Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

15 яшар қизни зўрлаганликда айбланиб қамалган табиб қамоқда ўлди


15 яшар қизни зўрлагани учун қамалган маҳкумнинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот олишнинг иложи бўлмади.
15 яшар қизни зўрлагани учун қамалган маҳкумнинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Сурхондарëнинг Қизириқ туманидаги табиб, ўз мижозини зўрлаганликда айбланиб жиноий жавобгарликка тортилган Холиқул Юсупов қамоқда ўлди. У Сурхондарëда “Доктор Максим” деган халқ табобати ширкати очиб, одамларни Тибет тиббиëти услубида даволашни йўлга қўйган эди.



Озодлик манбаларига кўра¸ Юсупов суд ҳукмидан кейин оғир аҳволда Сурхондарëдан Тошкентдаги маҳкумлар муолажа қилинадиган Сангородга келтирилган ва ўтган ҳафта ўша ерда оламдан ўтган.

15 яшар қизни зўрлагани учун қамалган маҳкумнинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ маҳкум камерадаги бошқа маҳкумлар тарафидан тажовузга учраган.

Сурхондарë вилоят прокуратурасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ шу йил бошида Термиз шаҳар жиноий ишлар суди ўзини халқ табиби деб атаб¸ вояга етмаган қизни зўрлаган Холиқул Юсуповни айбдор, деб топган ва узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Табибнинг неча йилга Озодликдан маҳрум қилингани ва шаҳар суди қарори устидан шикоят қилинган, қилинмагани ҳақида аниқ маълумот ола олмадик.

Сурхондарëлик табиб устидан бўлган суд мажлисида қатнашган термизлик маҳаллий журналист исмини айтмаслик шарти билан Озодликка баъзи тафсилотларни гапириб берди.

Суҳбатдошга кўра¸ марҳум Холиқул Юсупов Сурхондарëда “Доктор Максим” деган халқ табобати ширкати очиб, одамларни Тибет тиббиëти услубида даволашни йўлга қўйган.

Шунингдек Холиқул Юсупов турли гимнастик машқлар орқали ҳам одамларни "даволаши" ҳақида мунтазам рекламаларни маҳаллий матбуотда бериб турган.

- Бу аснода “халқ табиби”нинг мижозларидан бири 15 яшар қиз ҳомиладор бўлиб қолди¸ дейди суҳбатдош.

Термизлик маҳаллий журналистнинг айтишича¸ қизнинг ота-онаси Холиқул Юсуповдан гумонланиб, Сурхондарë туман ички ишлар бўлимига ариза берган.

- Бу ариза ортидан Холиқул Юсупов ҳибсга олинди¸ дейди суҳбатдош.

Сурхондарë вилоят прокуратурасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ зўрланган қизнинг айнан табиб Холиқул Юсуповдан ҳомиладор бўлгани ДНК анализи ўтказилгандан кейин тасдиқланган.

Манбанинг айтишича¸ табибнинг “тегажоғлиги” борасида вилоят прокуратурасига бошқа фуқаролардан ҳам аризалар тушган.

Маҳаллий газеталарда ўз "хизматини" мунтазам реклама қилган Холиқул Юсупов республиканинг бошқа шаҳарларига ҳам "беморларни даволаш" учун махсус визитлар уюштириб турган.

Сурхондарë вилоят прокуратурасидаги манбанинг билдиришича¸ Юсупов Тошкентга махсус бориб бемор қизни "алоҳида хонада" даволаëтганида бу қизга тегажоғлиқ қилганини қизнинг ота-онаси билиб қолиб аризагўй бўлишган.

- Бу ота-она тарафидан берилган ариза ҳам жиноят иши доирасида кўриб чиқилган¸ дейди манба.

Манбанинг айтишича¸ Юсупов Ўзбекистон жиноят кодексининг 118-моддаси, яъни зўрлаш айби бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу модда бўйича айбланганларга Ўзбекистонда максимум 20 йил жазо белгиланган.

Шу билан бирга Холиқул Юсупов махсус рухсат олмасдан тиббий муолажа билан шуғулланганликда айбланди.

Холиқул Юсуповга оид эълонларда унинг Республика халқ табобати марказидан рухсатнома олгани айтилган.

Республика халқ табобати маркази Холиқул Юсупов деган шахсга рухсатнома берилмаганини тергов органларига билдирган.
XS
SM
MD
LG