Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:16

Ленинград вилоятида ўзбек муҳожири ўлдириб кетилди



Ленинград вилояти бўйича Тергов қўмитаси ходимлари Гатчино туманида меҳнат муҳожири ўлдириб кетилиши юзасидан тергов амалиëти олиб бормоқда.

Гатчино туман полиция бўлимида Озодлик мухбирига ўзбекистонлик муҳожир жасадининг 18 февраль куни тушга яқин трассада жойлашган автомобил ёқилғиси қуйиш шохобчасидан 200 метр нарироқда топилганини маълум қилишди:

- Бизга келиб тушган хабарларга кўра, мурда топилгани рост. Киев шоссесининг 43 километрида. Аммо у қайси давлат фуқароси эканини мен сизга айта олмайман, чунки бундай маълумотлар менда йўқ. Ўлганнинг юзи тирналган, жaғ қисми ва танасида қонталаш борлиги маълум. Мурда маҳаллий моргга жўнатилди, деди Озодликка ўз исмини айтмаган Гатчино туман полиция навбатчиси.

Полиция расмийси тергов ишлари билан Ленинград вилояти бўйича Тергов қўмитаси ходимлари шуғулланаётганини ҳам айтди.

Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, нобуд бўлган шахс 40 ёшли Ўзбекистон фуқароси Абдукарим Бўстоновдир. Ўлдирилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири расман ҳеч қаерда ишламаган, Петербургда Воскресенский шоҳ кўчасидаги қурилиш ширкатига қарашли бинода яшаб келган.

Ленинград вилояти бўйича Тергов қўмитаси вакили Юлия Матолигина бу ишни ўзи тафтиш кетаётгани ва Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси, яъни қотиллик юзасидан жиноий иш қўзғатилганидан ортиқча маълумот бера олмаслигини билдирди.

Эслатиш жоизки, бу сўнгги пайтларда Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига қилинган биринчи суиқасд эмас.

Озодлик жорий йилнинг 16 январига ўтар кечаси Петербургнинг Москва проспектида чавақлаб кетилган 32 ёшли ўзбек муҳожири мурдаси аниқланган; 21 январь куни кечки соат 10 ларда шаҳарнинг Фрунзе туманидаги Салова кўчасидан кўкрагидан милтиқ билан отиб кетилган 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жанелидзе клиникасига олиб келинганини хабар берган эди.

Бундан олдинроқ, 2013 йилнинг 4 ноябрида Петербургнинг Невский туманидаги Караваевский кўчасида шаҳарда ўтказилган миллатчиларнинг “Рус марши”дан кейин ўзбек муҳожири ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG