Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:27

Ўзбек муҳожири фабрикадан ўғирлаган 5 тонна конфетни "еб қўйди"


Ўзбек муҳожири ўғирлагани гумон қилинаётган конфетлар 40 минг АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Ўзбек муҳожири ўғирлагани гумон қилинаётган конфетлар 40 минг АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Москва полицияси заводдан 5 тонна ширинлик ўғирлаганликда гумон қилинган ўзбек муҳожирини қўлга олди. Полициянинг "конфетлар қани", деган саволига 27 ёшли ўзбекистонлик мигрант ширинликларни "еб қўйдим", деб жавоб берди.



27 феврал куни Москванинг Марказий маъмурий округида жойлашган “Рот-Фронт” қандолатчилик холдинги вакиллари ширкат омборларидан 5 тоннадан зиёд ширинлик маҳсулотлари йўқолгани тўғрисида полицияга мурожаат қилди.

Маҳсулотлар йўқолгани ширкат маъмурлари томонидан омборда ўтказилган текширув пайтида аниқланган.

Москванинг 2-чи Новокузнецкий кўчасида жойлашган қандолатчилик цехлари омборидан йўқолган ширинлик 1,5 миллион рубл (40 минг АҚШ долл.-таҳр.)га баҳоланди, дея маълум қилди ҳодиса юзасидан тергов бошланганини Озодликка айтган Россия пойтахтининг Марказий маъмурий округ бўйича ИИБси расмий ходими Елена Селютина.

У омбор атрофларидаги видеокамералар ёзувларидан ўғирликни шу омборда ҳаммол бўлиб ишлаб келган 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси содир этгани аниқланганини маълум қилди.

- У Ўзбекистондан келган экан, шу ширкатда юк ташиш билан шуғулланган. Расман қайдда турган, ишга рухсатномаси бўлган. Асосан конфет маҳсулотлари ўғирланган. Қизиғи, унинг шериги борлигини аниқладик. Камера ёзувларида у конфет қутиларини панжарадан ошириб, ташқарига отаётганини кўриш мумкин. У анча вақтдан бери омбордан қутиларни олиб чиққанликда айбланмоқда, дейди Елена Селютина.

Видеоёзувлар асосида полиция ўзбек муҳожири яшаётган квартирага кириб бориб, уни қўлга олган.

“Бироқ у ерда бирор дона ширинлик топилмади”, дея давом этади полиция вакиласи.

- Конфетлар ҳозиргача топилмади. У сотишга ўғирлаган кўринади, аммо полициячилар саволига у конфетларнинг ҳаммасини еб қўйганини айтган. Кўринишидан соппа-соғ, шунча ширинликни еб қўйганини гапираётган бўлса ҳам,- дея кулгисини яшира олмайди полиция вакили.

Ҳозирча тергов тугамагани боис ўзбекистонликнинг исмини ошкор этмаслигини ҳам қўимча қилди Москва шаҳри Марказий маъмурий округи бўйича ИИБси расмийси Елена Селютина.

Полиция ширинлик ўғрилигида айбланаётган иккинчи шахсни ҳам ҳозирча топа олмаган.

Ширинлик маҳсулотларини ўғирлашда шеригини борлигини инкор этиб келаётган 27 ёшли Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 158 моддаси – “ўғирлик” асосида жиноий иш очилди. Муҳожир суд қарори билан тергов тугагунича ҳибсда қоладиган бўлди.
XS
SM
MD
LG