Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:37

Қалби Оллоҳ, қўли меҳнатда ўтган Иброҳим Эшон


Ҳазрат Иброҳим Эшон умрининг сўнгги кунларида тушган суратлардан бири.
Ҳазрат Иброҳим Эшон умрининг сўнгги кунларида тушган суратлардан бири.
Бу гал кўплаб тингловчилар қайта ва қайта сўраган, кўпчилик томонидан "ҳазрат пиримиз Иброҳим Эшон", деб ҳурматланган фарғоналик марҳум аҳли илм Иброҳим Маматқулов ҳақида маълумот тўплашга уриндик. 72 ёшида оламдан ўтган Иброҳим Эшон (1937-2009) Нақшбандийлик тариқатининг Марказий Осиёдаги сўнгги йирик пешвоси сифатида тан олинган.


Оққўрғонлик дурадгор деҳқон

2009 йилда 72 ёшида вафот этган Иброҳим Эшон - Иброҳим Маматқулов 1937 йилда Фарғона вилояти Бувайда тумани, Оққўрғон қишлоғида туғилган ва шу қишлоқда яшаб ўтган.

У киши ҳақида Интернет тармоқларида маълумот жуда оз.

Аммо бу кишиинг шахсига оид маълумотларни тўплашимиз асносида кўриндики, Иброҳим Эшоннинг номи нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки Россиянинг мусулмон қисмида ҳам бухоролик йирик ислом олими, Нақшбандийлик тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбандий таълимотига эргашларнинг шу кунлардаги сўнгги пири, дея тан олинган.

Шогирдлари, бошқача айтилса, муридлари бу кишининг аждодлари Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бориб тақалаши, уни Марказий Осиё минтақасида ўтган сўнгги пир, деб билишини таъкидлайдилар.

Ёшлигида диний илмни отасидан, кейин эса Оққўрғондаги баъзи илмли кишилардан, сўнгроқ Бухородаги Мир Араб мадрасида олган.

5 фарзанд - 3 ўғил икки қизи бўлган Иброҳим Маматқуловнинг умри давомида Оққўрғонда дурадгорлик ва деҳқончилик қилиб яшагани хотирланади.

У кишининг аждодлари ҳам оққўрғонлик бўлган ва улар ҳам ўз даврида Нақшбандийлик тарқатининг маҳаллий етакчилари бўлган. Собиқ совет даврида аксар аҳли илмлар дуч келгани каби Иброҳим Маматқулов ҳам қамоқ жазосини ўтаган.

Ҳозир Малайзияда яшаётган муридларидан бири Фахриддин Розийнинг хотирлашича, Иброҳим Эшон Россия қамоқхоналарида жазо ўтаган.

- У кишини хурофот тарқатишда айблаб қамашган, адашмасам. Чунки, бу кишидан аввалги пиримиз тошкентлик бўлган, қори Абдуллоҳ, дейишган. У кишининг бисотидаги эски китобларни ҳам пиримиз Иброҳим Эшон ўз бўйнига олган ва устози ўрнига қамоққа кирган экан, - дейди Фахриддин Розий.


"Ўттиз тўртинчи пир"

Ўзбекистонда Нақшбандийлик тариқатига эргашганлар таъкидича, Иброҳим Маматқулов собиқ совет давридаёқ ушбу тариқатнинг мамлакатдаги етакчиси, деб тан олинган. У кишига бу рутбанинг айнан қачон берилгани Озодликка номаълум.

Унинг Озодликка сўзлаган издошлари эшон минглаб муридлари қалбини "чуқур илму маърифати, дарёдек кенг қалби ва тақдир қийинчиликлари қаршисидаги битмас сабр-тоқатию матонати билан қозонган"ини айтмоқда.

Албатта, Иброҳим Эшоннинг аждодлари ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бориб тақалиши унинг муридлари эҳтиромини қозонган муҳим жиҳатлардан биридир.

Марҳум эшоннинг ҳозир Ўзбекистонда яшаётган ва исмини ошкор этмаслигимизни сўраган муридларидан бири пайғамбар авлодлари шажарасида Иброҳим Эшон номи зикр этилганини айтади.

"Шажарада бу кишим пайғамбаримиз авлодига бориб тақаладилар. 34-пир. Ҳалиям шажарани ёзиб юрганлар борда. 15 йил олдин Оққўрғонда шунақа ҳазрат пир бор эканлар, деб эшитганмиз ва бориб, танишиб, қўл берганмиз. Ҳеч афсусланмадик, Оллоҳга шукр. У киши маърифатли суҳбатлар билан кишининг қалбини очарди. Энди бу илму ирфонни таърифлашга сўз ожиз", дейди фарғоналик диндор суҳбатдошимиз.


