Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:03

Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистон пахтачилигини молияламаслик талабини рад этди


Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистон пахта секторидаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ хавотирларга қарамай "Аму-Бухоро" ирригация тизимини такомиллаштириш лойиҳасидаги иштирокини давом эттиришини билдирди. Ўтган ҳафтада мажбурий меҳнатга қарши курашаётган халқаро ташкилотлар банк раҳбариятидан Ўзбекистон пахта саноатини молиялаштиришни тўхтатишни сўраган эди.


Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) ташқи алоқалар бўлими раҳбари Шон Кроули Озодлик саволларга ёзма жавоб йўллади.

Ушбу мактубда: “Осиё тараққиёт банки мажбурий меҳнат борасида билдирилаётган хавотирларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистонда сув таъминотини яхшилаш, аҳолини ичимлик суви ва озиқ-овқат хавсизлиги билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни давом эттиради", деб таъкидлади Шон Кроули.

Ўзбекистонда болалар ва катталар мажбурий меҳнатига қарши курашувчи халқаро ташкилотларни бирлаштирган "Глобал коалиция" ўтган ҳафта Осиё Тараққиёт банки раҳбарини Ўзбекистонд пахта саноатини қўллаб-қувватловчи лойиҳаларни тўхтатишга чақирган эди.

“Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистон ҳукумати болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан воз кечиш мажбуриятини олмагунча, Ўзбекистондаги "Аму-Бухоро" ирригация тизимини модернизация қилиш ва такомиллаштириш лойиҳасини тўхтатиши керак”, дейилади 38 нафар инсон ҳуқуқлари фаоли, бизнес, сармоя ва диний ташкилотни бирлаштирадиган тузилма мактубида.

Мактуб қароргоҳи Манилада жойлашган ОТБ президенти Такеҳико Накао номига йўлланди.

Осиё Тараққиёт банки ўтган йили Навоий ва Бухоро вилоятларида сув таъминотини яхшилашга қаратилган "Аму-Бухоро" лойиҳаси учун Ўзбекистонга 220 миллион долларлик микрокредит ажратишини маълум қилган.

Ўзбекистон ҳукумати кредит маблағларини Бухорода тўртта насос станциясини модернизациялаш ва яна битта станция қуришга йўналтиришни режалаган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Осиё Тараққиёт банки раҳбарига йўллаган хатида Ўзбекистон ўзининг қишлоқ хўжалик секторида болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан воз кечмагунича бу лойиҳани молиялашни тўхтатиб туришни банкдан сўрамоқда.

Мактубни имзолаган Инсон ҳуқуқлари учун Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова бу ҳақда шундай дейди:

- Бу лойиҳа пахтачилик саноати билан боғлиқ лойиҳадир, Ўзбекистондаги пахтачиликда эса юз минглаб ёшу-қари мажбурий меҳнатга жалб қилинади. Осиё Тараққиёт банки инсон ҳуқуқларини бузувчи секторга ҳомийлик қилиш ўрнига, Ўзбекистон ҳукуматидан мажбурий меҳнатни тўхтатишни талаб қилиши керак, - дейди фаол.

"Глобал коалиция" мактубида 2013 йилги пахта мавсумида ҳам Ўзбекистон ҳукумати 15 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва катталарни систематик тарзда пахта теришга мажбурлагани қайд этилади.

Ўтган йилги пахта терими мавсумида Ўзбекистонда жами 1 миллион одам мажбурий меҳнатга мажбурлангани ва пахта далаларида камида 11 одам ўлгани билдирилган.

"Ўтган йилги пахта мавсумини мониторинг қилган Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳам Ўзбекистон пахта секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш давом этаётганидан ташвиш билдирди", дейилади баёнотда.
XS
SM
MD
LG