Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:30

Эндрю Штролайн: Каримовнинг Прагага таклиф этилиши абсурд!


21-23 кунлари Ислом Каримовнинг Чехия пойтахти Прагага келиши кутилмоқда. Шу муносабат билан ҳуқуқ фаоллари демократия ва инсон ҳақларига ҳурмат кўрсатиш борасида ëмонларнинг ëмони деб баҳоланиб келаëтган Ўзбекистон президентининг ўзини демократик деб атаëтган ЕИ ҳукуматлари томонидан меҳмонга чақирилишига эътироз билдирмоқдалар.


4 февраль куни Прага шаҳри ҳокими Томаш Худачек Киевда намойишчиларга нисбатан куч қўлланишига масъул бўлган Украина президенти Виктор Януковичнинг Прагада нон-туз билан кутиб олинишига эътироз билдирган эди:

- Янукович самолётининг демократия рамзига айланган Вацлав Ҳавел номи билан аталувчи Прага аэропортига қўниши абусрд, дея баëнот берди Худачек.

Айни пайтда Прага ҳокими ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан Андижонда ўз халқини қатли ом қилганликда айбланиб¸ Европа Иттифоқи санкцияларига нишон бўлган Ислом Каримов ва Тошкент бошқа расмийларининг айни шу Ҳавел номидаги аэропортда давлат меҳмони сифатида қарши олинишига эътироз билдирмади.

"Аслида Андижонда 2005 йилги тинч намойишнинг қонли бостирилишига масъул Ўзбекистон раҳбари самолётининг Вацлав Ҳавел аэропортига қўниши абсурд", дейди Ҳьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти тадқиқотчиси Эндрю Штролайн.

- Минглаб сиёсий маҳбусларни қамоқда ушлаб ўтирган Каримов учоғининг Вацлав Ҳавел аэропортига қўниши ¸аслида абсурд. Демократия учун курашган Ҳавел ҳам сиёсий маҳбус эди. Каримовнинг давлат ташрифи Чехиянинг халқаро майдондаги обрўсига зиён етказади, дейди Штролайн.

Ҳьюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида 30 дан ортиқ журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоллари азоб чекмоқда. Шунингдек, диний сабабларга кўра қамалган маҳбуслар сонининг ўн мингдан ошгани айтилади.

Ўтган ҳафтада ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари сўнгги 10 йил ичида илк бор Ўзбекистон қамоқхонасидаги тўртта сиёсий маҳбус билан учрашишга муваффақ бўлдилар.

-Ўзбекистон ҳукумати қилиши керак бўлган нарса Халқаро Қизил Хоч ташкилоти гуруҳини қамоқхоналарга қўйишдир. Ҳозир ушбу ташкилот мутахассисларига маҳбуслар билан учрашишга рухсат берилмаяпти. Қамоқхонага ташрифларга Халқаро Қизил Хоч ташкилоти талаблари асосида руХсат берилиши керак, дейди Штролайн.

Хорижда яшовчи бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари Каримовнинг Прагага ташрифи куни Чехия президенти қароргоҳи қаршисида норозилик намойиши ўтказишни режаламоқдалар.

-Ҳозир биз Чехия президенти маъмуриятидан инсон ҳуқуқлари фаолларини президент Милош Земан шахсан қабул қилиши ва Каримов билан мулоқот чоғида улар кўтарган муаммоларни кўндаланг қўйишни талаб этаяпмиз, дейди Эндрю Штролайн.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Прагага сафари 21-23 феврал кунларига белгиланган.

- Чехия ва Ўзбекистон ўртасида катта бизнес алоқалари йўқ. Шунинг учун Каримовнинг Прагага келишида бир маъно кўринмаяпти. Президент матбуот котиби ўзбек талабаларини Чехияда ўқитиш масаласи кўриб чиқлишини айтимоқда. Лекин, президент келсин-келмасин талабалар шундоқ ҳам ўқимоқда. Вацлав Клаус 2004 йилда Тошкентга борганида Каримовни Прагага чақириб қўйган экан, деган гапларни ҳам айтишмоқда. Лекин, ўртада Андижонда мудҳиш ҳодисалар рўй берди. Ўзбекистонда инсон ҳақлари соҳасида заррача бўлсин яхшиланишга эришилмаган бир пайтда¸ Каримовнинг Чехияга давлат ташрифи билан таклиф этилишини ҳеч бир йўл билан оқлаб бўлмайди, дейди Эндрю Штролайн.

Чехия президенти Милош Земан ўтган йил бошида президентлик курсисини эгаллар экан¸ ўз мамлакати ишбилармонларига иқтисодий дипломатия билан фаол шуғулланишини ваъда қилган эди.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Чехия ўртасида умумий савдо айланмаси 87 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ўзбекистон Чехиядан трамвай, троллейбус сотиб олади. Ўтган йили Ўзбекистон Чехиядан Skoda компаниясининг умумий қиймати 3,534 миллион еврога тенг бўлган тўққизта янги троллейбусини сотиб олган эди.

Айни пайтда¸ Чехия ўзбек пахтасининг Европадаги асосий харидорларидан бири ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG