Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:30

Работакда сифатсиз "намунавий уй"га кўчирилганлар газсиз қолди


Бухоро туманининг Работак қишлоғидаги бир гуруҳ фуқаро ўзларига берилган намунавий уйлар жуда сифатсиз қурилганидан, газ йўқлигидан Озодликка шикоят қилди. Намунавий уйлар қурилишида камчиликлар борлигини тан олган маҳаллий расмийлар эса об-ҳаво исиганидан сўнг уларни бартараф қилишни ваъда қилди.


Бухоро вилояти Бухоро туманидаги Работак қишлоғида яшовчи фуқаролар Озодликка янги қурилган намунавий уйлар сифати ёмонлигидан шикоят қилиб қуйидаги мазмунда мактуб йўллади:

Бухоро вилояти Бухоро туманининг Работак қишлоғидаги намунавий уй-жой қурилиши декабрь ойида Бош вазир селектор йиғилишидан кейин 54 уй эгаларига мажбурий тарзда “уйларни қабул қилдик ва яшаяпмиз” деб қўл қўйдириб Бош вазирга ҳисобот беришди. Аслида эса ҳалигача ярмини ҳам ичи битмаган. Битганларида эса чала ишлари ҳали кўп. Газ сув, свет йўқ, йўллар қилинмаган. Бирорта хонадон кўчиб қирмаган”, дейилади Озодликка келган мактубда.

Бухоро тумани ҳокимлиги вакили Ҳайдар Ҳуррамов Озодлик билан суҳбатда Работак қишлоғида намунавий уйлар қуриш ишлари бошланганига анча вақт бўлганини, 2013 йилда ва бу йил ҳам ўнлаб уйлар ўз эгаларига топширилганини айтди.

Намунавий уйлар сифатсиз қурилгани ҳақидаги иддаолар асосиз эканини урғулаган Ҳайдар Ҳуррамов қурилиш ишларида камчиликлар бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Ҳа, қурилиш бўлди ва бўлаяпти. У ер (Работак) катта қишлоқ бўлиб кетди. Намунавий уйлар ўтган йил қурилиб эгаларига топширилди. Бу йил қуриляпти. Уйлар яхши қурилган. Ким билади яна? Камчиликлар бўлиши мумкин. Уйлар ёмон эмас. Сув, свет, газ бўлиши керак. Чунки уйлар шаҳарга яқин. Ҳаммаси нормальний бўлиши керак, деди Бухоро тумани ҳокимлиги расмийси.

Работак фуқаролар йиғини кенгаши раиси Исоқ Раҳматов эса Озодлик билан суҳбатда қишлоқда қурилган уйларнинг нолийдиган жойи йўқ, деди.

- Қурилиши яхши бўлган, ҳамма жойи яхши. Ҳеч нолийдиган жойи йўқ. Одамлар ношукур банда. Бир келиб мен билан бирга айланинг, ўзингиз хулоса чиқарасиз. Уйлар яхши қурилган, сувоқ қилинган, оқланган. Хоҳлаган одам яна “евроремонт” ҳам қиляпти, деди Исоқ Раҳматов.

Работак фуқаролар йиғини кенгаши раиси бу йил қиш фаслида ҳаво ҳарорати жуда пасайиб кетгани боис намунавий уйларда бази қурилиш ишлари тугалланмай қолганини аммо кун исиганидан кейин камчиликлар бартараф этилишини қўшимча қилди.

- Йўллар асфальт бўляпти. Ҳамма ишни қилиб беришяпти бечоралар. Жуда совуқ бўлдику. Чала битмаган ишлар бўлса, битказиб бериб, топширади. Шу йилнинг ўзида топшириши керак эди. Қаттиқ совуқ бўлиб кетгани учун бўлмади, деди Работак фуқаролар йиғини кенгаши раиси.

Исоқ Раҳматовга кўра, Работак қишлоғидаги намунавий уйларга электр ва сув ўтказилган. Лекин газ қувурини катта автомобил йўли остидан ўтказиш учун рухсатнома керак бўлгани учун хонадонларга газ ҳали улаб берилмаганини урғулади.

- Сув уланган. Газни катта автомобил йўлининг тагидан ўтказиш керак. Рухсатнома керак экан. Қувурлар ҳаммаси ўша ергача ўтказиб қўйилган. У ердан ўтказиб кейин улаш керак холос, деди Работак фуқаролар йиғини кенгаши раиси Исоқ Раҳматов.

Озодликка мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар сўнгги йилларда президент топшириғи билан қурилаётган намунавий уйларнинг аксарияти сифатсиз эканлиги ва бу уйлар қурилиши учун касби қурувчи бўлмаган шахслар жалб қилинаётганидан шикоят қиладилар.

Январь ойида бир гуруҳ мухлис Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Намунавий уйларни ташкилотлар ёллаган мардикорлар қураётгани, уйларнинг томига черепица ўрнига арзон тунукалар ёпилаётгани, уйларнинг ғишти эса лой билан терилаётганидан шикоят қилган эди.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтган йили қурилган намунавий уй эгаларига кўра¸ уй деворлари ëрилиб¸ сувоқлар уваланиб тушгани, иссиқлик батареяларидан сув оқиб, пол тахталари кетганидан шикоят қилган. Ўша уйларни қурган ширкат расмийси Озодлик билан суҳбатда шикоятларнинг ҳақиқат эканини тан олган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасида 17 январь куни қилган чиқишида 2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жой барпо этилгани ва бу мақсадлар учун 650 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилгани билдирган эди.
XS
SM
MD
LG