Ўзбекистонлик нақшабандийлар

35 ёшларида Иброҳим Эшон этагини тутган фарғоналик диндор Нақшбандийлик тариқатини шундай таърифлайди:

"Ўзи ҳазрат Иброҳим Эшон каби пирлар ҳар замонда бир бўлади ва улар ўзлари сайланиб қолади, биз билмаймиз буни. Шу ҳазратимизга ҳам бориб байъат берганмиз. Қўл бериб, байъат берасизда. Кейин пир сизга вазифа беради. Бу кундалик 5 маҳал намозга қўшимча яна аллақанча намоз бор - Таҳажжуд, Зуҳо намози, ҳар бир намоз олдидан 4 ракат суннат, тўхтовсиз зикр, нафл рўзалари - хуллас, ибодатни кўпайтирасизда. Ибодат кўпайгани сари қалбингиз тозаланади, иймонингиз кучаяди, Оллоҳга яқинлашаверасиз. Бунинг роҳатини шу тариқатда юрганлар билади. Лекин, Оллоҳ раҳмат қилсин ҳазратимиз вазифа берганда ҳар доим айтардики: "Ишни, деб ибодатингиз қолиб кетмасин! Ибодатни, деб ишингиз қолиб кетмасин!" дея хотирлади Иброҳим Эшоннинг муриди.

Тариқатга айнан Иброҳим Эшонга бўлган ихлоси боис кирганини айтган мурид бунинг ўз ҳаётидаги аҳамиятини ўта муҳим, деб таърифлади.

"Ҳозир ҳаётда юз хил йўл бора?! Энди тариқатга кирганингиздан кейин йўлингиз аниқ бўлади. Аниқ бир йўлдан борасиз, ҳар томонга йўрғаламайсиз. Покизалик, зикр ва меҳнатда бўласиз. Бу мусулмон кишиси учун жуда яхши, қулай ва аниқ йўл. "Дил ба ёру, даст ба кор". Шунинг учун ҳам пиримизга ихлос қилганлар кўп эди. Мен Жиззахдан ихлос қилиб келган бирини пиримизнинг ҳузурига олиб борганимда: "Ҳазратимизни бир кўрдиму чекишни ҳам, ичишни ҳам ташладим. Зикрни бошлаганимдан кейин ҳаётим тамомила ўзгарди", деган эди. Бунақаларни юзлаб биламан мен", дейди фарғоналик диндор.

Марҳум Иброҳим Эшон ҳақидаги хотираларини тўхтовсиз сўзлган бу ихлосманд яна бир хотирасини тингловчиларга етказишимизни сўради:

"Пиримизнинг ўринлари жамиятда катта эди. Ҳазратимиз Марғилонга келдилар бир сафар. Биз бордик, тумонат йиғилган тадбирда бир томонда қози имомлар ўтирган экан, жуда Қуръондан баҳслар бўлаётган эди. Кейин бир маҳал пиримиз келдилар. Одам тўлиб кетган. Пиримиз келганда у кишига микрофон беришди. Шунда у киши: "Биз бирор масжидда имоммасмиз, қозимасмиз, биз ҳеч киммасмиз, ана имомлар ўтирибди, улар гапирса тузук", дедилар. Биласизми, бирортаси гапира олмади. Ҳаммасини сир босиб қолди, менимча. Микрофон қўлма-қўл бўлиб, даврани айланиб чиқди, Гапирадиган одам чиқмади, биласизми?! Ўзи уларнинг орасидан гап ўтиб қолган экан, чамамда. Кейин ҳаммаси жума намозига кетдик, деб туриб кетишди. Кейин жамоат барибир ҳазратимиздан сўз сўради. Шунда у киши гапирган 10 минутлик гап ундан олдин бўлган бир соатлик суҳбатни босиб кетди. Пур ҳикмат эдиларда ҳазратмиз, Оллоҳ раҳматига олсин, ўтиб кетдилар", деди ҳали ҳануз устози ўлимидан ҳасрати битмаган шогирд.

Youtube тармоғида фарғоналик бу диндор каби ихлосмандалр томонидан қўйилган бир неча видеоматериални кўриш мумкин. Булардан бирида Иброҳим Эшоннинг суратлари тўплами акс этган бўлса, яна бирида қисқагина видеотасма акс этган.




