Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:10

Ўзбекистонда хорижга изнсиз чиқолмайдиган мансабдорлар рўйхати эълон қилинди


5 мартда имзоланган қарорга кўра, 25 номдаги мансабни эгаллаб турган амалдорлар Ўзбекистондан ташқарига чиқиш учун шахсан президент Каримовдан изн олиши зарур.
5 мартда имзоланган қарорга кўра, 25 номдаги мансабни эгаллаб турган амалдорлар Ўзбекистондан ташқарига чиқиш учун шахсан президент Каримовдан изн олиши зарур.

Ўзбекистонда айрим давлат амалдорлари эндиликда хорижга фақат мамлакат президенти, Вазирлар маҳкамаси ва президент девонининг тегишли хизматларидан махсус рухсатнома олганидан кейингина чиқа оладилар.


Чет элга махсус рухсатнома билангина чиқа оладиган амалдорлар рўйхати Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғриси”даги қарори билан тасдиқланган.

5 март куни имзоланган бу ҳужжат мансабдор шахсларнинг чет мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш, хизмат сафарлари самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлаш ва давлат сирларини сақлаш мақсадида қабул қилингани айтилмоқда.

Қарорга мувофиқ, эндиликда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, Олий Мажлис Сенати раиси ва Қонун чиқариш палатаси спикери, мамлакат Омбудсмани, Марказий банк раиси ва унинг ўринбосарлари, МХХ раиси, Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди раислари, Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, вилоят ҳокимлари ва Тошкент шаҳри ҳокими – жами 25 та мансабни эгаллаб турган амалдорлар четга чиқиш учун шахсан Ўзбекистон президентидан изн олишлари зарур.

Агар Тошкент шаҳар ҳокими хорижга чиқиш учун президентдан изн олиши лозим бўлса, Ўзбекистондаги бошқа шаҳарлар ҳокимлари Вазирлар маҳкамасидан рухсат сўрашлари керак бўлади. Улардан ташқари Вазирлар маҳкамаси ижроия девони масъул ходимлари ва ахборот-таҳлилий бўлимлари раҳбарлари, Миллий ахборот агентлиги бош директори, Миллий телерадиокомпания раиси ва унинг муовинлари, Бадиий академия раиси, туман ҳокимлари – жами 15 номдаги мансабни эгаллаб турган амалдорлар Ўзбекистондан чиқиш учун ҳукуматдан рухсат олиши керак бўлади.

Конституциявий суд ҳакамлари, Ўзбекистондаги умумий юрисдикция ва хўжалик судлари судьялари, ИИВ, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитасига дохил олий таълим муассасалари раҳбарлари (ректорлари) ва ўринбосарлари (проректорлари), шунингдек, Ташқи ишлар ваўирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий ва тузилмавий бўлинмаларининг масъул ходимлари эса халқаро ва минтақавий ташкилотлар (БМТ, ШҲТ, МДҲ ва ш.к.) томонидан ўтказилаётган расмий тадбирларда иштирок этиш учун ўз командировкаларини Президент девонининг тегишли хизматлари билан мувофиқлаштиришлари лозим бўлади. Мансабдор шахсларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан ўтказиладиган расмий тадбирларда иштирок этиши Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади.

Қарорда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонунида давлат сири ёки ҳарбий сир бўлган маълумотлар билан ишлаётган ёки ишлаган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ўзларининг ёзма розиликлари асосида чекланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. “Шу важдан давлат сири ёки ҳарбий сир бўлиб ҳисобланган маълумотлардан хабари бўлган мансабдорларнинг хорижий мамлакатларга чиқиши белгиланган тартибда махсус келишувга кўра амалга оширилиши лозим”, дейилади президент имзолаган ҳужжатда.

Қарорда Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ноқонуний равишда хорижга чиққанлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилган.
XS
SM
MD
LG