Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Жиянини зўрлаган тоғанинг бошсиз танаси Катта Фарғона каналидан топилди


Гулистон ҳокими ўринбосари пора билан қўлга тушди. Бухорода ирим-сирим гўдакнинг ўлимига сабаб бўлди. Фарғоналик отахон Бразилияга велосипедда бормоқчи. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Гулистон ҳокими ўринбосари порахўрлиги учун қамалди”

Сирдарё вилояти Гулистон тумани ҳокимининг ўринбосари Ўринбой Аманлиқов порахўрлик жинояти учун 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди (“Адолат кўзгуси”, 13 март).

Капитал қурилиш, коммуникация, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш ишларига масъул саналган Аманлиқов Ногиронлар жамияти Сирдарё вилояти бўлимига қарашли корхона раҳбаридан 300 минг сўм миқдорида пора олаётганида қўлга тушган.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди Аманлиқовни Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топган. 6 йилга кесилган ҳоким ўринбосари 3 йил муддат мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.

“Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти суд қарорига зид равишда гаражларни бузмоқда”

Тошкент шаҳри Олой мавзесида жойлашган 40 дан ошиқ гараж қонунга зид равишда бузилмоқда (“Новий век”, 13 март).

Газета хабарига кўра, мазкур ҳудуд аҳолисининг шикоятидан кейин фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди гаражларни бузишни тўхтатиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган. Суд қарорига қарамай, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти вакиллари гаражларни бузишга киришган. Бузилган гаражлар ўрнида эса нон дўкони қурилиши кўзда тутилган.

Эслатилишича, Тошкент шаҳар прокурори 2013 йилнинг 31 декабрида шаҳар ҳокимининг гаражларни бузиш ҳақидаги буйруғига протест келтирган ва 2014 йилниг 13 январида Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов гаражларни бузиш тўғрисидаги ўтган йилги қарорини бекор қилишга мажбур бўлган.

“Андижонда мудҳиш жиноят содир этилди”

Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳрида мудҳиш жиноят содир этилди: эллик ёшлардаги тоға ўн олти ёшли жиянининг номусига тегди (“Ҳуқуқ”, 13 март).

Газетага кўра, муқаддам бир неча марта судланган тоға маст ҳолатда ўз опасининг қизини номусини булғаган. Ҳомиладор бўлиб қолган қиз боласини аборт йўли билан олдириб ташлаган.

Йўлдан озган тоға кейин ҳам жиянини бир неча марта зўрлаган. Шундан кейин қасос ўтида ёнган қиз маст ҳолатда ўзига тегажоқлик қилган тоғасини пичоқлаб ўлдирган. Сўнг калласини кесиб ёқиб юборган, марҳумнинг танасини эса Катта Фарғона каналига ташлаган. Маълум бўлишича, номусини топтаган тоғасининг жонига қасд қилган қиз 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Тошкентда итальян микроавтобуслари ишлаб чиқарилади”

Италияда ишлаб чиқарилган “Iveco Daily” Тошкент шаҳри аҳолисига хизмат қилувчи асосий транспорт воситасига айланиши мумкин (“XXI аср”, 13 март).

Мазкур русумдаги микроавтобуслар айни пайтда Тошкентда “МiniBusTrans” жамияти томонидан синовдан ўтказилмоқда. Дастлабки 10 минг километрлик ҳаракат натижаларига кўра, микроавтобус Тошкент кўчаларига мос деган хулосага келинган.

Хабарда айтилишича, синовнинг якуний натижаларидан келиб чиқиб, “Iveco” микроавтобусларини Тошкент авиация заводи базасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

“Бухорода ирим-сирим гўдакнинг ўлимига сабаб бўлди”

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида кекса онахон ирим-сирим қилиб, ўз невараси ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда туман прокурори Жаҳонгир Ҳотамов “Ҳуқуқ” газетасига маълум қилади.

Қайд этилишича, А.Сафарова невараси касал бўлганида, уни шифокорга кўрсатиш ўрнига “чертма” одатини қилган, яъни чақалоқнинг энса қисмини лезвияда тилиб қон чиқарган. Чақалоқнинг аҳволи оғирлашганига қарамай, уни шифокорга олиб бориш ўрнига, ушбу ирим-сирим бир неча марта такрорланган.

Оғир аҳволда шифохонага олиб борилган 47 кунлик чақалоқ қон кетиши ва ўткир полиорган етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Ирим-сиримларга ишониб, чақалоқни ўзича даволоқчи бўлган, аммо унинг ўлимига сабаб бўлган
А.Сафаровага нисбатан Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши очилган.

“Абитуриентлар 9610 сўмга билимини синаб кўриши мумкин”

Ўзбекистон олий ўқув юртларига кирмоқчи бўлган абитуриентлар 9610 сўм эвазига ўз билимини синаб кўриши мумкин (“Оила даврасида”, 13 март).

Бунинг учун талабгор Давлат тест маркази ёки унинг вилоятлардаги филиалига мурожаат қилиб, ўзи танлаган таълим йўналиши бўйича тест саволларига буюртма бериши керак. Марказ 3 фан бўйича жами 108 саволдан иборат тестларни абитуриентга етказиб беради.

Саволларнинг жавобини абитуриент мустақил текшириши мумкин. Ёки Давлат тест маркази бирор бинода кўпчиликни йиғиб синов жараёнини ўтказиши ҳам мумкин. Тест материаллари 2013 йилда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида тушган саволлар базасида тузилган.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига кирувчилар эса ўз билимини 4805 сўм эвазига синаб кўради. Тест саволларига Тошкентдан 99871-2355645 рақами орқали буюртма бериш мумкин.

“Фарғоналик отахон Бразилияга велосипедда бормоқчи”

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи 64 ёшли Акрамжон Маъруфжонов энг экологик тоза транспорт – велосипедда Бразилияга бориб, 12 июнда очиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида қатнашмоқчи (“Даракчи”, 13 март).

Отахон уммондан ўтаётганда бошқа транспорт воситасидан фойдаланишига тўғри келади. Қайд этилишича, велосипедда олис саёҳат 64 ёшли отахон учун янгилик эмас. 2006 йили Германияда ўтказилган жаҳон чемпионатига ҳам у велосипедида етиб борган. Ўшанда Акрамжон Маъруфжонов барча ўйинларни томоша қилиб, севимли футболчиси, Германия терма жамоаси дарвозабони Оливер Кандан дастхат ҳам олган.

“Тамаки тутунидаги 4000 дан ортиқ бирикма саломатликка хавф туғдиради”

Сигарет чекиш ўпка, саратон ва юрак хасталикларини келтириб чиқаришиши, пуштсизликни юзага келтириши олимлар томонидан исботланган. Эндиликда олимларнинг тамакининг сочга ҳам салбий таъсирини аниқладилар (“Ўзбекистон овози”, 12 март).

Сигарет чекиш натижасида соч фолликулаларида ДНК тизими бузилиши юзага келади. Сезиш қобилиятини бошқарувчи асаб толалари зарарланиши оқибатида ҳид ва таъм билиш заифлашади. Кашандалик суякларнинг мўртлигига ҳам олиб келади. Тамаки тутунидаги 4000 дан ортиқ бирикма кўзга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
XS
SM
MD
LG