"Бидъатга йўллайдиган ибодат"

2009 йилнинг 22 майида "Халқ сўзи" газетасида "Бидъатга йўллайдиган ибодат" номли мақола чоп этилган эди. Мақола муаллифи тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов Иброҳим Эшон ва унинг этагини тутганларни танқид қилган эди:

"Ўзларини "пир", "эшон" атаб, мўмин-мусулмонларга "раҳбарлик, раҳнамолик қилиш" даъвоси билан чиқаётган бундай кимсаларнинг асл мақсади замондошларимизни ҳидоят йўлига бошлаш эмас, аксинча, имонга, исломга дарз етказувчи "сабоқ"лари билан кишилар ўртасига нифоқ солиш, азалий инсоний қоида-меъёрларга тажовуз қилиш, ихтилофлар чиқаришдан иборат. Фарғона вилоятида "Иброҳим эшон", Самарқанд вилоятида "Исоқжон эшон", Андижон вилоятида "Зуҳриддин эшон" ва "Одилжон эшон" номлари билан юртдошларимизнинг онгини заҳарлашга уринаётган кимсалар шулар жумласидан", деб ёзган эди муаллиф.

Мақола давомида Иброҳим Эшон номига алоҳида тўхталган профессор мана бундай фикр билдирган эди:

"Фарғона вилояти, Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғида яшовчи Иброҳим Маматқулов ўзини "ҳазрат" деб эълон қилиб, атрофига шогирдлари – муридларини тўплашга, улардан фойдаланишга уринмоқда. Унинг "ваъз" ва "сабоқ"ларига учган муридлар орасида, ҳатто, касб-кори, оила ва фарзанд¬ларидан воз кечиб, "пир"нинг этагидан тутиб, унга эргашаёт¬ганлар борлиги жуда ачинарли ҳол. Ҳолбуки, муборак ҳадислардан бирида Пайғамбаримиз (с.а.в) томонидан "Умматимнинг энг яхшиси охират иши деб дунё ишини, дунё иши деб охират ишини қолдирмайдиганларидир", дейилган" дейилади мақолада.

Профессор Убайдулла Уватов бу мақола юзасидан Озодликка интервью бермаган. Аммо, бу профессорнинг фикрини қувватлаган ҳамда тариқатни "бидъатни ёйувчи", деб ҳисоблайдиганлар оз эмас. Аммо, Озодлик бу борадаги баҳсларга ҳозирча тўхталмайди.

Фақат бу ўринда бир фикрни қўшимча қилиш мумкинки, Иброҳим Маматқуловни таниган-билганлар, жумладан, фарғоналик фаол Абдусалом Эргашев бу киши айнан "охират иши деб дунё ишини, дунё иши деб охират ишини қолдирмаслик"ка даъват қилганини хотирлайди.

- "Қўлингиз меҳнатда, қалбингиз Оллоҳда" деган ҳикматга эргашган тариқатда бу нақшбандийлик. Иброҳим Эшон номига бу танқидлар ёғилган, у кишига эргашганларнинг соқоллари кесилиб, саллалари ечилган пайтда бу киши ҳаёт эдилар. Бу гапларни эшитиб ҳам у киши шу мелисаларни дуо қилган эдилар. Энди дуои бад қилганмиди ёки хайрига дуо қилганмиди - буниси бизга қоронғу, - дейди Абдусалом Эргашев.


Ҳукуматга қарши бормаган тариқат

Ҳазрат Иброҳим Эшон ва у киши илгари сурган Нақшбандийлик тариқатига эргашганларнинг кўпчилиги билан суҳбатлар қурган Абдусалом Эргашев бу тариқатни Ўзбекистон ҳукумати ҳатти-ҳаракатларига мутлақо қарши келмаган тариқат, деб билишини айтади.

- Ҳазратнинг қўл берганларга айтадиган ҳамма гапларида итоат қилиш керак, деган гап бўларди. Ҳокимиятга итоат қилишни айтарди. Мелисалар ҳам бирор жойга боришни тақиқласа, бормай ҳам қўяверарди. Иброҳим Эшон ҳазратлари ҳамма нарсани Оллоҳга ҳавола қилган, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Оллоҳдан, деган зот эди. Ҳукумат сиёсатига қарши чиққанини ҳеч билмайман мен, - дейди Абдусалом Эргашев.

Лекин, шунга қарамасдан 2007-2008-2009 йилларда Иброҳим Эшонга қўл берган ва у киши бошчилигидаги юзлаб мусулмон йиғилган зикр ибодатларида қатнашган диндорлар ортидан ҳам таъқиблар бошланган эди.

Youtube тармоғига юкланган қуйидаги видеода оммавий зикрлардан бири акс этган камёб тасвирни томоша қилишингиз мумкин.





Таъқиблар

2005 йилнинг 17 февралида Тошкент вилояти жиноят ишлари суди Ҳизбут-Таҳрир оқимига алоқадорликда айблаб, Юқоричирчиқ туманилик Абдурашид Тошматов ва Нурали Умрзоқовларни 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Судланувчилар, аслида Нақшбандия тариқатини қабул қилгани, ноқонуний диний оқимларга умуман алоқадор эмаслигини айтган эди.

