Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:13

Бишкеклик врачлар ўзбекистонлик йигитнинг жинсини ўзгартирди


Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Миллий госпиталь врачлари одам жинсини ўзгартириш бўйича мамлакат тарихида илк жарроҳлик амалиётини ўтказгани маълум бўлди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Миллий госпиталдан олган маълумотларига қараганда, бу соҳадаги дастлабки амалиёт чоғида ўзбекистонлик 25 яшар йигит аёлга айлантирилган.


Қирғизистон Миллий госпитали врачи, уролог Зуфар Ҳакимхўжаевнинг радиомиз мухбирига билдиришича, тошкентлик йигитни аёлга айлантириш амалиёти 2013 йилнинг октябрида ўтказилган.

Амалиётда шахсан қатнашган урологнинг айтишича, собиқ йигит ва эндиликда аёл ўз Ватани – Ўзбекистонда паспортини ўзгартиришга ҳам эришибди.

- Бундан икки ҳафта олдин Бишкекка навбатдаги тиббий кўрикдан ўтиш учун келиб-кетди. Ўзбекистонда паспорт ҳам олибди. Исм-фамилиясини аёлники қилиб ўзгартирибди. Кўринишидан бошқа аёллардан мутлақо фарқи йўқ. Қулоқларига сирға тақибди, узун кўйлак кийибди. Ҳаётидан рози, деди Зуфар Ҳакимхўжаев.

Доктор ўз пациентининг на аввалги, на ҳозирги исмини айтди – ҳам тиббиёт сири, ҳам пациентнинг рухсати йўқ.

Жинсни ўзгартириш амалиётини Қирғизистон Миллий госпитали бош урологи Ақилбек Усупбаев ўтказган. Унинг айтишича, амалиёт муваффақиятли ўтган ва ҳозирча унинг оқибатлари салбий эканлигига ишора қилувчи аломатлар қайд этилган эмас.

Миллий госпиталь врачларига кўра, тошкентлик йигит тиббий ёрдам излаб Бишкекка келишини Ватанида ўз муаммосини ҳал қилиш имконсизлиги билан изоҳлаган.

Маълум бўлишича, жинсини ўзгартириш ниятида бўлганлар Қирғизистоннинг ўзида ҳам йўқ эмас. Худди шу масалада маслаҳат сўраб врачларга мурожаат қилган қирғизистонлик йигитлар сони 10 нафарга етган. Лекин улардан биронтаси ҳам жарроҳлик столига ётишга қарор беролганича йўқ.

Одам жинсини ўзгартириш амалиёти Қирғизистонда пулликдир. Бундай амалиётлар учун давлат бюджетидан маблағ ажратиш кўзда тутилмаган ва шунинг учун амалиёт сарф-ҳаражатлари тўлалигича бемор зиммасига тушади.

Врачларга кўра, амалиёт ва амалиётдан кейинги тиббий назорат 3 ҳафтага чўзилади ва шундан кейин пациент вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиб туради.

Шу пайтгача бир неча қирғизистонликнинг жинсини алмаштиргани ёки шунга жазм этгани қайд этилган. Азаттиқ мухбирига кўра, Бакрас тахаллуси билан танилган қўшиқчи 2009 йили чет элда жинсини ўзгартириб, аёлга айланганини эълон қилган.

Ўш ва Жалолобод вилоятларидан 2 қиз 2012 йили жинсини ўзгартириш учун Россияга жўнаб кетгани маълум. Улардан бири – сурати қиз, сийрати эркак - ўзининг жамиятдаги аҳволидан зорланар экан, бундай деган:

- Эл-юртда бизга ўхшаганларга терс муносабат шаклланган. Шунинг учун бирон бир яқинимга ёрилган эмасман. Аҳволимдан ўкинмайман ҳам. Худо раво кўрган тақдир билан яшайвераман. Эркакка айланиш учун Россияга кетаяпман. Қайтиш ниятим йўқ.

Озодлик радиоси 2013 нинг декабрида ҳам эрлик, ҳам аёллик жинсий белгилари билан туғилган 42 яшар ангренликнинг оғир тақдири тўғрисида ҳикоя қилган эди.

Маълумотларга қараганда, Бишкекда жинсини ўзгартирган тошкентлик 25 яшар йигит ангренликдай гермафродит эмас, у транссексуалдир. Бундайлар жисман эркак (ёки аёл) бўлади, лекин руҳан ўзларини аёл (ёки эркак) деб билади.

Бишкеклик врачларга кўра, жинсини ўзгартирмоқчи бўлганлар орасида эркаклар кўпроқ ва бу уларни аёлга айлантириш осонроқ эканлиги билан изоҳланади.

Википедияга кўра, жинсни ўзгартириш бўйича дунёдаги энг биринчи амалиёт 1931 йили ўтказилган.

Шуниси қизиқки, жинсни ўзгартириш амалиётлари Эронда кенг ёйилган. ББС радиосининг 2012 йил майидаги хабарида айтилишича, жинсни ўзгартириш амалиётларига Эрон Ислом республикаси раҳбари Оятуллоҳ Хомейний 1980 йили махсус фармон билан рухсат берган.

Шу кунда Эрондаги суғурта ширкатлари жинсни ўзгартириш амалиётидан ўтган беморлар сарф-ҳаражатларини тўлиқ қоплайди.

Маълумотларга қараганда, мазкур амалиёт нархи 10 минг доллардан 40 минг долларгачадир.
XS
SM
MD
LG