Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:16

Хорижга ишга кетган коллеж ўқувчисига 1 миллион сўм жарима солиняпти


Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида коллеж ўқувчилари кўпчиликни ташкил этади.
Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида коллеж ўқувчилари кўпчиликни ташкил этади.
Сўнгги бир ой мобайнида Ўзбекистонда прокуратура, милиция, ҳокимият вакилларидан иборат гуруҳ хорижга ишлашга кетган коллеж ўқувчиларини қайтариш тадбирини ўтказмоқда. Чет элга кетган ўқувчиларнинг ота-оналари эса қарийб бир миллион сўм миқдорида жаримага тортилмоқда.


Хоразм вилоятидаги Ҳазорасп иқтисодиёт коллежининг 3-босқич ўқувчиси бўлган йигитнинг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, коллежни ташлаб Россияда ишлаётгани учун ота-онасига босим бўлаяпти.

“Ҳозирда мен Россияда ишлаяпман. Уйдан ойим телефон қилиб айтишича, уйимга коллеждан келиб: “Агар ўғлингиз 10 кун ичида коллежда бўлмаса, бир миллион сўм штраф тўлайсиз”, дейишган. Штраф тўлагандан кейин ҳам бормасам, бир ҳафта ичида ойимни ёки дадамни қамашларини айтишган. Жуда ёмон вазиятга тушиб қолдим”, дея хабар қилди хоразмлик ўқувчи.

Ҳазорасп иқтисодиёт коллежи раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан қилинган ҳамкорлик натижасида сўнгги бир ой мобайнида 10 ўқувчи Россиядан коллежга қайтарилган ва яна хорижда мардикорлик қилаётган 26 нафар ўқувчини қайтариш ҳаракати кетаяпти.

“Четга ишлашга кетган ўқувчиларни қайтариш учун маҳаллалар ва Ички ишлар билан бирга ишлаяпмиз. Коллеж ўқитувчилари маҳалла оқсоқоллари ва милиция ходимлари билан биргаликда ишлашга кетган ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашаяпти. Уларга боласини коллежга қайтармаса, жарима тўлаши ва ҳатто, жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкинлиги борасида огоҳлантираяпмиз. Ҳозир Россиядаги 26 ўқувчидан 10 нафари ота-онаси билан кетгани учун уларни қайтариш маҳаллаком ва милиция зиммасига юклатилган”, деди Ҳазорасп иқтисодиёт коллежининг исмини очиқламаётганимиз раҳбарларидан бири.

Хоразм вилоят ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, вилоятдаги деярли ҳар коллеждан ўнлаб ўқувчи хорижга ишлашга кетган ва ҳозирда уларни қайтариш тадбири кетаяпти.

Бошқарма мулозимларидан бирининг айтишича, ўқишни ташлаб хорижга ишлашга кетган фарзандини қайтармаган ота-оналар Ўзбекистон маъмурий-жавобгарлик кодексининг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жавобгарликка тортилаяпти.

Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 47-моддасида "Энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солиш" жазоси кўзда тутилган.

Бугунги кунда мамлакатда энг кам иш ҳақи 96105 сўм бўлиб, унинг ўн баробари 961 минг 50 сўмни ташкил қилади.

Хоразм вилоят ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси мулозими қанча ўқувчининг ота-онаси жаримага тортилганини очиқламади.

Шу кунларда нафақат Хоразмда балки бутун мамлакат бўйлаб хорижга ишлашга кетган коллеж ўқувчиларини қайтариш ҳаракати давом этаяпти.

Самарқанд вилоят ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда вилоят коллежларининг жами 1 минг 801 нафар ўқувчиси хорижда мардикорлик қилаяпти.

“Ўқувчиларни ўқишга қайтариш учун ҳокимлик ва прокуратура ходимлари билан бирга ишлаяпмиз. 47-модда бўйича қўлланма қилинган. Мардикорликка кетган ўқувчи вояга етган бўлса, ўзига штраф солаяпмиз. Вояга етмаган бўлса, ота-онасига штраф солаяпмиз. Сўнгги бир ой ичида 80дан зиёд ўқувчининг ота-онаси жаримага тортилди”, деди бошқарманинг исмини очиқламаётганимиз мулозими.

Унинг айтишича, ҳозирча жарима жазосининг ўзи биланоқ ўқувчиларни коллежга қайтаришга эришилаяпти, ҳали жиноий жавобгарликка тортиш ҳоллари кузатилмаган.

Мулозим хорижга ишлашга кетган ўқувчининг ота-онаси қайси модда бўйича жиноий жавобгарликка тортилишини очиқламади.
XS
SM
MD
LG