Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:54

Бувайда ҳокими ногироннинг кўчасига асфальт ётқизишга ваъда берди


Фарғона вилояти Бувайда тумани Бештерак қишлоғида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони 43 яшар Бўстонбой Орзиевнинг Озодлик орқали чиқишидан сўнг туман ҳокимлиги унинг кўчасига асфальт ётқизишга ваъда берди. Ҳокимлик мутасаддилари уч йилдан буён Орзиевнинг асфальт борасидаги мурожаатларини беъэтибор қолдириб келаётган эди.

"Ҳокимликдан миннатдорман!"

10 март куни Озодлик орқали бувайдалик ногирон Бўстонбой Орзиевнинг у яшайдиган кўчани асфальт қилишга ҳокимлик кўмак кўрсатмаётгани ҳақидаги чиқишидан сўнг Бувайда туман ҳокими унинг уйига ташриф буюрди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Бўстонбойга кўра, ҳоким у яшайдиган кўчанинг 200 метр жойини асфальт қилиб беришга ваъда берган.

- Ишларимиз олдинга юриб қолди анча. Ҳоким келди, сельсоветнинг раиси, маҳаллакомлар келишди. Ҳоким "Ҳаво исиши билан, ҳарорат 25 даражага чиқиши билан сизнинг кўчани асфальтлаймиз", деди. Ваъда беришди. "Биринчи очередда кўчангизни қилиб берамиз", деди. Ҳаммаларига раҳмат. Келишиб, аҳволимни сўраб, йўлни кўришиб, инобатга олишди. Ҳокимларга раҳмат, деди Орзиев 13 март куни.

*************************************************************************

Қуйида 10 март куни Озодлик сайтида эълон қилинган мақола билан танишишингиз мумкин:

Ҳарбийда умуртқасидан айрилган Бўстонбой

Бештерак қишлоқ фуқаролар йиғини Ўртақишлоқ маҳалласида яшовчи Бўстонбой Орзиев 1990 йилнинг 29 октябрь куни ҳарбий хизматда бўлган отишма пайти яраланган.

Ўқ Бўстонбойнинг умуртқа поғонасини яралагани оқибатида у 24 йилдирки тўшакка михланган.

- 1991 йил уйга ногирон ҳолатда кириб келдим. Ўқ бўйнимдан кириб умуртқамдан чиқиб кетган. Умуртқамни тиклай олмайман. Уйда битта жойда ётаман. 1-гуруҳ ногиронлигини умрбодга беришган, дейди Орзиев.

Бўстонбой уйланмади. Бир ўғилни асраб олган. Оладиган 450 минг сўм нафақа пули билан тирикчилик қилади

- Ўзимни нафақамга онамнинг пенсиясини қўшиб, бир бало қилиб эплашаяпти. Дори-дармонга етиб турибди, дейди Орзиев.

Бўстонбойнинг “дарди” асфальтда

Бўстонбой Орзиев ҳаётидан нолимайди. 24 йил давомида тақдирга тан берганлигини гап-сўзларидан англаш мумкин.

Унга давлат томонидан 1991 йили ногиронлик аравачаси берилган. Ушбу аравача унинг 24 йиллик ҳамроҳи. У аравачада кўча айланиб, юрагини “ёзади”.

Лекин Бўстонбойнинг айтишича, у яшайдиган кўчанинг асфальт қилинмагани унинг энг катта “бош оғриғи”га айланган.

“Ҳар замонда кўчага айланиб чиқиб келаман. Муаммо шундаки, мен аравачада юрадиган йўлим асфальт қилинмаган. Қиш кунлари, ёғингарчиликларда лой, сирпанчиқ бўлиб кетади. Дардни дард чеккан билади. Мен ҳам одамларга ўхшаб кўчаларни айлангим, очиқ ҳавода сайр қилгим келади. Кўча ёмонлигидан аравани ҳайдашга қийналиб, қўл ва оёқларим яра бўлиб кетаяпти”, дея Озодликка мурожаат қилди Бўстонбой Орзиев.

Суҳбатдошга кўра, 300 метрлик кўчанинг 100 метрини қўшнилари билан пул йиғиб, асфальт қилишган, лекин қолган 200 метрига қурбилари етмаган.

- Бештерак фуқаролар йиғинининг Ўрта қишлоқ маҳалласидаги 26-мактабнинг ëнидаги кўча. Маҳаллада 3-4та хўжалик йиғилишиб, ўша бурчаккача 100 метрини қилиб олдик. Энди 200 метрга куч етмаяпти. Бундан у ëғини кўтара олмаганимиз учун сизларга мурожаат қилаëтувдик, дейди Орзиев.


Бувайдалик ногирон Бўстон Орзиев
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:08 0:00


Уч йилдан буён кутилаётган бир машина асфальт

Йиллар давомида тўшакка михланиб қолган Бўстонбой шу кўчани асфальт қилдириш муаммоси ортидан “курашчи”га айланди.

- Район (Бувайда туман ҳокимлиги-таҳр.)га ариза берганман. “Асфальт қилиб беринглар”, деб. 2-3 йил бўлиб қолди унга ҳам... Қиш кунида аравада юргани ҳам, машинада юргани ҳам йўлимиз чатоқлиги учун асфальт қилиб беришини сўровдим. Олдин ҳам ариза берган эдим. Инобатга олингани йўқ эди. Ўтган йил ариза берган эдим асфалт қилиб беринглар деб. Кўчамизга кириб чиқишга жиндай лой ҳалақит қилаяпти. Аравада юрганда лой бўлиб қолаяпти, у ер бу ерлари. Ҳокимлик индашгани йўқ. Хабар ҳам йўқ, бошқа ҳам йўқ. Ҳокимлар олдин келиб хабарлашиб турарди. Ҳозир ҳеч ким хабар ҳам олгани йўқ.”, дея нолиди Орзиев.

Бўстонбойнинг ҳисоб-китобича, 200 метр жойни асфальт қилиш учун тахминан бир машина асфальт кетади.

- Бир машина асфальт бўлса эпласак бўлади. 2 йил олдин қилганимизда 1 миллион сўмга олинди. Ҳозир билмайман нархи қанча. Тайëр асфальт бўладида у. Бир машина асфальт бўлса, маҳалла-кўй билан тошларини тўктириб, бу ëғини қилиб олардик. Асфальтга ëрдам берса бўлди, дейди Бўстонбой Орзиев.

Бўстонбой 1 миллион сўмлик 1 машина асфальт олиш умидида Бештерак қишлоқ фуқаролар йиғинига қилган мурожаати ҳам бесамар бўлганини айтади.

Бўстонбой Орзиев билан суҳбатни тўлиқ равишда қуйида тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:56 0:00
Бевосита линк


Озодлик Бештерак қишлоқ фуқаролар йиғини ва Бувайда туман ҳокимлигидан Бўстонбой Орзиев арзи бўйича бирор маълумот олиш имконига эга бўлмади.
XS
SM
MD
LG