Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:42

"Каримов билан учрашадиган чех вазирларининг муҳимроқ ишлари чиқиб қолди"


Ислом Каримов билан учрашиши керак бўлган Чехия бош вазири ва беш вазирнинг бирданига бошқа ишлари чиқиб қолди
Ислом Каримов билан учрашиши керак бўлган Чехия бош вазири ва беш вазирнинг бирданига бошқа ишлари чиқиб қолди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 20-22 февраль кунларига белгиланган Чехия Республикасига давлат ташрифи кечиктирилиши сабабларини Озодлик билан суҳбатда изоҳлаган Чехия президенти маслаҳатчиси Ҳинек Кмоничек мамлакат бош вазири ва яна беш вазирнинг бошқа муҳим ишлари чиқиб қолгани режаларни бузиб юборганини таъкидлади.




Ҳинек Кмоничек: Бунинг сабаблари Ўзбекистон томони юборган расмий нотада билдирилган. Бунга асосан ташриф дастурида ўзгаришлар рўй бергани сабаб қилиб кўрсатилган. Каримов сафари баҳорги таътил кунларига тўғри келгани боис музокараларда қатнашиши кутилган мулозимларининг ҳаммаси ҳам қатнаша олмаслиги маълум бўлди. Яъни дастурда Бош вазир (Боҳуслав Соботка) билан тушлик овқатини таклиф қила олмадик. Чунки бу мақомдаги ташрифда Чехия Бош вазири билан тушлик овқати берилиши керак, лекин, афсуски, бу куни Бош вазирнинг вақти йўқ бўлиб чиқди. Бундан ташқари¸ Ўзбекистон томони билан икки томонлама келишувларни имзолаши керак бўлган олти вазирдан беш нафарининг ҳам вақти йўқ бўлиб чиқди.

Озодлик: Бош вазир ва беш вазир Ўзбекистон делегацияси билан учраша олмасликларини изоҳлашдими?

Ҳинек Кмоничек: Вазирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар аксарининг¸ билишимча айни саналарда хорижда, асосан, Брюссельда ЕИ масалаларига доир мажлисларда қатнашишлари белгиланган.

Озодлик: Лекин вазирлар президент Ислом Каримов билан учрашишлари белгиланганини билган бўлишлари керакку?

Ҳинек Кмоничек: Ҳа, уларнинг ҳаммаси бир ой олдин бу ҳақда билишган.

Озодлик: Унда нега бошқа учрашувларни айни шу кунга режалаштиришди?

Ҳинек Кмоничек: (кулади) Бунга қисқа жавоб беришим мумкин. Мен улар эмасман, бу ҳақда улардан сўранг.

Озодлик: Бош вазирчи, у Ўзбекистон президенти шарафига тушлик зиёфат бера олмаслигини бирор шаклда изоҳладими?

Ҳинек Кмоничек: Менинг билишимча, у бошқа муҳим ишлари чиқиб қолганини айтган. Лекин айнан қанақа иш чиқиб қолганини аниқлаштиргани йўқ. Мазкур ташриф ҳақида ҳамма бир ой аввал билган. Улар учрашувларда иштирок этишга рози бўлишган. Лекин сўнгги дақиқада аввал Бош вазир вақти йўқлиги ҳақида қарор қилди. Бунинг сабабларини аниқ билмаймиз. Кейин беш вазирнинг ҳам биз билмаган сабабларга кўра, музокараларда қатнаша олмаслиги маълум бўлди.

Озодлик: Яъни бош вазир ҳам, вазирлар ҳам бошқа ишларини Ўзбекистон делегацияси билан музокаралардан кўра муҳимроқ, деб топишибди, десак бўладими?

Ҳинек Кмоничек: Мен улар учун гапира олмайман. Бу уларнинг котибиятлари кун тартибини қандай режалаштиришларига боғлиқ. Лекин вазирларнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта жойда бўлишларига эҳтиёж туғилиши мутлақо нормал ҳолат. Шунинг учун кўп учрашувлар қандай режалаштирилиши вазирларнинг котибиятларига боғлиқ бўлади. Лекин яна бир нарсани айтишим керак, ташрифнинг қолдирилишига яна бир сабаб бор. Бу ҳам бўлса, Прага шаҳар ҳокимининг қарори сабаб бўлди. Улар аввал Ўзбекистон делегацияси билан учрашишга рози бўлган эди. Прага мэри ўзи қатнаша олмаслиги, лекин унинг ўринбосари учрашишини айтиб келаётган эди. Билишимча, улар бу ҳақда икки кун аввал Ўзбекистон делегацияси билан ҳам гаплашган. Кейин эса, кутилмаганда учрашувда қатнаша олмасликларини билдиришди.

Озодлик: Учрашув бекор қилинмади, кечиктирилди деб алоҳида таъкидладингиз. Учрашув қайси санага қолдирилди?

Ҳинек Кмоничек: Буни аниқ айта олмайман. Бу масалани дипломатик каналлар орқали муҳокама қилиш тўғрисида келишиб олдик.

Озодлик: Ўзбекистон президентининг Прагага келишига инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, фуқаровий жамият вакиллари норозилик билдираётган эди. Бу вазият ҳам Каримовнинг ташрифи қолдирилишига ҳисса қўшди, деб айтса бўладими?

Ҳинек Кмоничек: Бевосита таъсир қилди, деб айтмаган бўлардим. Бу масалада норозиликлар таъсир қилган бўлса ҳам, буни фақатгина Прага мэрининг позицияси мисолида айтган бўлардим. Чунки Ўзбекистон томони Прага ҳокимияти ва мэрининг бу масалага ёндашувидан жуда ранжиганини биламан. Улар аввал Ўзбекистон делегацияси ташрифига доир дастурга тўла розилик беришди. Кейин эса, кутилмаганда мэрнинг вақти бўлмай қолди, ундан кейин мэр муовининг вақти бўлмай қолди. Оддий қилиб айтганда улар жуда кўп ўзгаришларни киритишди ва буни Ўзбекистон томонига изоҳлашга тўғри келди. Прага ҳокимлиги фақатгина битта партия (ТОП 09) вакилларидан иборат бўлгани ва уларнинг “Фалокатдаги одамлар” каби ташкилотларга ғоявий яқинлиги Ўзбекистон томонининг қарорига таъсир қилган бўлиши мумкин. Лекин бошқа омиллар режаларга таъсир қилди, демаган бўлардим.
XS
SM
MD
LG