Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:55

Ўзбекистонда стикер тақчиллиги юзага чиқди¸ чиқиш визаси берилмаяпти


Пасспорт бўлимида ҳар бир хизмат учун узундан узун навбат кутиш одатий ҳолга айланган.
Пасспорт бўлимида ҳар бир хизмат учун узундан узун навбат кутиш одатий ҳолга айланган.

Фуқароларидан ўз конституциясига зид тарзда четга чиқиш визаси талаб қилувчи дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлган Ўзбекистонда бу изн акс этган стикер дефицити вужудга келди. Электр¸ газ ва бензиндан кейин чет элга чиқиш "изни" ҳам камëблик касб қилди.

Наманганлик 30 яшар Зулайхо чет элга чиқиш учун рухсатнома сўраб тегишли тизимларга мурожаат қилганига икки ой бўлганига қарамай¸ ҳалигача чиқиш визасидан дарак йўқлигини айтади:

- Мен фарзандимни Кореяга ташлаб келувдим. Оилам ўша ерда. Тезда Ўзбекистонга келиб¸ чиқиш визамни янгилаб қайтиб кетмоқчи эдим. Лекин ишим юришмади. Тартибга кўра 15 кунда бериши керак эди¸ аммо икки ойдан бери чиқиш визасидан дарак йўқ. 25 февраль куни борсам¸ Наманган ОВИР ининг эшигига эълон ëпиштириб қўйишибди. Бу эълонда стикер тугагани учун ҳужжат бериш тўхтатилади¸ деб ëзиб қўйишибди¸ дейди Зулайхо.

Стикер йўқлиги ҳақидаги расмий эълон.
Стикер йўқлиги ҳақидаги расмий эълон.
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси эшигига ëпиштирилган эълонда “хорижга чиқиш рухсат ëзуви (стикер) тугаганлиги сабабли тайëр ҳужжатларни тарқатиш вақтинча тўхтатилди” деган ëзув бор.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш республика бошқармасига стикерлар танқислиги юзасидан изоҳ сўраб мурожат қилди.

Ўзини бошқарма мулозими деб таништирган зобит республикада стикер етишмаëтганлигини тасдиқлади:

- Хорижга вақтинча чиқаётганда фуқароларга чет элга бориш учун икки йил мобайнида амал қиладиган рухсатнома ёзуви стикери (ХЧК визаси ҳам дейилади) расмийлаштирилади. Бу стикерни босадиган корхона бизга етказиб бера олмаяпти. Краскалари Германиядан келар экан. Ўша краскалар вақтида келмагани боис¸ стикерлар дефицит бўлиб турибди¸ деб таъкидлади мулозим.

Айни мулозимнинг айтишича¸ стикер мўл-кўл бўлган тақдирда фуқароларга кўпи билан 15 кун ичида хорижга чиқиш рухсатномаси берилади:

- Фуқаролар стикерда кўрсатилган муддат ичида бир неча марта чет элга чиқиши мумкин. Стикернинг амал қилиш муддати, паспортнинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак. Фуқаронинг чет элга чиқиш ҳуқуқига чекловлар учун асос бўлмаган тақдирда¸ уларга хорижга чиқиш рухсатномасини бериш масаласи 15 иш куни мобайнида кўриб чиқилади¸ деди Нодир Зиëев.

Озодлик мухбирининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги таъминот бўлимидаги манбалари вазирлик омборида стикерлар етарли даражада борлигини айтишди. Манбалар иддаосига кўра¸ омбор мулозимлари стикер солинган қутиларни ОВИР бўлимларига махсус сийлов эвазига беришади. Бу сийлов мавқеиини ушлаб туриш учун стикерларнинг сунъий дефицити яратилиши ҳам иддао қилинди.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармаси атрофида коррупция урчиган.

Хусусан¸ Озодлик билан суҳбатда исми сир қолишини истаган манба Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими чиқиш визаси қўйиб бериш учун ўзидан 100 доллар пора талаб қилганини иддао қилди.

Стикерсиз чегарадан ўтганлар жазоланмоқда

Жорий йилнинг 4 январидан бошлаб қонунга хилоф равишда Ўзбекистондан чет элга чиқиш учун жазо 5 йилдан 10 йилгача қилиб белгиланди.

Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, Жиноят Кодексининг 223-моддасига жорий йил бошида ўзгартишлар киритилди.

Жиноят Кодексига киритилган ўзгартишдан аввал бу жазо 3 йилдан 5 йилгача бўлган.

Фарғона вилоят прокурори катта ёрдамчиси Дилшод Қурбоновнинг расмий матбуотга билдиришича¸ биргина Фарғона вилоятининг ўзида икки ой ичида ўнлаб фуқаро паспортида стикер бўлмагани ҳолда чегарани кесиб ўтгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Ҳуқуқ фаоллари паспортга чиқиш визаси босиш амалиëти мамлакат конститутциясида кафолатланган фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлигига тамоман зид эканини таъкидлаб¸ бу тизимнинг бекор этилишини йиллардан бери талаб қилиб келмоқда.

Ўзбекистон ўз фуқароларидан четга чиқиш визаси талаб қилувчи¸ ўзи берган паспортга ўзи виза босувчи дунёнинг саноқли давлатларидан биридир.
XS
SM
MD
LG