Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:13

Қишки олимпиадада ўзбекистонлик ишқибозлар етакчилар қаторида


Олимпиадада атиги уч ўзбекистонлик иштирок этаётган бўлса-да, ишқибозлар сони бўйича Ўзбекистон биринчилардан.
Олимпиадада атиги уч ўзбекистонлик иштирок этаётган бўлса-да, ишқибозлар сони бўйича Ўзбекистон биринчилардан.

Ўзбекистонликлар Сочи Қишки олимпиадасида қатнашаётган ўзбек спортчиларини Интернетда энг фаол қўллаётган ишқибозлар қаторидан ўрин олди. Сочи мусобақаларида Ўзбекистондан атиги уч спортчи қатнашаётган бўлса-да, ўзбекистонликлар ватандошлари учун зўр бериб ишқибозлик қилаётганини Қишки олимпиада расмий сайтида кўриш мумкин. 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинларига Ўзбекистон ҳукумати ҳам алоҳида эътибор қаратаётган кўринади. Давлатга қарашли “Ўзбекистон почтаси” ширкати олимпиадага бағишланган почта маркасини муаомалага чиқарди.


XXII Қишки Олимпия ўйинлари расмий сайтида ҳар бир миллий жамоани Интернет орқали қўллаб-қувватлай олиши учун махсус саҳифа ташкил қилинди. “Жамоангизни қўлланг”, деб номланган махсус саҳифада ўзбекистонликлар энг фаол ишқибозлар қаторида учинчи ўринда турибди.

Бу рейтингда Монголия биринчи, мезбон Россия эса иккинчи ўринда турибди.

Истаганлар www.sochi2014.com/podderzhi-stranu линки орқали кириб, натижаларни кўриши ва ўзи истаган жамоа учун овоз бериши мумкин.

2014 йилги Қишки Олимпия ўйинларида атиги уч ўзбекистонлик спортчи қатнашмоқда. Булар фигурали учиш бўйича жаҳон миқёсида анча танилиб қолган Михаил Ге ҳамда чанғичилар Ксения Григорьева ва Артём Вороновлардир.

Ўзбекистонлик спортчилар ҳали мусобақаларни бошламаган бўлса-да, Интернет орқали ўтказилаётган овоз беришда, бу материал тайёрланаётган пайтга қадар, ўзбекистонлик атлетларни 4700га яқин одам қўллаб-қувватлаган.

Улар орасида Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар кўпчиликни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Москвада тирикчилик қиладиган Шерзодбек ана шундайлардан бири. Бу суҳбадошимиз қишки олимпиадада ўзбекистонлик спортчилар камлигидан ачинишини ҳам айтади.

- Мен ҳам ишқибозлик қиламан. Албатта, ўзбекистонлик спортчиларга ён босамиз биз ҳам. Леикн ҳақиқий исм-фамилияси ўзбек спортчии олимпиадага қатнашганини эшитмадим шу пайтгача. Тайёргарлик жуда суст бизда, дейди Шерзодбек.

Сочи олимпиадаси очилиш маросимида Россия телеканалларидан бирининг бошловчиси Ўзбекистон жамоасини Тожикистон деб атагани кўпчилик ишқибозлар таъбини хира қилди. Тошкентлик Нигорахон ўша ҳодисадан кейин унинг оила аъзолари хафсаласи пир бўлиб, ўйинларни кўришга ҳам унчалик хафсала қилмаётганини айтади.

- Олимпиада очилишини қизиқиб кўрдик. Лекин Ўзбекистон спортчилари чиққан пайтда диктор “Тожикистон” деб эълон қилгани роса жаҳлимизни чиқарди. Кейин Интернетда унга қарши катта жанжал бўлибди, у кечирим сўрабди. Лекин мен унинг кечиримини қабул қилмаган бўлардим. Нима бўлса ҳам Ўзбекситон спортчиларига омад тилаймиз, энг биринчи ўринларни эгаллаб келишса, хурсанд бўламиз. “Тожикистон” деб айтгани учун ҳам биринчи ўринни эгаллаб келишса зўр бўларди, дейди Нигорахон.

Айни пайтда, Сочи олимпиадасига Ўзбекистон ҳукумати ҳам алоҳида эътибор қаратаётган кўринади. Давлатга қарашли “Ўзбекистон почтаси” ширкати олимпиадага бағишланган махсус почта маркасини эълон қилди. Ширкат расмий сайтида айтилишича, Сочи олимпиадасига бағишланган махсус марка 31 январь куни муомалага чиқарилган.

Маркада фигурали учиш билан шуғулланаётган йигит тасвири берилган. “Ўзбекистон почтаси” бундан аввалги Лондон, Пекин олимпиадалари ўтказилиши муносабати билан ҳам махсус маркалар туркумини эълон қилган эди.

Сочи олимпиадаси расмий сайтига кўра, Ўзбекистон жамоаси 4700га яқин овоз олган бўлса, Қозоғистон, 1200, Тожикистон 500, Қирғизистон 200дан ортиқроқ овоз тўплай олган холос. Ҳатто АҚШ ёки Канада каби етакчилик қилаётган жамоалар учун берилган овозлар ҳам 2000га етгани йўқ.
XS
SM
MD
LG