Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

2010 йилда ўқ еган 9 ёшли қизалоқ ёрдамга муҳтож


Кубро 4 ёшида ўққа учиб, ногирон бўлиб қолган эди.
Кубро 4 ёшида ўққа учиб, ногирон бўлиб қолган эди.

2010 йилнинг 19 майида Жалолободнинг Сузоқ туманидаги милиция бўлимида содир этилган отишмада оғир яраланиб ногирон бўлиб тўшакка михланиб қолган ўша пайтдаги 4 ёшли Кубро шу кунларда 9 ёшга тўлди ва у барча муруватли одамлардан ўзининг оёққа туришида кўмак беришларини сўрамоқда.

-Мени юргим келаяпти, менга ёрдам беринглар. Мен ҳам ўртоқларим билан бирга юргим келаяпти...

Бу эндигина 9 ёшини қаршилаган Кубро Маҳамадқодированинг ич –ичидан отилиб чиққан нажот илтижоси.

2010 йилнинг 19 майида ўша пайтда эндигина 4 ёшга тўлган Куброларнинг уйи яқинида жойлашган Жалолобод вилоят Сузоқ тумани Ички ишлар бўлимида отишма содир бўлади. Ҳовлида ўйнаб юрган Кубро отишмадан қўрқиб уй ичига кириб улгурмай, дайди ўқ келиб тегди.

2010 йилда ўқ еган 9 ёшли қизалоқ ёрдамга муҳтож
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:41 0:00
Бевосита линк

-Ўқ РОВД томонидан отилган. Қизим соат кечки олтиларда кўчада ўйнаётганда ўқ теккан. Ўқ кўкрагининг тагидан тегиб, орқа томондан жигар ва умуртқа поғонасини ёриб ўтиб кетган, -деб эслайди Кубронинг онаси Малоҳатхон.

4 ёшли қизалоқнинг Ички ишлар бўлимида юз берган отишмадан оғир жароҳатлангани ўша пайтда матбуотда катта-шов-шув бўлган эди. Бунинг оқибатида ўшанда давлат раҳбари бўлиб турган Роза Ўтунбаева Куброни Бишкекка олиб келтириб, биринчи мураккаб операциядан ўтказган. Шундан сўнг давлат ҳисобидан Москвага даволанишга жўнатган эди. Ўшанда собиқ президент матбуотга Кубро то оёққа туриб олгунига қадар барча даволаш амалиётлари ҳукумат томонидан тўланишини айтган. “Бироқ Роза Ўтунбаева ҳокимиятни топширгач, бу ваъдалар унутилди. Қизим эса 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолди”, дейди Малоҳатхон.

-Роза Ўтунбаева бизга жуда катта ёрдам берди. Ҳозир эса ҳеч қаердан ёрдам ололмаяпмиз. Роза Ўтунбаева “бу қиз қаерда операция қилинса унинг ҳамма операциялари бекорга қилинади”, деб айтган эди. Мана ҳозир ҳам қизим “почкаларим оғрияпти” деб додлаб йиғлаяпти. Уни мактабдан аравачасига солиб уйга олиб келдим. Духтирга олиб боришга ҳам пулим йўқ...Мен Атамбаевга ҳам ариза киритдим. Лекин у ҳам аризамга қарамаяпти. Ҳали президентдан бирорта жавоб олганим йўқ. Хатто Жалолобод вилоят губернаторига ёрдам сўраб қилган мурожаатларимга ҳам бир йилдан бери жавоб ололмадим, - дейди Малоҳатхон.

Унинг айтишича, тўрт йилдан бери ногиронлар аравачасига михланиб қолган Кубро оёққа туриб олиши учун яна бир операция зарур.

-Москвада орқасига бир темир қўйдириб келганмиз. Худога шукур, ҳозир тик ўтиради, лекин оёқлари ишламайди. Операцияга муҳтож. Нерв томирларини улаймиз деяпти. Москва бизни ортга қайтариб юборди. Улар бундай операция фақат Германияда қилинади деб айтишди,- дейди йиғлаб Малоҳатхон.

Кубро айни пайтда уч минг сўм, яъни 70 доллар атрофида нафақа пули олар экан. Бу пул эса, онаси Малоҳатхоннинг айтишича, қизи доимо муҳтож бўладиган икки блок памперс сотиб олишга етади холос.

Кубро Маҳамадқодированинг тақдиридан хабар топган Бишкекдаги этник ўзбекларга ёрдам кўрсатувчи “Юнити” нодавлат жамғармаси айни пайтда қизалоққа ёрдам кўрсатиш учун пул тўплаш жараёнини бошлади. (“Юнити” ташкилоти ҳақида мана бу ерда тўлароқ маълумот олишингиз мумкин)

-Бизнинг ташкилотимиз очилганига уч йил бўлди. Шу давр мобайнида Ўш ва Жалолободдаги кўплаб этник ўзбекларга ёрдам кўрсатдик. Ўтган йили кўрсатган инсонпарварлик ёрдамимиз 5 минг долларни ташкил этди. Бироқ бизнинг ташкилотимиз катта маблағ талаб қиладиган операцияларга молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятларига эга эмас. Шунинг учун биз барча ҳамюртларимизни, барча миллатдошларимизни, жаҳонга сочилган ўзбекларимизни Сузоқдаги 9 ёшли қизалоқ - Кубронинг тақдирига беэътибор қолмасликка чақирамиз, -дейди “Юнити” ташкилоти раҳбари Равшанбек Йўлдошев.

Кубро Маҳамадқодировага даволаниши учун кўмак кўрсатмоқчи бўлган ҳар бир одам ўз маблағини “Юнити” ташкилотининг банкдаги ҳисобига ўтказиши мумкин. Ташкилот раҳбари Равшанбек Йўлдошев Куброни даволаш учун тўпланган пулларнинг ҳар бир тийини учун Озодлик радиоси орқали тингловчиларга ҳисобот беришга тайёр эканини ва мана шундай мажбуриятни ўз зиммасига олишини билдирди.

Кубро Маҳамадқодировага ёрдам кўрсатмоқчи бўлганлар қуйидаги ҳисобга ёрдам жўнатишлари мумкин:

Bishkek, Kyrgyzstan
Demir Kyrgyz International Bank
BIC 118005
ИНН 01810201110174
код ОКПО 27503657
KGS1180000052134070 (қирғиз сўми учун)
USD 1180000052227131 (доллардаги пул ўтказмалари учун)


Айни пайтда Кубро Маҳамадқодирова ўзига ёрдам кўрсатган барча инсонларга рахмат айтишини ва келажакда шифокор бўлмоқчи эканини билдирди:

-Келажакда духтир бўламан! Ҳаммага ёрдам бераман, -дейди 9 ёшли Кубро.
XS
SM
MD
LG