Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Украина Тошкент-Киев самолёти парвозига рухсат бермади


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича 1 апрель кунига белгиланган парвозлар амалга ошмаганини билдирди. Авиаширкат рейс бекор қилинганини Украина томони тегишли рухсатнома бермагани билан изоҳлади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича 1 апрель кунига белгиланган парвозлар амалга ошмаганини билдирди. Авиаширкат рейс бекор қилинганини Украина томони тегишли рухсатнома бермагани билан изоҳлади.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Интернет саҳифасидаги эълонда Тошкент-Киев-Тошкент йўналиши бўйича 1 апрель кунига белгиланган HY-741/HY-742 самолёт парвозлари Украина авиация раҳбарияти томонидан тегишли рухсатнома берилмагани сабабли амалга ошмагани маълум қилинган.

Миллий авиакомпания ушбу рейсга сотиб олинган чипталарни бошқа санага ўзгартириш ёки чипталарни топшириш учун тўлов ёки жарималар олинмаслиги билдирган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Киевдаги идорасида ишлайдиган ходими Тошкент-Киев-Тошкент йўналишидаги сешанба кунига белгиланган парвоз амалга ошмаганини тасдиқлади.

Бироқ ўзини таништирмаган бу ходим амалга ошмай қолган рейс ҳақида маълумот бериш ваколатига эга эмаслигини айтиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Киевдаги раҳбари билан боғланишни тавсия қилди.

Киев шаҳридаги “Бориспол” халқаро аэропорти матбуот хизматининг исми ошкор қилинмаслигини сўраган ходими “Бориспол” аэропорти Тошкентдан учиб келадиган самолётни қабул қилишга тайёр бўлганини, аммо Украина давлат авиация хизмати Тошкент-Киев парвозига рухсат бермаганини айтди.

- Бизнинг аэропорт бу рейсни қабул қилишга тайёр эди. Биз томондан жой ажратилган эди. Ҳақиқатан ҳам Украина давлат авиация хизмати ушбу парвозга рухсат бермади. Сабабини улар билишади, - деди “Бориспол” халқаро ахропорти матбуот хизмати ходими.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига қарашли самолётларнинг Тошкент-Киев-Тошкент йўналишидаги парвози бекор қилиниши мумкинлиги билдирилган эди.

12uz.сом ахборот портали маълумотига кўра, “Украина халқаро авиалиниялари” ширкати маълум кунларда ва маълум вақтларда “Тошкент” халқаро аэропорти орқали парвозларни амалга ошириш учун рухсат олиш мақсадида авиация раҳбарлари ва дипломатик идораларни жалб қилган ҳолда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатига босим ўтказаётган бўлиши мумкин.

2013 йилда Ўзбекистон ва Украина пойтахтлари ўртасида ҳафтасига иккита рейс амалга ошириб келинган.

Жорий йил бошида Тошкент-Киев ўртасидаги парвоз биттага туширилган. Бунинг сабабини йўловчилар камлиги билан изоҳлаган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати вакили Тошкентдан Киев шаҳрига навбатдаги рейс 8 апрель кунига режаланаётганини билдирди.

- Навбатдаги рейс келаси сешанба кунига режаланаяпти. Энг арзон чиптанинг нархи тахминан 293 АҚШ долларини ташкил этаяпти. Бизда чиптага гривнада тўланади. Чунки ҳар куни ҳар хил курс, - деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Киевдаги идораси ходими.

Давлатга қарашли “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига тегишли самолётлар Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ давлатларидаги 21та шаҳар ҳамда МДҲ давлатларининг 22 та шаҳрига парвоз қилади.

Айни пайтда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётлари Ўзбекистоннинг 11 та шаҳрига йўловчи ташийди.
XS
SM
MD
LG