Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Паспорт столлари олдида "ур-йиқит" бўлаяпти


Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани Паспорт столи олдидаги навбат.
Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани Паспорт столи олдидаги навбат.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эски паспорт билан хорижга чиқиш тўхтатилиши эълон қилиниши ортидан мамлакатдаги паспорт бўлимлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлди. Озодлик манбаларига кўра, биометрик паспорт учун ариза топшираётганларнинг қарийб 90 фоизи хорижга ишлагани кетаётган фуқаролардир.



Озодликка бўлаётган мурожаатларда Ўзбекистондаги Ички ишлар бошқармаларининг Паспорт бўлимларида шу кунларда узундан-узун навбатлар кузатилаётгани хабар қилинмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидан WhatsApp орқали хабар йўллаган муштарий туманнинг Паспорт столи биноси олдида биометрик паспорт олиш учун юзага келган вазиятни суратга олиб Озодликка жўнатган.

Қорқалпоғистоннинг Беруний тумани паспорт бўлими олдидаги вазият.
Қорқалпоғистоннинг Беруний тумани паспорт бўлими олдидаги вазият.
“Ҳатто чегарадан ўтишда ҳам бунча навбат йўқ”, дея суратни изоҳлаган муштарийимиз жўнатган суратда Паспорт столи биносининг олдида тумонат одам тургани акс этган.

Озодлик манбаларининг хабар қилишича, нафақат Берунийда балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларидаги Паспорт бўлимлари бинолари олдида турнақатор навбатлар кузатилаяпти.

4 март куни Наманган шаҳрида яшовчи 39 яшар Зоҳиджон Зокиров ҳам биометрик паспорт олиш учун Паспорт бўлимига ариза топширди.

Зоҳиджоннинг айтишича, эрталаб соат 9да бориб, 96 –бўлиб навбатга турган.

- Паспорт столда бугун одам шунақа гавжум экан, қўпол қилиб айтганда уйни суварак босиб кетгандай қилиб, шунақа одам кўп экан. Эрталаб соат 9да етиб бордим. 96-навбатда эканман. Икки соатдан кейин очеред келдида. Ит эгасини танимайди дегандек бу ëқдан ҳам очеред, у ëқдан ҳам очеред келади. Ҳар ким хоҳлаганида навбат талашишади. Навбатга туринглар, дейди, уруш-жанжал ҳам бўлиб кетади. Ëқалашиб ҳам кетишаяпти. Ичкарида одам жуда кўп. Ҳар битта одамни биометрик паспорт олдириш учун ҳам, ўзининг алоҳида хонаси бор экан, 5-10тадан олиб кираяпти ичкарига, дейди Зоҳиджон Зокиров.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 6 февраль куни эълон қилган қарорига кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ўзбекистонликлар эски турдаги паспорт билан хорижга чиқа олмайди.

Одатда кунлар исиши билан оммавий равишда хорижга ишлашга кетувчилар кўпаяди.

Жойлардаги манбаларимиз хабарига кўра, муҳожирликка кетмоқчи бўлган фуқароларнинг деярли барчаси биометрик паспорт олиш ҳаракатида бўлаяпти.

- Кузатувим бўйича, асосан, кўпчилик, 90 фоиз десам ҳам бўлади, Россия, Қозоғистон шу давлатларга ишлагани кетаётган одамлар. Мардикорчилик қилагани кетаётганлар, ўша аёлу эркаклар, ёшлар ҳам бор, шу 95-йилги йигитлар ҳам бор, дейди Зоҳиджон Зокиров.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш республика бошқармасидаги ўзини таништирмаган мутахасиси Паспорт бўлимлари олдида юзага келган турнақатор навбатларни одатий ҳол дея атади.

“Бу фуқароларнинг ажиотажи. Ҳамма Паспорт бўлимлари одатий режимда иш фаолиятини давом эттираяпти. Матбуот орқали ваҳима қиладиган ҳеч қандай гап йўқ”, деди бошқарма мутахасиси.

Озодлик манбаларига кўра, Ўзбекистонда кўплаб фуқаролар сўнгги пайтларда янги биометрик паспорт олиш билан боғлиқ қийинчиликлар қаршисида қолишган.

Одатда 10 иш кунида берилиши керак бўлган паспорт бир ойдан ошиқроқ вақтда берилмоқда.

Паспорт столидагилар паспорт олиш учун мурожаатлар кўпайиб кетгани боис паспорт тайёрлаш жараёни чўзилиб кетаётганини айтишади.



Ўзбекистонда биометрик паспортга ўтиш жараёни 2011 йилнинг 1 январидан бошланган ва бу жараён 2015 йилнинг декабр ойига қадар тўла якунланиши кўзда тутилган.

Дастлаб эски русумдаги паспортларнинг 2015 йил 31 декабригача амалда бўлиши эълон қилинди. Лекин йил бошида Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 1 июлидан бошлаб хорижга фақат биометрик паспорт билан чиқиш борасида қарор қабул қилди.
XS
SM
MD
LG