Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:05

Владимирдаги портлашда 5 ўзбекистонлик нобуд бўлди


Россиянинг Владимир вилоятидаги кимё корхоналаридан бирида содир бўлган портлаш ва ундан келиб чиққан ёнғин оқибатида 5 киши куйиб ўлди, 3 киши оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилди. Ўзбеклар диаспораси вакиллари пропан баллони портлаши натижасида қурбон бўлган ва яраланган муҳожирларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси эканини айтмоқда.

Россиянинг Владимир вилоятидаги кимё корхоналаридан бирида содир бўлган портлаш ва ундан келиб чиққан ёнғин оқибатида 5 киши куйиб ўлди, 3 киши оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилди. Ўзбеклар диаспораси вакиллари пропан баллони портлаши натижасида қурбон бўлган ва яраланган муҳожирларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароси эканини айтмоқда.


2 февраль куни кечки соат 10 атрофида Владимир вилояти Ковров тумани Мелехово қишлоғидаги “Россельхозхимия” корхонаси ҳудудида пропан газ баллони портлаши натижасида юз берган ёнғинда икки қаватли бино қулаб тушди.

Маҳаллий Фавқулодда вазиятлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, ёнғин бир соат ичида ўчирилган.

- Соат 10:24да ёнғин тўғрисида хабар олдик. Иккита табиий газ баллони портлаган пайтда бинода одамлар бўлгани аниқланди. Бузилган бино ичкарисидан ходимларимиз 5 ишчининг мурдасини олиб чиқди, жароҳат олган яна уч киши Ковров шаҳар марказий шифохонасига юборилди, деди Владимир вилояти бўйича Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмийси Екатерина Шувалова Озодликка.

Екатерина Шувалова таниб бўлмас ҳолатгача куйган ва жароҳатланган ишчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эканини тасдиқлади.

Фожеа тафсилотларини ўрганаётган ва нобуд бўлган, жароҳатланган мардикорларга моддий ёрдам кўрсатишга киришган Владимир шаҳридаги “Дўстлик” Ўзбеклар жамияти вакиллари Озодликка батафсил маълумот берди.



Ўзбеклар диаспораси раиси ўринбосари Тўхтасин Дайдиев портлаш оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш оқибатида содир бўлган, дейди.

- Ҳаммаси ўзбеклар экан. Кечқурун биттаси туалетга чиққан, қолганлар газ плитада овқат қилган бўлса керак, тушликка тайёрланган. Шунда портлаш содир бўлибди. Тўрт киши жойида ўлган, иккитаси болнисада оғир аҳволда. Ҳозир бизга информация келди – болнисада ётган яна биттаси ўлибди. Жами 8 киши бўлган. Ўлганларнинг аксари Хоразминг Боғот туманидан ва икки киши Навоийдан. Ўзбеклар жамияти томонидан уларга моддий ёрдам йиғиш бошланди. Бу ерда уларнинг дўстлари, мусулмон жамоаси, қолаверса корхона ёрдамида “груз 200”ни жўнатишга тайёрланаяпмиз, деди ҳозирча тергов кетаётганини Озодликка гапириб берган Владимир шаҳри ўзбеклар жамияти раҳбари Тўхтасин Дайдиев.



Маълум бўлишича, Ковров шаҳар шифохонасида қолаётган ўзбеклардан бири Ўзбекистондан 2014 йилнинг 1 февраль куни келган ва эндигина ишга чиққан.

Владимир вилояти бўйича Тергов қўмитасида Озодлик сўровига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 109 моддаси 3 қисми асосида (эҳтиётсизликдан икки ва ундан ортиқ шахсга ўлим келтириш) жиноий иш очилганини билдиришди.

Жароҳат олган ва қурбон бўлган Ўзбекистон фуқаролари портлаб кетган бинода қурилиш ишларини олиб боргани маълум бўлди. “Россельхозхимия” ширкати бу бинода автомобил ойналари музлашига қарши кимёвий суюқлик ишлаб чиқаргани айтилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбек муҳожирларининг Россияда қонуний асосда яшаган ёки яшамаганини ҳам текширмоқда. Мелехово қишлоғидаги ҳодиса жойида тафтиш ишлари давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG