Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:18

Институтга кириш имкониятини олдиндан текшириш мумкин


Ўзбекистон олий ўқув юртларига ўқишга кирмоқчи бўлган ҳар бир абитуриент ўз билим даражасини аниқлаш учун синов тариқасида олдиндан тест топишириб кўриш имконига эга бўлди.

Ўзбекистон Давлат тест маркази олийгоҳга ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлар ўз билимларини синаб кўришлари учун диагностика тизимини йўлга қўйди.

Ўзбекистон Давлат тест маркази раҳбари Баҳром Исмоиловнинг айтишича, ушбу тизим абитуриентлар учун нафақат билимини синаб кўриш, балки тест синовлари қандай бўлиши ҳақида кўникма ҳосил қилишлари учун ҳам фойдалидир.

- Пробный тест бу. Ўзининг билимини синаб кўриш учун абитуриентга тест саволлари беради. Бундан ташқари абитуриент 1 августда бўладиган расмий тест синови қандай бўлиши, тест китоб-варақаларини қандай тўлдириш бўйича ҳам кўникма ҳосил қилади, - дейди Ўзбекистон Давлат тест маркази раҳбари Исмоилов.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларга кириш учун ҳар йили ярим миллионга яқин абитуриентдан ариза қабул қилиб олинади.

Ҳар бир абитуриент 1 август куни ўзи танлаган таълим йўналишига қараб икки ёки учта фан мажмуалари бўйича тест синовларидан ўтади.

Эндиликда абитуриентлар 1 августгача синов тариқасида олдиндан тест топшириб, билимларини синаб кўришлари мумкин. Бунинг учун улар Давлат тест марказига 9610 сўм тўлаб, буюртма бериши керак бўлади.

ДТМ расмийларидан бири Бойсун Назаровнинг Озодликка айтишича, синов тестидан муваффақиятли ўтиш абитуриентга расмий тестдан ҳам ўтиш ва ўқишга кириш кафолатини бермайди.

- 1 августда бўладиган тест имтихонларида тушиши мумкин саволлар китоби берилади. Учта блок, 108та савол бўйича билимини синаб кўради. Бунинг учун 9610 сўм тўлаши керак бўлади. Лекин, синов тестидан ўтса, расмий тестдан ҳам ўтади дегани эмас бу. Абитуриентни ўзи учун, имтиҳон қандай ўтказилиши ҳақида бир тасаввур ҳосил қилиши учун бу фойдали. Бир ҳил абитуриентлар бор, 1 август куни боради, саволлар варақасини хато тўлдириб, бузиб қўяди, ўшандан кейин натижа чиқмай қолади. Қисқаси, бундан мақсад нафақат абитуриентлар билимини синаш, уларни 1 августга тайёрлаш, - дейди Давлат тест маркази расмийси Назаров.

Бу йил Тошкент Ирригация ва мелиорация институтига кирмоқчи бўлган сирдарёлик Ойбек синов тариқасида олдиндан тест топишириб, ўз билим даражасини аниқлаб кўриш ниятида.

- Синаб кўрамиз ўзимизни билим даражамизни. Текшириб кўришимиз мумкин, лекин барибир расмиятчилик қилиб қўйишади-да улар. Номига қилишади. Фойдаси бўлиши мумкин, лекин барибир ишламайди. Ҳозир мен ўзимни тест қилиб кўрсам, ўқишга кира олишим аниқ бўлса, мен ўзимга ишонаман. Лекин расмий имтиҳонда барибир пул бериб қўйганлар кириб кетади-да, - дейди Ойбек.

Ўзбекистонда маориф тизими энг коррупциялашган соҳалардан бири экани айтилади.

Кузатувчиларга кўра, ҳар йили 1 августда ўтадиган тест синовларида сохтакорлик ва қаллобликлар олдини олиш учун минглаб милиция ва хавфсизлик хизмати ходими жалб этилишига қарамай Ўзбекистон ҳукумати тест синовларининг адолатли ўтказилишининг уддасидан чиқа олмаяпти.
XS
SM
MD
LG