2007 йилнинг февралида фарғоналик етти диндор Бухородаги Баҳоуддин Нақшбандий мақбарасига зиёратга борган ва Бухоро милицияси ходимлари уларни диний либоси учун тўхтатган¸ беш нафарини уч кун ҳибсда сақлаган ва ҳибс вақтида соқолларини қириб ташлаган эди.

"Халқ сўзи" газетасидаги мақола эса Иброҳим Эшон вафотидан бир 3 ой олдин чоп этилган ва бу мазмундаги танқид, муридларига қарши таъқиб ва тазйиқларга жавобан ҳам Иброҳим Эшоннинг: "Фақат Оллоҳга ҳавола қилиб қўяверамиз", деганини хотирлайди Абдусалом Эргашев.


Аввал олқишланиб, кейин чекланган тариқатчилар

Аслида Нақшбандийлик тариқати Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида ҳукумат сиёсати томонидан олқишланган эди.

1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг 675 йиллиги Ўзбекистонда катта тадбирлар билан нишонланган, Бухорода Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратлари қадамжоси тўлиқ қайта қурилган ва унинг қурилишини кўздан кечириш, очилиш маросимида иштирок этиш учун президент Ислом Каримов уч марта бу вилоятга сафар қилган.

Ислом Каримов ўз нутқларидан бирида, ҳатто: “Бу буюк зот... маърифат йўлида одамларнинг қалбига чуқур кириб бориш орқали уларда эзгу интилишлар, орзу-умидлар уйғотиш мумкинлигини исботлаб берди”, деб қайд этгани расмий манбаларда келтирилган эди.

2004 йилда Ўзбекистонда ҳукумат қарорига биноан Нақшбандийлик тариқатининг йирик намоёндаси Хожа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллиги ҳам кенг нишонланган.

Кейинчалик Ўзбекистон ҳукуматининг диний жамоаларга қарши тўхтовсиз ишлаб турган чиғириғига мутлақо беозор Нақшбандийлик тариқати аъзоларининг ҳам туша бошлаганига жавобан фарғоналик фаол Абдусалом Эргашев шундай дейди:

- Энди бу сиёсатга сабаб бўлаётган, Ўзбекистондаги диний жамоалар ҳақида хулосалар бераётган экспертлар ким ўзи?! Юқорига хулоса бераётган экспертлар ким, ўзингиз бир ўйланг! Шундан келиб чиқаверадида жавоб, - дейди Абдусалом Эргашев.

Қуйида фарғоналик Иброҳим Эшон ҳақида тайёрланган эшиттиришимизни тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:57 0:00
Бевосита линк


Нақшбандийлик тариқати ҳақида

Бу тариқат 14 асрда Марказий Осиёда туғилган ва унинг асосчиси Бухоро вилоятининг ҳозир “Қасри Орифон», қадимда эса “Ҳиндуён” деб номланган қишлоғида туғилган Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқдир.

Нақшбандийлик таълимотининг асоси ҳам, сўфийликнинг бошқа йўлларида бўлгани каби таваккул, ибодат, зикр, фақирлик, поклик ва илоҳий ишқ ғояси устига қурилган.

Тарихий манбаларда Баҳоуддин Нақшбанднинг ўзи умри давомида деҳқончилик билан кун кечиргани, буғдой ва мош экиб, кун кўргани айтилади. Нақшбандийлик тариқати асосида эса ўша маълуму машҳур “Дил ба ёру, даст ба кор” – “ Қалб Оллоҳда, қўл меҳнатда!” ғояси ётади.

Шу тариқа, 14 асрда пайдо бўлган Нақшбандийлик тариқати кейинчалик Марказий Осиёнинг бошқа қисми ва аста-секин Афғонистон, Ҳиндистон ҳамда бошқа мусулмон давлатларига тарқалган.

15 асрга келиб бу тариқатга эргашганлар орасида зиёлилар, олимлар ва давлат арбоблари ҳам кўп бўлган. Булар орасида энг йирик тарихий шахс сифатида Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) номи тилга олинади. Ҳозирга келиб бу тариқатга эргашган жамоалар дунёнинг деярли барча мусулмон давлатларида бор.

Нақшбандийлик тариқатининг ўзбекистонлик етакчиси Иброҳим Эшон - Иброҳим Маматқулов ҳақида тўплаганимиз маълумотлар ҳозирча мана шулар. Албатта, бу маълумотлар оз.

Агар муштарийларимиз орасида у киши ҳақида биладиган, у кишини кўрганлар бўлса, марҳамат, билганларингизни Озодлик билан ўртоқлашинг!

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)
XS
SM
MD
LG