Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:07

Ҳуқуқ фаоллари Чехия президентига қайта мурожаат этишди


Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган 31та ташкилот Чехия президенти Милош Земанга мурожаат этиб, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 20-22 феврал кунларига белгиланган учрашувни бекор қилишга чақирди.

Мактубга имзо чекканлар орасида Чехиядаги касаба уюшмалар ва инвесторлар ҳам бор.

Бир кун аввал Чехия президенти ҳуқуқ фаолларининг мурожаатларига жавобан ёзган хатида уларни "иккиюзламачиликни камроқ қилиш"га чақирган эди.

“Биринчидан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни мени салафим чақирган ва дипломатик қоидаларга мувофиқ янги президент , яъни камина олдинги президент чақириб қўйган меҳмонни қабул қилиши керак. Лекин, негадир собиқ президент Вацлав Клаус Ўзбекистонга борганида бунга норозилик билдирилганини пайқаганимиз йўқ эди. Иккинчидан, Ислом Каримов яқинда Брюсселда Европа Иттифоқи раҳбарияти тарафидан қабул қилинди. Бунга ҳам норозилик бўлганини кузатмадик. Учинчидан, Қўшма Штатлар Ўзбекистонни исломий террорчиликка қарши курашда иттифоқчиси деб ҳисоблайди. Бунга ҳам эътироз билдирилганини сезмадик. Сизга бунақа мавзуларда кўпроқ ахборотга эга бўлишни ва мунофиқликни камроқ қилишни тилаб қоламан”, - деб ёзган президент Земан.

Каримовнинг Прага сафари 21-23 февралга белгиланган. Бу Ўзбекистон раҳбарининг Чехия Республикасига иккинчи ташрифидир.

Каримовнинг Прагага ташрифи пайти Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик, икки давлат ўртасидаги виза тартиби, ўзбекистонлик талабаларнинг Чехияда билим олишлари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG