Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:56

“Дарбанд” постидан 18 ёшга тўлмаганлар ўтказилмаяпти


Бухоро ва Хоразм вилоятлари ўртасидаги милиция пости.
Бухоро ва Хоразм вилоятлари ўртасидаги милиция пости.
Сурхондарёдан Қашқадарё вилоятига ўтадиган “Дарбанд” назорат- ўтказув постида Тошкентга кетаётган 18 ёшга тўлмаган ёшлар ушлаб қолиниб, ортга қайтариляпти. Расмийлар ёшларнинг коллежлардаги давоматини таъминлаш ва ёшларнинг Тошкент орқали мардикорликка кетмаслиги учун шундай чора қўлланилаётганини айтишди.

Сурхондарё вилоятидан чиқишдаги “Дарбанд” назорат- ўтказув постидан 18 ёшга тўлмаган болалар ўтказилмаяпти.

Бу ҳақда Узун туманидаги коллежлардан бирида ўқиётган 17 ёшли Даврон (исми ўзгартирилган) Озодликка хабар берди.

Давроннинг айтишича, у ҳар сафар Тошкентга бормоқчи бўлганида Сурхондарё вилоятидан чиқувчи “Дарбанд” назорат-ўтказув постида ушлаб қолинади:

- Бу йил мен коллежни тугатаман. Тошкентга ўқишга кирмоқчиман. Пойтахтдан репетитор топиб, ҳар ойда бир марта бориб келаман. Лекин ҳар сафар “Дарбанд” постида милициялар мени машинадан тушириб, шу кеча шу ерда ётасан, эртага уйингга қайтасан, деб айтишади,- дейди Даврон.

Коллеж ўқувчисига кўра, милиция ходимлари нима сабабдан бундай қилишаётгани сабабини тушунтиришмайди:

- Вояга етмагансизлар, ўқишларинг керак дейди. Паспортимиз борку, десак ҳам кўнишмайди. Президентни фармони чиққан, коллеж ўқувчилари ўтмаслиги керак, деб айтишади,- дейди Даврон.

Бироқ Давронбек бирор марта ҳам уйига қайтиб кетгани йўқ. Бу муаммони ҳал қилишда киракашлар унга ёрдам беради.

- Шофёрлар ўзлари милициялар билан келишади. Лекин ҳеч ким ортга қайтиб кетмайди. Агар паспортингиз бўлса, 5 минг сўм берасиз, агар паспортсиз бўлсангиз, 10-15 минг сўм ундиришади. Бундан ташқари поездда борсангиз ҳам аҳвол шу,- деди Давронбек.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка гапирган Бойсун тумани ички ишлар бўлими мулозимига кўра, 18 ёшга тўлмаган ёшларни постдан ўтказмаслик ҳақидаги буйруқ Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармасидан келган:

- Паспорти йўқларни ҳаммасини қайтаряпмиз. Коллеж ўқувчиларини ҳам қайтаряпмиз. Энди биласизку, кўп ёшлар ҳозир ўқишни ташлаб ташқарига чиқиб кетяпти. Шуни олди олиняпти. Агар болалар мураббийси билан бирга бўлса ва бирор мусобақага бораётгани ҳақида тегишли мактубга эга бўлса ўтказяпмиз. Хатсиз ўтказиш йўқ. Бу ҳақда вилоятдан махсус буйруқ бор,- деди ички ишлар мулозими.

Ички ишлар мулозими милиция ходимларининг 18 ёшга тўлмаганларни постдан ўтказиб юбориш эвазига пора олаётгани ҳақидаги иддаолардан бехабар эканлигини айтди.
XS
SM
MD
LG