Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:43

Қрим татарлари ўз миллий референдумини ўтказади


Мустафо Жамилев Украина Радасида нутқ сўзламоқда.
Мустафо Жамилев Украина Радасида нутқ сўзламоқда.
Ўз ҳарбийлари ишғоли остида Қримни Украина таркибидан чиқариб¸ уни Россия таркибига қўшиш юзасидан ўтказилган референдумни бойкот қилиб¸ унинг натижаларини ҳам тан олмаган ярим оролнинг туб аҳолиси – қрим татарларининг 29 март кунги қурултойида референдум ўтказиш юзасидан қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Бу ҳақда қрим татарларининг таниқли етакчиси¸ Украина парламенти депутати Мустафо Жамилев Озодликка маълум қилди:

- 16 март куни ўтказилган референдум бу сохта референдум ва унинг ўтказилиши Украина қонунларига зиддир. Айни пайтда бу референдум жуда кўп сохтакорликлар билан ўтди. Қрим татарлари¸ билганингиз каби¸ уни бойкот қилдилар. Улар (Россия референдуми ташкилотчилари) гўë референдумда овоз беришга ваколатли аҳолининг 100 дан 80 фоизи қатнашди¸ қатнашганларнинг 95 фоизи Россияга қўшилиш учун овоз берди¸ деган гапларни келтирдилар. Буларнинг ҳаммаси ëлғон. Биздаги маълумотларга кўра¸ бу референдумда Қрим овоз берувчиларининг бор-йўғи 35 фоизи қатнашди. Шундан келиб чиқиб¸ бу ернинг туб аҳолиси ўлароқ биз қрим татарлари ўз референдумимизни ўтказиш ва иродамимизни кўрсатишга қарор қилдик, дейди Қрим татарлари Миллий Мажлиси собиқ раиси.
Қрим татарлари референдум ўтказмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:15 0:00

Мустафо Жамилевга кўра¸ бу референдумнинг қачон ўтказилиши¸ унда қандай саволлар қўйилишини Миллий Мажлиснинг 29 март кунга белгиланган қурултойи белгилаб беради. Айтишим мумкин бўлгани¸ бу референдумнинг тўлиғича Украина қонунчилигига мос бўлажагидир¸ дейди Рада депутати:

-Украина қонунларига кўра¸ Қримни ажратиб олиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Биз қрим татарларининг статуси қандай бўлади¸ Қрим татар миллий жумҳурияти бўладими ëки эски статусга қайтиладими¸ шунга оид савол қўймоқчимиз. Аммо Қримни Украинадан ажратиб олиш ҳақида мутлақо сўз ҳам бўлмайди¸ дейди Қрим татарлари Миллий мажлиси собиқ раиси¸ Украина парламенти депутати Мустафо Жамилев Озодлик билан суҳбатда.
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди


Нишонсиз ҳарбий форма кийган қуроллилар Қримни ишғол қилган февралнинг сўнгги кунларидан бери де факто Россия назоратига ўтган ярим оролнинг туб аҳолиси қрим татарларнинг¸ бу босқинни қўлламагани¸ Кремль уюштирган референдумни бойкот қилгани учун босим ва тазйиқ остида қолганига оид маълумотлар кўпаймоқда. Айни пайтда¸ Қрим СССР таркибида бўлган 1944 йилда Марказий Осиë¸ асосан¸ Ўзбекистонга оммавий депортация қилиниб¸ ярмидан кўпи йўлда қирилиб кетган қрим татарларининг яна шундай оммавий ҳайдалиш таҳдиди остида қолганига оид айрим хавотирлар ҳам йўқ эмас. Мустафо Жамилевнинг таъкидича¸ Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан бери қрим татарларининг вазияти жиддий оғирлашгани бор гап¸ аммо улар ватанни ташлаб кетиш фикридан йироқдирлар:

- Ҳозир қрим татарларига мажбуран Россия паспорти бериш уринишлари бўлмоқда. Украина паспорти Қримда тан олинмайди¸ деб эълон қилинди. Россия паспорти олмаганларни давлат тизимларидаги ишларидан чиқармоқчилар. Давлат ишларига фақат Россия фуқаролигини олганларгина ëлланармиш. Бу эса Қримнинг Россияга аннексия қилинганини қабул этмаганлар ишсиз қолади¸ демакдир. Бундайларга ишлаб¸ ҳаëт кечириш имконлари қолдирилмайди. Албатта¸ Украина ҳукумати Россия паспорти олишни истамаган инсонларга қўлдан келган ëрдамни беражак¸ аммо бу ëрдам қай даражада бўлади¸ буни маълум эмас. Маълум бўлгани¸ бу вазият кўп одамни оғир аҳволда қолдиришидир¸ дейди Мустафо Жамилев.

Қрим татарлари Миллий Мажлиси собиқ раиси Мустафо Жамилев ўз миллатдошлари тушиб қолган бу оғир вазиятдан халқаро жамоатчиликни огоҳ қилиш¸ Қрим можароси ечими¸ ундан азият чекаëтган туб аҳоли – қрим татарлари мақом ва тақдирини¸ уларнинг ўзлари белгилаши борасида дастак олиш мақсадида 26 март куни Брюсселга¸ ундан Ню Йоркка сафар қилади. Таниқли арбоб Европа Иттифоқи ва БМТ бош қароргоҳида нутқ сўзлаб¸ туб аҳоли ҳақ-ҳуқуқи кафолатланган халқаро келишув ва қонунлар ижросини талаб қилиш ниятида.

Мустафо оға ўз миллати тақдирини қутқариш билан банд айни кунларда¸ Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ҳудудининг янги ҳукумати уни persona non grata деб эълон қилди ва унинг ўз ватанига киритилмаслиги хусусида қарор чиқарди.

Озодлик билан Киевдан Брюсселга учиш арафасида суҳбатлашган Жамилев¸ бундай қарорни “куракда турмас” дея баҳолади:

- Бундай қарор чиққан¸ лекин мен мутлақ Қримга қайтажакман. Қандай қилиб мени Қримга киритмасликларини кўрамиз. Агар мени Қримга киритмаслик каби ақлсиз ҳаракатга қўл урсалар¸ оқибати ëмон бўлади. Мен шу кунларда жуда бандман. Брюссел ва Ню Йоркдан сўнг Лондон ва Страсбурга учрашувларим бор ва шу боис 10 апрелдан олдин Қримга қайта олмайман¸ дейди Мустафо Жамилев.

Қрим можароси бошланганидан бери халқаро етакчилар билан мунтазам учрашиб¸ бўҳронга ечим топишга уринаëтган Мустафо Жамилев¸ Қримнинг кейинги тақдирини Украина ҳудудий яхлитлиги учун гарант бўлган Ғарб давлатларининг Кремлга кўрсатадиган босими белгилайди¸ деган фикрда.

“Аммо бу жараëн анча узоқ этадиган кўринади”¸ дейди Мустафо Жамилев.
XS
SM
MD
LG