли, ўзбекистонлик диссидент Баҳром Ҳамроев муҳожирлар орасида кўтарилаётган шов-шув чегара хизмати “нархларининг” оширилишига олиб келди, дейди.

- Минглаб муҳожирлар такси кира қилиб Погар чегарасига боради. Қонунан "кирди-чиқди" қилиш мумкин, лекин сунъий тўсиқлар яратилмоқда, улардан пул ундириш мақсадида. Ўша ерда ҳам ўзбеклар бири-бирларини сотиб, миграция ходимларини ўргатмоқда. Таксичиларга алоҳида, ўша ердаги ўртакашларга алоҳида пул тўлар экан. Ўша ердагилар полиция ва чегарачилар билан бирга ишлайди. Юзлаб одамлар Россияга киритилмаган, уларни Украина ҳам қабул қилмаган – транзит зонада қийналиб совуқда қолиб кетган, дейди ҳуқуқ фаоли.



Баҳром Ҳамроев Россия чегарасидан ўтказилмаётган шахслар ФМС базасидан текширилиб, Россияга кириш ман этилган айримларларга “огоҳлантириш хатлари” топширилмоқда, дейди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Россия -Украина чегарасида бундай вазиятнинг юзага келаётганини Россия миграция қонунчилигида оддий муҳожир у ёқда турсин – мутахассис юристлар ҳам чалкашиб кетаётгани билан изоҳлади.

Россия Федерал миграция хизмати расмий хабарномасига биноан, январь ўрталарига келиб Россияга кириш тақиқланган хорижликлар сони аллақачон 500 минг кишидан ошди. Депортация қилинган муҳожирларни сақлаш учун Россия Ички ишлар вазирлиги қарамоғида 34 та хориж фуқароларини сақлаш изоляторлари фаолият юритмоқда.

ФМС Россияда яна 3,6 миллион ноқонуний меҳнат муҳожири мавжудлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG