Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:54

Ўзбекистондаги Қрим татарлари фаоли: Мен миллатдошларим биланман!


Туркиянинг Эскишаҳрида яшайдиган қрим татарлари Россиянинг Қримга бостириб киришидан норозилик билдириб намойишга чиқди.
Туркиянинг Эскишаҳрида яшайдиган қрим татарлари Россиянинг Қримга бостириб киришидан норозилик билдириб намойишга чиқди.
- Қрим татарларининг бир вакили сифатида мен миллатимизнинг Қримдаги парламенти билан билан ҳамфикрман, деди Озодлик саволларига жавобан Қрим татарларининг Тошкент шаҳар миллий-маданий маркази фаоли.

Украина Олий Радаси депутати, қримтатарлар етакчиси Мустафо Жамилов Озодлик билан суҳбатда ярим оролда Россия ҳукумати қўллови билан кечаётган ҳодисаларни “сурбетларча провокация” деб атаган эди.


Қримдаги руслардан фарқли ўлароқ татарлар “Яшасин бўлинмас Украина!” шиори остида яшамоқда.

Озодлик саволларига шароитдан келиб чиқиб, исми айтилмаслиги шарти билан жавоб берган фаол ўзи аъзоси бўлган жамоат бирлашмасининг Қримдаги воқеалар юзасидан фикри шаклланмаганлигини айтар экан, бу ҳолатни мана бундай изоҳлади:

- Ўзбекистонда бошқа давлатларда бўлаётган воқеаларга муносабат билдиришни тўғри иш, демайдилар. Шунинг учун ташкилотимиз номидан муносабат билдира олмаймиз.

Шундан сўнг биз унинг шахсий фикрини сўрадик ва у ушбу матннинг бошида келтирилган фикрни айтди.

Нима учун Қрим татарлари Россия таркибида бўлишни истамайди?

Бу саволимизга суҳбатдошимиз мана бундай жавоб берди:

- Чунки миллатимизни айнан Москва геноцид қилган. Мен Москванинг қрим татарларини ўз ватанидан депортация қилганини назарда тутаяпман.

Қрим татарлари Иосиф Сталиннинг фармойиши билан 1944 йил майида 3 куннинг ичида тўсатдан Қримдан СССРнинг бошқа республикаларига, асосан Ўзбекистонга мажбуран кўчириб юборилган.

Сталин қрим татарларига ва умуман уруш даврида кўчирилган бошқа миллатларга потенциал хиёнатчилар, деган тавқи лаънатни ёпиштирган.

Лекин суҳбатдошимиз фашизмга қарши курашда қримлик татарлар ҳам мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатганини эслар экан, бундай деди:

- Урушда миллатимиздан 6 киши Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Бир миллатдошимиз бу унвонни икки марта олган. Қрим татарлари ҳеч қачон жанг майдонини ташлаб қочган эмас, деди фаол.

Баъзи маълумотларга қараганда, Сталин тахминан 190 минг нафар қримлик татарни депортация қилган. Асосан, Ўзбекистонга кўчирилган татарлар Ўзбекистондан, ўзбеклардан рози эканлигини айтди суҳбатдошимиз.

Лекин Ватан соғинчи уларни ортга чорлай бошлади ва 1980- йиллар охирида улар ўз юртига қайта бошлади. Қайтиш жараёни шу кунда ҳам давом этмоқда.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, шу кунда унинг миллатдошлари Тошкент вилоятида, Фарғона водийсида, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах вилоятларида истиқомат қилади. Шу кунда ҳаммаси бўлиб қанча қрим татари борлиги тўғрисида суҳбатдошимизда янги маълумот йўқ. “Уч йил олдин Ўзбекистонда 80 минг миллатдошимиз борлиги айтилган эди”, деди Қрим татарларининг Тошкент шаҳар миллий-маданий маркази фаоли.

Шу кунда Қримда 2,5 миллион кишидан зиёд аҳоли яшайди. Уларнинг 300 мингга яқини шу ерлик татарлардир.
XS
SM
MD
LG