Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:27

Пайнетчиларнинг ширкатлардан оладиган рағбатлантириш пули фоизи кўтарилди


UZPAYNET вакилларига кўра, мижозлардан олинадиган 6 фоизли комиссия бекор қилинганидан кейин агентларга компаниянинг хизмат кўрсатувчи ҳамкорлари мукофот пули ажратиб бера бошлаган ва бу пул мижоз томонидан тўланган пулнинг 2,5 фоизини ташкил қилади.


Бу ҳақда Озодликка UZPAYNET ширкати операторларидан бири маълум қилди.

- Олдин [6 фоизлик] комиссия олинарди. Ҳозир эса 19 мартдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 56-қарорига биноан бунга ўзгартириш киритилди. Ўша ўзгартиришга қараб комиссия вознаграждение, яъни мукофот пулига ўзгарди. Бу ёқда мижозлар қанча тўлашса, шунча пул PAYNET орқали ўтаверади - 10 минг бўлса, 10 минг, 5 минг бўлса, 5 минг – қолган фоиз миқдорларини компаниялар ўзлари ажратиб беришаяпти, - деди UZPAYNET оператори.

UZPAYNET вакилига кўра, аввал мижозлардан 6 фоизлик комиссия олинган пайтда бунинг 2 фоизи UZPAYNET ширкатига, 4 фоизи эса компания агентига қоларди. Комиссия бекор қилинганидан кейин компаниянинг Ucell, Beeline, Perfectum каби ҳамкорлари томонидан агентларга 0,1 фоиздан бошланган рағбатлантириш пуллари бериладиган бўлган. Бироқ, афтидан, бу пул агентларни қониқтирмаган кўринади - балки шу важдан рағбатлантириш пули фоизини кўтаришга қарор қилинган.

- Вознаграждение фоиз миқдори олдин кичкина эди. Ҳозир Ucell ники 2,5 фоизга ўзгаргани ҳақида маълумот берилаяпти. Ucell, UzOnline, Perfectum вознаграждениеси энди 2,5 фоиз, - деди UZPAYNET вакиласи.

“Агентларга ҳамкорлар мукофот пули тўласа, UZPAYNETга ким тўлайди?” деган саволимизга ширкат вакиллари ҳозирча бу саволга жавоб бера олмасликларини айтиб, бизга UZPAYNET сайти янгиликлар бўлимини кузатиб боришни тавсия қилишди.

Ўзбекистонда онлайн тўловларни амалга оширувчи UZPAYNET тизимини президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган шахслар назорат қилиб келганига ишонилади.

Озодлик эга бўлган ҳужжатларга кўра, UZPAYNET Гибралтарда рўйхатга олинган “Takilant Ltd” ширкатига қарашли.

Гулнора Каримовага яқин бўлган Гаянэ Авакян номига очилган “Takilant Ltd” Европада пул ювиш жинояти бўйича очилган иш марказида бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган ой солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ва бошқа айбловлар бўйича Авакян ҳамда яна ўнга яқин шахсга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари UZPAYNET мижозларидан олинадиган комиссия тўлови бекор қилиниши ортидан компания агентлари “дўконларини ёпиб қўйишлари”, бу эса мижозларни қулайликдан маҳрум қилиши мумкинлиги тўғрисида хавотир билдиргандилар. Энди эса улар агентларга рағбатлантириш пули тўлайдиган компаниялар, шу жумладан, уяли алоқа операторлари тарифларни кўтариб юборишлари мумкинлигидан ташвишланмоқдалар.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Beeline, UZMOBILE, Perfectum Mobile каби операторлари тарифида ҳозирча бирор ўзгариш бўлгани йўқ. Айни пайтда Ucell уяли алоқа ширкати шу йилнинг 4 апрелидан бошлаб бир қанча тарифлар бўйича кундалик абонент тўлови 1 центга оширилишини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG