Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:05

Қирғизистонда диний вазият мураккаб


Қирғизистон Мудофаа кенгаши 3 февралда ўтган йиғинида мана шундай қарор чиқарди. Намозхон эканини айтиб келадиган президент Атамбаев эса кенгашда диний вазият мураккаблиги ҳал этилмаса қирғиз давлатчилигини йўқотиб олиш хавфи мавжудлигини таъкидлади.

Қирғизистон Мудофаа кенгаши дин йўналишидаги бугунги давлат сиёсати дунёвий ва демократик давлат талабларига жавоб бермайди, деган хулосага келди. Йиғинда таъкидланишича, Қирғизистонда айрим диний ташкилотларнинг ўз ақидаларини даъват этиши оқибатида зиддият ва низоларга сабаб бўлувчи вазиятларни пайдо қилиши мумкин.

Президент Атамбаевнинг фикрича, айрим диний оқимлар қирғиз маданияти ва қирғиз эли келажагига таҳдид солмоқда.

-“Чала мулла дин бузар” деганларидек, айрим мусулмонсифатлар ислом дини билан Араб, Бангладеш, Покистон маданиятини чатиштириб, халқимиз маданиятини бузаяпти. Қадимий қирғиз халқига ёт маданият, урф-одатларни таклиф қилаяпти. Кўчаларимизда соқолларини осилтириб, шаравор кийганлар кўпайиб кетди, -деди Атамбаев.

Президент фикрича, қирғизлар мусулмон экани билан бир қаторда қирғиз эканликларини ҳам унутмасликлари шарт. Агар бу вазият ўзгармаса “давлатимизни ва қирғиз халқини йўқотиб қўямиз", деб ҳисоблайди президент

-Айрим мусулмон давлатларида сиёсатчилар диндан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, динни қурол қилиб олган. Динчилар сиёсатга аралашганида давлат нима бўлишини Афғонистон, Ироқ, Миср, Сурия мисолида кўрсак бўлади. Қирғизистонда ҳам айрим сиёсатчилар айрим дин уламолари билан бирга динни сиёсатга аралаштирмоқчи бўлишаяпти. Бу салбий кўриниш. Бундай сиёсий ўфинларга чек қўйишимиз керак, -деди президент.

Мудофаа кенгашида чиқиш қилган айрим экспертлар Қирғизистонда диний вазиятни енгиллаштириш учун ханафий мазҳабини тарғиб ва ташвиқ қилиш, бу мазғаб вакилларини қўллаб-қувватлаш зарур деган фикрларни билдирдилар.

-Бизнинг ханафий мазҳабимиз экстремизм ва террорчиликка йўл бермайди. Бу ўта толерантли мазҳаб. Шунинг учун ханафий мазҳабини қўллаб-қувватлаш орқали экстремистик кайфиятларни ва бошқа оқимларни йўқ қилдишимиз мумкин, -деди эксперт Ўрўзбек Молдалиев.

Қирғизистон муфтийси вазифасини вақтинча бажарувчи Мақсатбек ҳожи Токтомушев ҳам экспертларнинг бу фикрларига қўшилишини билдирди. Муфтийнинг айтишича, Қирғизистонда ханафий мазҳабидан бошқа оқимларга тўсиқ қўядиган пайт етиб келган.

Шу муносабат билан Қирғизистонда 2020 йилгача мўлжалланган диний концепция ишлаб чиқиладиган бўлди. Бироқ бу концепциянинг амалга оширилиши ортидан диндорларнинг ҳуқуқлари қандай аҳволга тушади деган савол ҳозирча очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG