Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:10

Шерали Жўраев сув қизғанган қўшнилар ҳақида куйлади


Шерали Жўраев
Шерали Жўраев

Шерали Жўраевнинг навбатдаги қўшиғи Роғун ва Қамбарота ГЭСларининг экологик зарарига бағишланди.


“Ўзбекистон халқ артисти, 67 яшар Шерали Жўраев Роғун ва Қамбарота ГЭСлари ҳақидаги қўшиғини ёзиб тугатди”, деб хабар берди Darakchi.Uz

Манбага кўра, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо сўзи билан ёзилган мазкур қўшиқ айни пайтда Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимларида қурилаётган йирик гидроиншоотларнинг минтақамизга етказиши мумкин бўлган зарарига бағишланади.

Тошкентлик маҳаллий журналистларнинг Озодликка айтишича, Шерали Жўраев экологик мавзуда қўшиқ айтганини ҳофизнинг матбуот котиби тасдиқлаган.

Ўзбекистондаги Tarona.net нашрининг ëзишича, қўшиқ тайёр бўлса-да, ҳофиз уни янада қиёмига етказиш устида изланмоқда.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қаламига мансуб бу қўшиқ матнида Тожикистон ва Қирғизистондаги Роғун ва Қамбарота ГЭСлари аниқ келтирилмайди.

Матнда тўғон қуриб, ўз қўшнисига чоҳ қазиган қўшнилар маломат қилинади. Қўшиқ матнида “Тўғон қуриб, дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар” ва “Қишда қорни қизғангувчи паст”лар танқид қилинади.

Тўғон қуриб, дарёларга тўғаноқ бўлган зотлар,
Офтоб сочган зиёларнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.


Бу мисралардан кейин минтақадаги икки давлат Қозоғистон ва Туркманистон манфаатлари ҳақида ҳам ишорат кетади.

Бу дарёда қозоқ қувган маролнинг ҳам ҳаққи бор,
Махтумқули экиб кетган ниҳолнинг ҳам ҳаққи бор,


Кейинги мисраларда эса Орол фожеси ва трансчегаравий дарёлар қуйисидаги ҳудудга етказиладиган экологик зарар тўғон қурган қўшинлар зиммасига юкланади.

Нон урмасин, туз тутмасин, Оролнинг ҳам ҳаққи бор,
Самум чалган наволарнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.
Қишда қорни қизғангувчи пастдан Ўзи асрасин,
Ҳамсояга чоҳлар қазган касдан Ўзи асрасин,
Табиатдан қайтар қасос-қасддан Ўзи асрасин,


Қўшиқнинг сўнгги бандида эса “дарëларни тўсмоқчи бўлган номард қўшни”ларнинг мақсади амалга ошмаслиги таъкидланади:

Сирли-сирли нидоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.
Ҳасадгўйнинг қўрғонига қуш ҳам қўнмас дейдилар,
Худойимнинг берганига номард кўнмас дейдилар,
Ношукрнинг тўғонию кўнгли тўлмас дейдилар,
Саболарнинг, ҳаволарнинг йўлин тўсиб бўлмагай,
Дарё-дарё дуоларнинг йўлин тўсиб бўлмагай.


Озодлик мухбири бу қўшиқ ҳақида изоҳ сўраб, Шерали Жўраевнинг маъмурига мурожаат қилди ва жавоб ололмади.

Баъзи маҳаллий журналистлар Шерали Жўраевнинг рафиқаси сўзларига таянган ҳолда, бу қўшиқ ҳали-бери мухлисларига етмаслигини Озодлик мухбирига билдиришди. Шу боис қўшиқ аудосини Озодлик мухлисларига тақдим қила олмадик.

67 ёшли ўзбек ҳофизи Шерали Жўраев кейинги 20 йил ичида Ўзбекистоннинг етакчи телеканаллари ва катта концерт залларида қўшиқ айтмайди.

Озодлик манбаларининг айтишича, Шерали Жўраевнинг катта саҳнада қўшиқ куйлашига юқоридан “норасмий тақиқ” қўйилган.

1947 йил 12 апрелида Андижон вилоятининг Асака туманида таваллуд топган Шерали Жўраев 1966 йили Ўзбекистон телеканалида “Ҳормангиз" деган ашулани айтганидан кейин ëшлар орасида машҳур бўлиб кетганди.
XS
SM
MD
LG