Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Чегарадан ўтаëтган аëлларни жинсий алоқага зўрлаган божгирлар текширилмоқда


Суратнинг лавҳада тилга олинган воқеага бевосита алоқаси йўқ
Суратнинг лавҳада тилга олинган воқеага бевосита алоқаси йўқ
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Қоплонбек” назорат-ўтказиш пунктидан ўтган аëлларни жинсий алоқага зўрлаган ўзбек божхона ходимлари устидан ички текширув олиб борилмоқда.

Озодликнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасидаги ишончли манбасига кўра¸ тилга олинган чегара масканида хизмат қилиб келган божхона ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари бўйича шу кунда текширув ўтказилмоқда, бир неча ходим эса жавобгарликка тортилган.


Озодликка маълум бўлишича, “Қоплонбек” ("Қоплонбек" Қозоғистонга қарашли пост. Воқеа Ўзбекистонга қарашли "Навоий" постида бўлган. Лекин воқеа бўлган жойни кўпчилик "Қоплонбек", деб билгани учун мақола охиригача "Қоплонбек", деб ишлатамиз) божхона постида хизмат қилган ўзбекистонлик камида 5 божхона ходими хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда бир неча ой давомида Қозоғистондан атир-упа ташийдиган тужжор жувонлар билан божхона пости биносининг иккинчи қаватидаги махсус хонада жинсий алоқа қилган.

Бунинг эвазига ўзбек божгирлари савдогар аëлларга контрабанда-молини чегарадан бехатар олиб ўтиш имконини яратиб берган.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларда божгирлар савдогар аëлларга маънавий-руҳий босим ўтказиш йўли билан уларни жинсий алоқага мажбурлаганлиги эҳтимоли катта эканлигига ишоралар кўп.

Маълум бўлишича, божгирлар савдогар аëлларга “ë молларингизни мусодара қилиб, жаримага тортамиз ëки сен биз билан айш-ишрат қиласан”, дея талаб қўйишган.

“Қоплонбек” чегара постидан кунора мол олиб ўтадиган ва ўзини Зокиржон, деб таништирган тошкентлик тадбиркор йигитнинг Озодликка айтиб беришича, кўп ҳолатларда аëллар божхона ходимлари билан жинсий алоқа қилишга мажбур бўлишган:

- Қозоғистондан атир-упа олиб келиб тижорат қиладиган қиз-жувонлар молидан айрилиб қолишдан қўрқиб божгирлар билан ҳамтўшак бўлишга рози бўлишмоқда. Чунки уларнинг моллари мусодара қилиниши мумкин. Шунинг учун тадбиркор аëллар ихтиëрий-мажбурий тарзда жинсий алоқа қилишган. "Қоплонбек"нинг Қозоғистон тарафида конфет, атир-упа сотадиган дўконлар бор. Атрофдаги қиз-жувонлар ўша дўконлардан Ўзбекистонга нарса олиб келиб сотишади. Қозоқ божгирлари индамайди, аммо ўзбек божгирлари уларни қаттиқ текширади. Олган нарсасини нархи 10 доллардан ошган бўлса дарров баëннома тузишади. Аëлларни қийин-қистовга олишади, дейди Зокиржон.

Зокиржон божхонадаги секс скандалга аралашган божгирларнинг исм шарифларини ҳам Озодликка билдирди.

Бу исмларни одоб юзасидан ҳозирча очиқламасликни маъқул кўрдик.

Табиийки, Зокиржан махсус хонада эркак (божгир) ва аёл (тужжор) ўртасида бўлиб ўтган жинсий алоқа(лар)ни қаердан билади, деган савол туғилади.

Озодликнинг бу саволига Зокиржон бу ҳақда унга жинсий алоқага мажбурланган аёллардан бири шахсан айтиб берганини айтар экан, ўша аёлнинг телефон рақамларини ҳам берди. Биз аёл билан ҳозирча боғлана олмадик, лекин Зокиржон билан ўтказилган қарийб 1 соатлик суҳбат давомида унга битта саволни 3-4 шаклда бердик ва бир хил жавоблар олдик.

Суҳбатдошга кўра, “Қоплонбек” божхона пости ходимлари бинонинг иккинчи қаватида ташкил қилган “ишратхона”да рўй берган воқеалар видеотасвирга олиниб, Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматига етказилганидан кейин текшир-текшир бошланиб кетган:

- Бундан икки кун бурун қаттиқ текширув бўлиб, уч-тўрт божхона ходимини ишдан бўшатишди. Уларнинг аëллар билан бирга бўлгани видеога тушиб қолган экан, ўша видео боис қаттиқ тафтиш бўлди. Муаммо шуки, бу ҳолат божхона постида иш пайтида юз берган. Ишдан кейин ëки дам олиш куни эмас. Аëллар божхона ходимлари тарафидан жинсий зўрланган . Бола-чақасини боқаман, деб чиққан аëллар сексга мажбурланган,тушуняпсизми бу ҳолатнинг даҳшатли эканлигини, дейди суҳбатдош.

Озодлик мухбири “Қоплонбек” чегара постида ўзбек божгирлари қиз- жувонларга жинсий зўравонлик қилдими? деган саволни Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати вакилига берди.

Хизматнинг ўзини Хуршид, деб таништирган вакили саволимизга жавобан "Божхонага оид барча саволларингизга жавобларни расмий сайтимиздан топасиз", деган жавоб билан чекланди.

Қўмита сайтида биз ўрганаётган мавзуга оид янгилик топа олмадик.

“Қоплонбек” чегара постидан йилига 23 мингга яқин автомобил ва ўн минглаб йўловчи ўтади.

Ўзбек-қозоқ чегарасининг умумий узунлиги 2 минг 300 километрни ташкил қилган ҳудудида 16 та божхона пости фаолият кўрсатади.

Озодлик билан суҳбатлашган баъзи ўзбекистонликлар бу божхона масканларида камситиш ва таъмагирликка дуч келганини айтишди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеотасвирда божхона, дея ишонилган текширув масканида ўзбек эркак мулозимининг аëлларни яланғоч ечинтириб текшираëтгани акс этган.

Бу видеотасвирдаги аëл пировардида қип яланғоч бўлади
Бу видеотасвирдаги аëл пировардида қип яланғоч бўлади
Бу видеотасвирда Тошкент шевасида гапирган эркак киши камида тўртта аëлни ечинишга буюради. Бошига рўмол ўраган ва кўринишидан тужжорга ўҳшайдиган 30 ёшлар атрофидаги аëл эркак мулозимнинг олдида сийнабанди ва лозимини ечади.

Айни шу тарзда 19-20 ëшлардаги бошқа уч нафар қиз ҳам мулозим олдида сийнабандини кўтариб, турсигини туширади.

Баъзи тасдиқланмаган иддаоларга кўра, айнан шу видеотасвир “Қоплонбек” чегара постида туширилган ва МХХ текширувига боис бўлган.

Ўзбекистоннинг Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чечарасидаги божхона масканларида ҳам тамагирлик ва аëлларга жинсий зўравонлик қилиш ҳолатлари борлиги айтилади.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасидаги “Дўстлик” чегара постидан ўтган аëлларнинг ҳам жинсий хизмат эвазига божхона текширувидан озод қилинаëтгани айтилди.

Чегарада аëлларнинг камситилишига оид тадқиқот ўтказган ва ўз исми очиқланишини истамаган ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси сўнгги 6 ой давомида олиб борган кузатишларига асосланиб, баъзи маълумотларни берди:

- Қирғизистондан Ўзбекистонга олтин буюмлар олиб ўтадиган бир неча ўзбек аëлнинг ҳар иккала чегарада зўрлангани ҳақида маълумотим бор. Бу аëлнинг эри, бола-чақалари борлигини андиша қилиб исмини айтмайман. Лекин айтадиганим шуки, чегарадаги жинсий тажовуз системага айланиб бўлди. Аëллар аввалига мажбурланади. Қамайман, жарима қиламан, молингни мусодара қиламан деб қўрқитилади. Шу тариқа савдогар аëллар бунга ўрганиб қолади. Баъзи аëллар эса божхоначиларга ўз танасини ўзи таклиф қилади. Чегарадаги аскарлар, МХХ ҳодимлари ва санитария хизмати нозирлари бирлашиб кунора айш-ишратга тўлиқ оргиялар қилишади, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қозоғистон Божхона қўмитасининг “Жибек йўли” чегара пости бошлиғи Бархан Минбоевнинг Озодликка айтишича, аëлларнинг эркак мулозимлар тарафидан текширилиши мавжуд қонунларга мутлақо зиддир:

- Аëлни аëл, эркакни эркак текшириши лозим. Бу қатъий қоида. Билишимча, бундай қоида Ўзбекистон божгирларига ҳам тегишли. Божхона кодексига кўра йўловчини ечинтириб кўрикдан ўтказиш фавқуллода ҳолатларда, фақат бошлиқдан ëзма изн олиниб амалга оширилиши керак. Бундай ҳолатда фуқароларнинг инсоний қадр-қиммати ҳурмат қилиниши керак, дейди Қозоғистон Божхона қўмитасининг “Жибек йўли” чегара пости бошлиғи Бархан Минбоев Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG