Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Миллий банк VISA карточкаси эгаси хорижда пулини ололмаяпти


Ўзбекистон Миллий банкининг мижозлари VISA халқаро пластик карточкаларидан чет мамлакатларда пул ечиб ололмаётгани, дўкондан мол ҳам харид қилолмаётганидан шикоят қилмоқда. Ўзбекистон Миллий банки марказий идорасидагилар бу иддаоларни кескин рад этди.


Андижоннинг Избоскан туманидан бўлган Бахтиёр Аҳмедов февраль ойи бошида Ўзбекистон Миллий банкининг VISA халқаро пластик карточкасини олиб, Жанубий Кореяга кетган эди.

Сеул дўконларидан бирида у карточкаси билан неварасига совға харид қилмоқчи бўлганида “Сизнинг ҳисобингиздаги маблағ етарли эмас” деган жавобни олди.

Ўзбекистон Миллий банкининг мижози Кореяда карточкасини банкоматга солиб текшириб кўрганда ҳам ҳисобида пули етарли эмаслигини кўрди.

Бахтиёр ака Кореяга йўл олиш арафасида Миллий банкнинг Избоскан тумани бўлимида ҳисобига 2 000 АҚШ доллари миқдорида пул қўйганини айтади.

- Банк ходимлари ўшанда менга: “Ака сиз кетаверинг, хоҳлаган мамлакатда бу карточкангиздан пул чиқариб оласиз”, дейишди. Уларга ишониб, ўша карточка билан бирга қўлимга 60 доллар нақд пул олиб, бу ерга келдим. Картани ичидан пул ечаман десам, ичида пул йўқ-да. Бошқа банкоматларга ҳам солиб кўрдим, чиқамаяпти, - дейди Бахтиёр Аҳмедов.

Андижонлик Баҳтиёр ака Ўзбекистон Миллий банкига топширган 2 000 АҚШ долларини энди қаердан олишини билолмай ҳайрон қолаётганини айтади.

- Булар ўзлари мен банкга берган пулни ўзлаштириб, оборотга қўйиворганми, дейман. Уларга телефон қилсам, пулни ҳалигача ҳисобимга қўйишмабти. “Эртага тушади, индинга тушади”, деб мана йигирма кундан буён мени сарсон қилишяпти. Шартнома бўйича банк уч кун ичида мен берган сўмни давлат курси бўйича долларда ҳисобимга қўйиши керак эди. Ҳозир арзимни кимга айтишни ҳам билмай қолдим, - дейди Баҳтиёр Аҳмедов.

Ўзбекистон Миллий банкининг Андижон вилояти, Избоскан тумани бўлимига телефон қилганимизда, улардан шундай жавоб олдик:

- Бахтиёр Аҳмедов карточкани хотинини номига очиб кетган экан. Хотини Кореяга кетмаган. Шундай бўлса ҳам пулни ўтказишади, топшириқ берганмиз, ўтказиб ҳам қўйишган бўлса керак, - деди Ўзбекистон Миллий банкининг ходими Озодлик мухбирига жавобан.

Банк ходими нега 20 кундан буён пул мижоз ҳисобига қўйилмагани ҳақида изоҳ бермади.

Избосканлик Бахтиёр Аҳмедов эса хотини билан бирга Кореяда эканини айтди.

- Тўғри, карточкани хотинимни номига очганман. Хотиним ҳам ёнимда. Лекин, нима фарқи бор. Пулни ҳисобга қўйишлари керак, - дейди Аҳмедов.

"Однокласники" ижтимоий тармоғида ҳам кўпчилик ўзбекистонликлар Россия, Украина, Туркия, Бирлашган Араб Амирликларида ўз банк карточкаларидан фойдаланишда муаммога дуч келаётганини айтишади.

Ўзбекистондаги банкларнинг яна айрим мижозлари эса хорижда юраркан ҳисоб рақамидаги пулининг бир қисми қанчадир муддатда йўқолиб, сўнг яна пайдо бўлиб қолишидан ҳам шикоят қилишади.

Яқинда Дубайга борган ўзбекистонлик савдогарлардан бири бу ҳақда Озодликка гапирган эди.

- Карточкамда икки минг доллардан зиёд пул бор эди. Дубайга борганимда карточкамда 300 доллар етмади. Тошкентга телефон қилиб, шикоят қилганимдан сўнг яна текширдим, балансимда пуллар жойига тушибди. Менинг шахсий ҳисобимдаги пулни банк нега мендан сўрамасдан олади? - дейди ўзбекистонлик тадбиркор.

Ўзбекистон Миллий банки марказий идорасидагилар бу иддаоларни кескин рад этди:

- Банк ходимлари қанақа қилиб клиент пулидан фойдаланиши, унинг пулини оборотга қўйиши мумкин. Бунақа нарса умуман бўлиши мумкин эмас, - деди Миллий банкнинг исмини айтмаган ходими.

Ўтган йили Ўзбекистон Марказий банки чет элдаги банкоматлардан пул ечиб олишга чеклов жорий этган ва кунлик лимитни 100 АҚШ доллари қилиб белгилаган эди.

Банклар долларни “қора бозор”даги курсдан анча паст бўлган давлат курсида, аммо чекланган миқдорда алмаштириб беради. Шу боис, айрим мижозлар бир неча шахс номига пластик карточка олиб, ҳисобидаги пулни хорижда нақдлаштириб қайтиш йўлига ўтган эди.

Ўзбекистондаги банклар бу каби чайқовчилик олдини олиш мақсадида мижозлари карточкаларидан ечиб олинадиган пул миқдорини чеклаган эди.

Ҳозир ҳам хорижда Ўзбекистон банкларидан олинган пластик карточкалардан ечиб олинадиган пул миқдори кунига 100 АҚШ доллари қилиб чекланганича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG