Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:21

Хотинини "террорчи"га чиқарган ўзбекистонлик қўлга олинди


Петербургнинг Пулково аэропортида Тошкентга учаётган учоқ портлатилиши тўғрисида ёлғон хабар берган шахс ҳибс этилди. Ўзбекистон фуқароси бўлган 31 яшар меҳнат муҳожирининг шу тариқа ажралишни истаган хотинини қўрқитмоқчи бўлгани айтилмоқда.


26 февраль куни Санкт-Петербургнинг Пулково-1 аэропорти барча бинолари¸ қолаверса учишга чоғланган барча рейслари портловчи мосламаларни қидиришга махсус ўргатилган итлар билан синчковлик билан текшириб чиқилди.

Озодликка маълум бўлишича, Пулково аэропорти Транспорт полицияси бўлимига кундузи соат 12:30 ларда FV 871 Санкт-Петербург – Тошкент йўналиши бўйича 18:30 ҳавога кўтариладиган учоқнинг ўзбекистонлик аёл томонидан портлатиб юборилиши тўғрисида хабар келиб тушган. Бу хабарни берган аноним “шаҳид” аёлнинг ташқи қиёфасини тўлиқ тасвирлаб берган.

Хабар ортидан оператив ходимлар ва полиция аэропорт ишини тўхтатмасдан, учта терминал ва майдончада турган “Боинг” учоғини синчиклаб текшириб чиққан.

Озодликка айтилишича¸ олиб борилган текширув натижасида аэропорт полицияси “хабар” берган шахс ва у батафсил тасвирлаган аёл қўлга олинган. Петербургда ишлаётган 31 яшар Ўзбекистон фуқароси террорчи сифатида таърифлаб берган аëл унинг ўз хотини бўлиб чиққан.

Маълум бўлишича, ўзбек муҳожири хотинини мунтазам дўппослаб келган ва шу сабабли аёл ундан ажрашишга қарор қилган. Бироқ бунга кўнмаган эр розилиги эвазига рафиқасидан 50 минг рубл миқдорида пул талаб қилган. Шунда аëлнинг ўзида қутулиш мақсадида Ўзбекистонга учиб кетаётгани тўғрисида хабар топган 31 яшар муҳожир, хотинини “террорчи” деб эълон қилиб, тўхтатиб қолмоқчи бўлган.

Мушкул оилавий вазиятнинг бундай кўриниш олганидан ҳайратга тушган аэропорт полицияси ходимлари калтакланган аёлга ўз эри устидан судга ариза билан мурожаат қилишни таклиф этган ва полиция бўлимидаёқ ундан шикоятини қабул қилиб олган.

Россия ИИВнинг Шимоли-Ғарб бўйича транспортдаги бошқармасида антиқа усул билан оилавий муаммоларни ечишга уриниб кўрган ўзбек муҳожирига нисбатан жиноий иш очилганини билдиришди.

- Айбланувчига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 207-моддаси – “террорчилик акти тўғрисида ёлғон хабар бериш” асосида жиноий иш қўзғатилди, дея маълум қилди Россия ИИВнинг Шимоли-Ғарбий федерал округи бўйича транспортдаги бошқармаси ходими.

Суд қарори билан ёлғончи мигрант тергов якунига қадар ҳибсда қоладиган бўлди. Полицияда бу йигит Ўзбекистонда талон-тарож ва товламачилик асосида аллақачон икки маротаба судланиб чиққани ва Санкт-Петербургга уч ой аввал келганини билдиришди.

Исми ошкор этилмаётган бу шахснинг нафақат ёлғон маълумот тарқатганлик, балки турмуш ўртоғига тан жароҳати етказгани учун ҳам жавобгарликка тортилиши кутилмоқда.

Ëлғон маълумот берганлик учун у 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG