Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:58

Қўқонлик талабалар домлалар порахўр эканлигини иддао қилмоқда


Қўқонлик талабалар домлаларининг порахўр бўлиб кетганидан шикоят қиладилар.
Қўқонлик талабалар домлаларининг порахўр бўлиб кетганидан шикоят қиладилар.

Қўқон Давлат педагогика институтининг Табииёт ва география факультети талабалари порахўрлик авж олганидан шикоят қилмоқда. Бу ҳақда Озодликка мактуб ёзган бир гуруҳ талабаларга кўра, дарсларда умуман қатнашмаган талабалар пора бериб сессияни ёпмоқда, факультет декани эса дарсни қолдирган талабалардан пул талаб қиляпти. Бироқ, Озодлик билан суҳбатда факультет декани талабалар иддаоларини инкор қилди.


Қўқон Давлат педагогика институтининг Табииёт ва география факультети талабалари Озодликка ёзган мактубида факультетда порахўрлик авж олаётганидан шикоят қилган:

“Факультетда бўлаётган ишларга очиқ кўз билан қараш қийин бўлиб қолди. Ўтган йилда декан бўлиб тайинланган Ваҳобжон Хўжаев порахўрликни авж олдираяпти. Журналда исми бор, лекин дарсларда умуман кўринмайдиган болалар пул билан сессияни ёпиб кетяпти. Декан дарсларни қолдирган талабалардан ҳам катта миқдорда пул ундиряпти. Бизнинг билишимизча факультетда дарсларни бесабаб қолдирган 100 нафарга яқин талаба, пора эвазига ҳайдалмасдан ўқишда қолган. Ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам бир хил бўлиб қоляпти. Бу адолатсизликка барҳам беришда ёрдам беринг”, деб ёзади бир гуруҳ талабалар.

Озодлик мухбири мактуб номи тилган олинган институт талабалари ва расмийлари билан боғланди. Озодлик хавфсизлик нуқтаи назаридан талабаларнинг исм-шарифларини ошкор этмайди.

Табииёт ва география факультетининг биология йўналиши бўйича ўқиётган талаба баъзи курсдошлари дарсларда умуман кўринмаса-да, имтиҳонларни аъло баҳоларга “топшираётганини” айтади:

- Бизнинг курсимизда ўзи эмас, пули ўқийдиган талабалар бор. Уларнинг фамилияси журналда борлигини биламиз. Баҳосини, стипендиясини олади, давоматда доим бор деб қайд этилади. Масалан, Нодир, Жаҳонгир, Саидхўжа деган талабалар умуман дарсларда кўринмайди. Улар ҳатто имтиҳонларга ҳам келмайди, лекин курсдан курсга ўтаверади. Шулардан биттаси, яъни баъзан кўришиб турадиган курсдошимнинг айтишича, у факультет декани Ваҳобжон Хўжаевга ҳар ярим йилда дарсларга келмагани учун 600 доллар, имтиҳонлар учун 200 доллар берар экан, дейди талаба.

Унинг айтишича, факультет декани дарсларни сабабли қолдирган талабалардан ҳам пул ундиради:

- Бир курсдошимиз сентябрь ойида фарзандли бўлгани учун 90 соат дарс қолдирган эди. Уни ҳам декан чақириб 200 минг сўм бермаса ўқишдан ҳайдалишини айтибди. Уйидагилари қўрққанидан бу пулни беришибди. Бизнинг аниқлашимизча, дарсларни қолдирган 100га яқин талабалар пул бериб ҳайдалишдан қутулиб қолган, дейди талаба.

Табииёт ва география факультетида ўқийдиган бошқа бир талаба ҳам, факультет деканининг талабаларни қўрқитиб пора олишидан шикоят қилди:

- Бир курсдош дўстим касал бўлиб, 72 соат дарс қолдирди. У туман касалхонасида ётганлиги ҳақида справка келтирди. Лекин декан, “бу бўлмайди, бориб ўзимизни поликлиникадан справка олиб кел”, деди. У бу ҳужжатни ҳам олиб келди. Лекин декан ўшани ҳам тан олмади ва 200 минг сўм бермасанг ўқишдан ҳайдаласан, деди. Курсдошим мажбур бўлиб пулни берди. Декан бундан жуда бойиб кетган. Ҳар куни ҳар хил мошинада келади. Ҳеч кимни менсимай қўйган, ўзини шоҳ деб билади, дейди талаба.

Унинг айтишича, факультетда пора бермасдан яхши баҳо олишнинг имкони бўлмай қолган:

- Кимё кафедраси мудири талабалардан “3” баҳо учун 100 минг сўм, “4” баҳо учун 150 минг сўмдан пул йиғяпти. Бу супер ставка. Биология ўқитувчимиз эса “3” баҳо учун 100 кўкидан сўраяпти, 50га ҳам кўнмади. Биз асосан биология йўналишида ўқиётган талабалар хусусида шундай маълумотга эгамиз, аслида порахўр домлалар жуда кўп, дейди талабалардан бири.

Талабалар факультет декани Ваҳобжон Хўжаев илгари порахўрликда айбланиб судланган бўлса ҳам, бугун раҳбарлик лавозимида ишлаётганини ҳам иддао қилди.

Озодлик талабаларнинг бу ва бошқа иддаоларига жавоб олиш мақсадида, Қўқон Давлат педагогика институти Табииёт ва география факультети декани Ваҳобжон Хўжаев билан боғланди. Деканнинг Озодликка айтишича, талабаларнинг иддаосида асос йўқ:

- Йўқ, йўқ, бу нотўғри гап. Энди дарсларга кам келадиган болалар бор, лекин бутунлай келмайдиган талабалар бизда йўқ. Мен факультетда давомат бўлишини таъминлашга ҳаракат қиляпман, пахтага нега чиқмадинг деб қаттиқ теккан бўлсам, шунақа гап-сўз қилишаётгандирда. Дарсга келмаганларнинг кўпчилигига ҳайфсан берганман, яна шундай қилса ҳайдалади. Талабалар ёзган исмлар ичида ана шундай ҳайфсан олганлар бор. Ҳеч кимдан бир сўм пора олганим йўқ, бу бари ёлғон, дейди Ваҳобжон Хўжаев.

Факультет декани унинг устидан илгари жиноят иши қўзғатилганини рад этмас экан, суддан оқланиб чиққанини айтади:

- Репетиторлик мактабим бор эди. Болаларни алдаб ўқитиб, пулини олади деб туҳмат қилишганди. Лекин мен оқланиб чиқдим ва ишимга қайта тикландим. Ҳозир ҳам репетиторлик қиламан, 50-60 бола ўқитаман, бир ойда беш миллион сўм топаман. Оилада битта ўғилман, отамдан тўртта мошин мерос қолган. Мен пулларимни ҳалол йўл билан топганман, дейди факультет декани Ваҳобжон Хўжаев.

Қўқон Давлат педагогика институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Ҳакимжон Хонбобоев Озодлик билан суҳбатда, талабалар иддаолари юзасидан текширув ўтказишини билдирди:

- Ваҳобжон Хўжаев декан вазифасини ижро этувчи бўлиб ишлаяптилар, ҳали вазирлик тасдиқлагани йўқ. Бугун шу факультетда бўлиб, талабалар билан гаплашган эдим. Ҳеч қандай муаммолар йўқ дейилди. Агар шунақа ҳолат бўлган бўлса, бу факт билан бир шуғулланиб, текшириб кўрамиз, дейди проректор Ҳакимжон Хонбобоев.
XS
SM
MD
LG