Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:57

Бухоро масжиди имом-хатибининг ўғли ис газидан заҳарланиб ўлди


Бухоролик мадраса талабасининг заҳарланишига қўлбола печкадан чиққан ис гази сабаб бўлган
Бухоролик мадраса талабасининг заҳарланишига қўлбола печкадан чиққан ис гази сабаб бўлган
Бухородаги Хўжа Исмат жоме масжиди имом хатибининг 23 яшар ўғли Суҳробжон Гадоев 8 февраль куни ис газидан ҳалок бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, масжидда тунаб қолган Суҳробжон қўлбола печкадан чиққан ис газидан заҳарланган. У билан бирга бир хонада тунаган яна икки нафар мадраса талабаси ҳаёти сақлаб қолинган.

Бу ҳақда Озодликка Хўжа Исмат масжиди намозхонларидан бири хабар берди. Унинг айтишича, Суҳробжон мадраса талабаси бўлган:

- Худо раҳмат қилсин, бу йигит мадрасада илм олаётган талабалардан бири эди. Ўша куни ҳам масжидда қолиб кечаси соат бир-иккиларгача дарс қилган. Кейин бошқа талабалар ётган хонада тунаб қолган. Кечаси газ катта бўлганми ёки шамол угарний газни ичкарига урганми, шунақа ҳолат бўлган. Эрталаб муаззин бомдодга азон айтиб, булар нега чиқмаяпти, деб ичкарига кирса¸ шунақа аҳвол экан, дейди масжид намозхонларидан бири.

Шу масжидга қатнайдиган бошқа бир намозхоннинг айтишича, масжидда яқинда қурилган иситиш тизими газ пастлиги сабаб ишламай қолганидан сўнг, яна қўлбола печкаларга ўтилган:

- Бу йил паровой отопления қилинган эди. Кейин қаттиқ совуқлар бўлиб, газ босими паст бўлганлиги учун ишламай¸ музлаб қолди. Яна ўша печкаларни қайта ўрнатишга мажбур бўлишди. Ўша кеча газ босими бирданига кўтарилиб баланд ёнган шекилли, шундай бўлган, деди масжид намозхонларидан бири.

Унинг айтишича, яна икки нафар мадраса талабаси ҳам ис газидан заҳарланган, бироқ уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Бухоро шаҳар Газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда бу кўнгилсиз ҳодиса техника хавфсизлигига риоя қилмаслик оқибатида содир бўлганини айтди.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонда газ ва свет тақчиллиги боис ëнғин ва ис газидан ўлганлар кўп кузатилди.

Жиззах вилоятининг Зафаробод шаҳарчасидаги Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Самарқанд кўчасида яшаган уч яшар Шоҳжаҳон Ҳайдаров ва уч яшар Нилуфар Муҳаммадиева 25 январь куни ис газидан димиқиб ўлди.

Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасидаги кўп қаватли уйда яшаган оиланинг беш аъзоси ҳам 9 февралга ўтар кечаси кўмир исидан заҳарланиб ўлди. Бу ҳақда хабар берган Озодлик манбасига кўра, она, қизи, келини ва икки невараси печкага ёқилган кўмир исидан уйқу ичида заҳарланган.

10 февраль куни Навоий шаҳридаги халқаро аэропорт яқинида икки қаватли уйда рўй берган портлаш оқибатида камида олти киши нобуд бўлди ва етти киши жароҳат олди.

6 февраль куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги Равонак қишлоғида яшовчи ёш эр-хотин ва уларнинг икки гўдаги маиший газ баллонидан сизиб чиққан газдан заҳарланиб ўлди.

Фарғона вилоят Қўштепа тумани Ғиштмон фуқаролар йиғинида яшовчи Қодировлар уйида 2 февралга ўтар кечаси содир бўлган портлаш оқибатида хонадондагиларнинг ҳаммаси турли даражадаги куйиш билан вилоят касалхонасига ëтқизилди. Куйганлар орасида икки яшар қизалоқ ҳам бор.

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда -6-7 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда аксар аҳоли газ ва электр қувватидан узилган оғир шароитда қишдан омон чиқишга уринмоқда.
XS
SM
MD
LG