Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:40

Тошкентда Наврўз тантаналари бўлиб ўтаяпти


Бугун Ўзбекистон пойтахтидаги Алишер Навоий номли Миллий боғда ҳуқуқ-тартибот идораларининг қаттиқ назорати остида Наврўз байрами нишонланмоқда.


Наврўз муносабати билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов тантана нишонланаётган жойга йиғилган хос кишилар олдида табрик нутқи сўзлади. Ўз сўзида Ислом Каримов одамларни Ўзбекистондаги тинчлик ва хотиржамликни қадрлашга чақирди.

Президент нутқидан кейин ўзбекистонлик санъаткорларнинг чиқишлари бошланди.

Маълумотларга кўра, Наврўз тантаналарида парламент ва ҳукумат аъзолари, фан, маданият, санъат ва спорт арбоблари, тадбиркорлар, фахрийлар, хорижий элчихоналар ва Ўзбекистонда аккредитация олган халқаро ташкилотлар ходимлари иштирок этмоқда.

Тантана муносабати билан Тошкентда транспорт ҳаракати чекланган, байрам тантанаси ўтказилаётган жойга яқин бўлган “Миллий боғ” метростанцияси вақтинча ёпилган. Шунингдек, пойтахтга кириш-чиқиш жойларида автомобиллар тартиб посбонлари томонидан диққат билан текширилмоқда.

Тантана куни Тошкентдаги айрим кўчаларда транспорт қатнови чекланиши ҳақида расмийлар пойтахт аҳлини аввалдан огоҳлантирмаган. Бу эса йўловчи ва ҳайдовчилар норозилигига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон нашрлари форумларида Интернет фойдаланувчилар бу чекловлар юзасидан ёзғирган кўплаб шарҳларга дуч келиш мумкин. Хусусан, Абдурауф Набиев исмли фойдаланувчи эрталаб Ҳамза метросидан Чорсугача бўлган қисқа йўлни босиб ўтиш учун 1 соат сарфланганини айтади. Ўзини Славик К. деб таништирган фойдаланувчи эса Самарқанд дарвоза кўчасида юзага келган тиқин туфайли кўпчилик ўқиш ва ишига кеч қолганини ёзади.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида таништирамиз.
XS
SM
MD
LG