Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:01

Жиноят иши амнистия туфайли тўхтатилган стадион директори ўз жонига қасд қилди


Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги “Навбаҳор” стадионининг директори Амриддин Сайдалиев 28 январь куни ўз жонига қасд қилди.

Ўз уйининг сомонхонасида осилган ҳолда топилган 46 ёшли Амриддин Сайдалиев илгари футболчи бўлган ва ўйинларга ҳакамлик ҳам қилган.

Марҳумни яқин билган манбага кўра, ўтган йили Амриддин молиявий жиноят содир этганликда гумон қилиниб, тергов қилинган ва Янги йил арафасида амнистия бўйича жавобгарликдан озод қилинган эди.


Маълум бўлишича 46 ёшли Амриддин Сайдалиев 28 январь куни кечқурун ўзини осган.

Бу ҳақда Озодликка 5 февраль куни хабар берган касбилик манба хабар қилди.

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда Амриддин Сайдалиевнинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлади:

- Амриддин Сайдалиев Касби туманининг Қоратепа қишлоғида яшаган. Ўзи “Навбаҳор” стадионининг директори бўлиб ишлаган. 28 январь куни ўз уйининг сомонхонасида осилган ҳолда топилган. Бу ҳақда милицияга унинг яқинлари хабар берган, деди ички ишлар мулозими.

Унинг айтишича, Амриддин Сайдалиевнинг ўлими юзасидан Касби тумани прокуратураси жиноят иши очган ва суриштирув олиб бормоқда.

Касби тумани прокуратурасидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Исми сир қолишини сўраган касбилик тадбиркорлардан бирининг айтишича, “Навбаҳор” стадиони директори бўлиб ишлаган Амриддин Сайдалиев устидан жиноят иши 2013 йилда очилган эди:

- Мен Амриддин билан бу ҳақда гаплашган эдим. “Кимдир мени устимдан ёзиб берибди, шунга прокуратура чақириб, сўроқ қилавериб эзиб юборди”, деган эди у. Янги йил арафасида кўрганимда эса хурсанд эди. “Амнистия бўлиб оқланиб чиқдим”, деган эди. Биз ҳаммамиз ҳайрон қоляпмиз, нега бундай қилганини, деди Амриддин Сайдалиевни яқиндан билган тадбиркорлардан бири.

Озодликнинг Касбидаги манбасига кўра, маҳаллий аҳоли Амриддин Сайдалиевнинг ўз жонига қасд қилишига унинг устидан қўзғатилган жиноят иши сабаб бўлганини тахмин қилмоқда:

“Амриддин Сайдалиев Касбидаги катта стадионнинг эгаси эди. Унинг устидан жиноят иши очиб, роса сўроқ қилишди. Прокуратура қийноқларидан кейин ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган, дейишяпти. Марҳум яхши одам эди”, деб ёзди касбилик Озодлик манбаси.

Ўтган йилда ҳуқуқ-тартибот идораларининг, маҳаллий ҳокимлик вакилларининг босим ва тазйиқлари ортидан бир қанча фермер ўз жонига қасд қилган эди.

18 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилган эди.

Манбаларга кўра, фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилган.

2013 йилнинг июл ойи охирида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов йиғилишда туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтакланганидан сўнг уйига келиб ўзини осган эди.

Ўтган йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак хуружидан вафот этган эди.
XS
SM
MD
LG