Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

Киев воқеалари Қирғизистонда такрорланиши мумкинми?


Бишкекдаги Украина элчихонаси олдида одамлар Киевда ҳалок бўлган норозиларни хотирлаб гул қўймоқда.
Бишкекдаги Украина элчихонаси олдида одамлар Киевда ҳалок бўлган норозиларни хотирлаб гул қўймоқда.

Украина воқеалари якунига етаётган бир паллада Бишкекда ўзларини Миллий мухолифат ҳаракати деб атаётган сиёсатчилар учрашуви ўтказилиши режалаштирилмоқда. Уларнинг орасида баҳорда президент Атамбаевга қарши намойишлар ўтказиш режасини очиқлаган Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматов ҳам бор.

Қирғиз матбуотида пайдо бўлган хабарларда айтилишича, Бишкекда ўтадиган Миллий мухолифат ҳаракати йиғинида парламент депутати Равшанбек Жээнбеков, Қирғизистондаги “2005 ва 2010 йилги инқилобларнинг бульдозери” деб аталадиган Азимбек Бекназаров, 2012 йил кузида “ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганликда айбдор” деб топилиб, 1 йил 5 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ депутат Қамчибек Ташиев, шу йилнинг 15 январида ўтган сайловда Ўш шаҳар мэри лавозимига сайлана олмаган Мелис Мирзақматовлар қатнашади.

2010 йилдаги қирғин пайтида Ўш мэри лавозимида ишлаган ва орадан уч йил ўтиб лавозимидан бўшатилган Мелис Мирзақматов 15 январдаги сайловда мэрликка сайлана олмагач, президент Атамбаевга қарши норозилик намойишлари уюштиришини билдирган эди.

-Баъзи кучлар Мирзақматов ким билан курашар экан,ким билан отишар экан деган саволга, “Бизнинг шимол билан зиддиятга киришаман деяпти” қабилидаги жавобларни айтмоқда. Уларнинг фикрича, мен шимол ва жанубни бир-бирига қарши қўймоқчиман. Мен бунга жавобан айтмоқчиманки, биз президент Атамбаевнинг бандитлари билан курашамиз, -деган эди Мелис Мирзақматов 28 январь куни Озодлик радиосига берган суҳбатида.

Украинада содир этилган воқеалар ортидан қирғиз мухолифатининг кутилмаганда йиғин ўтказишга ҳаракат бошлаганини қирғизистонлик айрим таҳлилчилар Евромайдоннинг таъсири сифатида баҳолайдилар.

Таҳлилчилар фикрича, Қирғизистонда Канада томонидан ўзлаштирилган “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш талаби ҳукумат томонидан бажарилмагани, расмий Бишкекнинг Россия етакчилигидаги Божхона Иттифоқига кириш ҳаракати ички норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бишкекдаги “Манас” аэропортидан АҚШ ҳарбий базасининг жорий йилда чиқарилиши ва аэропортни Россия ўз назоратига олишга ҳаракат қилаётгани эса Украина воқеаларининг Қирғизистонда такрорланишига ташқи омил сифатида хизмат қилиши мумкин.

-Мамлакатда кўплаб долзарб масалаларга нуқта қўйилмади. “Қумтор” масаласи, чегарадаги низолар, коррупцияга оид шов-шувли ишлар норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бу масалаларни ҳал этишни талаб қилган одамларни эса ҳукумат душман сифатида талқин қилмоқда. Агар мана шундай сиёсат давом этаверса, вазият мураккаблашиб бораверади. Шунинг учун Қирғизистонда Украинадаги каби воқеалар такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди, -деди Қирғизистон халқ демократик партияси раиси Артур Медетбеков.

Айни пайтда президент Атамбаевга мойил бўлган сиёсий кучлар бакиевчилар Қирғизистонда ҳокимиятни яна ўз қўлига олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида турлича тасдиқланмаган маълумотларни очиқ-ойдин айтиб келадилар. Миллий мухолифат ҳаракатининг ташкил этилишини ҳам ҳукумрон доиралар “Қирғизистондаги барқарор вазиятни сунъий тарзда издан чиқаришга уринаётганлар тўдаси” сифатида баҳолаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG