Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:48

Россия НАТО юклари учун ўз ҳудудини ëпиши¸ Ўзбекистон даромаддан қуруқ қолиши мумкин


Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Россиядан ўтувчи Шимолий тармоқ НАТО юкларини темир йўл орқали¸ Покистондан ўтувчи Жанубий тармоқ эса¸ юк машиналари воситасида портларга элтади.
Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Россиядан ўтувчи Шимолий тармоқ НАТО юкларини темир йўл орқали¸ Покистондан ўтувчи Жанубий тармоқ эса¸ юк машиналари воситасида портларга элтади.
2014 йил охирига қадар Афғонистондаги қўшини ва ҳарбий техникасининг асосий қисмини Россия ҳудуди орқали олиб чиқишни режалаб қўйган НАТО Россия билан амалий ва ҳарбий ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳамкорликнинг ҳарбий блок қарори билан тўхтатилгани¸ НАТО юкларининг Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Россия ҳудуди орқали ўтадиган шимолий йўналишдан олиб чиқилиши истиқболини савол остида қолдирди.

ИТАР-ТАСС башорат қилди

Чоршанба куни НАТОга аъзо 28 давлат Ташқи ишлар вазирлари йиғинидан сўнг алъянс Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишига норозилик тариқасида НАТО-Россия кенгаши доирасидаги ҳамкорликнинг тўхтатилгани¸ аммо бу қарор Россия билан Афғонистонга оид лойиҳалар ижросига таъсир қилмаслигини баëн қилди.

Айни куни Россиянинг давлатга қарашли ИТАР-ТАСС агентлиги¸ юқори даражали НАТО расмийсига таяниб туриб¸ ҳамкорликнинг тўхтатилиши Афғонистондан чиқадиган НАТО юкларининг Россия ҳудудидан ўтиши ҳам тўхтатилганини билдириши ҳақида хабар тарқатди.

“НАТО ва Россия ўртасидаги Афғонистонга оид ҳамкорлик лойиҳалари¸ шунингдек Россия федерацияси ҳар қандай муносабат июн ойига қадар тўхтатилди¸ деди чоршанба куни Брюсселда ўтказилган вазирлар йиғини йўлкасида НАТО раҳбарияти намояндаси. Тўхтатилган ҳамкорлик лойиҳалари орасида Афғонистондаги НАТО кучларига юк ташиш лойиҳаси¸ наркотиклар контрабандасига қарши кураш бўйича афғон полициясини трейнингдан ўтказиш ва мамлакатнинг асосан СССР ва Россияда ишлаб чиқарилган вертолëт паркига техник хизмат кўрсатиш лойиҳалари ҳам бор”¸ деди НАТО расмийси”¸ деб ëзди ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги 3 апрель куни.

НАТО рад этaди

Озодликнинг бу зиддиятли хабарларга ойдинлик киритишни сўраб қилган мурожаатига ўз исми келтирилмаслигини сўраган НАТО расмийси шундай ëзма жавоб йўллади:

“ИТАР-ТАСС агентлиги эълон қилган мақолада НАТО-Россия ўртасида тўхтатилган ҳамкорлик доирасида “НАТО кучларининг Россия ҳудуди орқали ўтадиган юк транзит лойиҳалари ҳам борлиги” ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Биринчидан¸ мақолада тилга олинган Афғонистон ичкариси ва ташқарисига ташилаëтган юклар транзитига оид келишувлар Афғонистондаги Халқаро хавфсизлик ëрдам кучлари (ISAF) ходимлари эмас¸ улар таъминотига оиддир. Иккинчидан¸ бу таъминот юкларининг Россия ҳудуди орқали транзити НАТО-Россия кенгаши ваколатига кирмайди. Хусусан¸ Россия ўз ҳудудининг тижорий ширкатлар томонидан фойдаланишига изн бериш учун бундай таклифни қўйган. Бундай келишувлар тижорий ширкатлар билан алоқадор давлатлар¸ ҳамда Россия ўртасида икки томонлама тартибда ташкиллаштирилган ва бу келишувларда Россия ўз қуруқлик ва ҳаво ҳудудини таклиф қилган.

Шу боис ҳарбий иттифоқ ISAF таъминот юкларининг Россия ҳудуди орқали транзит қилиниши юзасидан тузилган келишувлар учун НАТО-Россия кенгаши доирасида масъул эмас. Шу сабабдан Шимолий Атлантика кенгашининг НАТО-Россия кенгаши¸ Тинчлик учун шериклик ва Тинчлик учун Евро-Атлантик шериклик кенгаши доирасидаги амалий ҳамкорликни тўхтатишга оид яқиндаги қарори ISAF таъминот юклари транзитининг Россия ҳудуди орқали ўтишига таъсир қилмади.

Мен бугундан бошлаб Россиянинг Шимолий таъминот линиясидан фойдаланишга қандайдир чеклов жорий қилмаганини қўшимча қилмоқчиман. Айни пайтда НАТО ихтиëрида Афғонистонга ва Афғонистондан юклар ташиш учун эҳтиëж туғилса¸ бизга хизмат қиладиган бир эмас¸ бир неча йўналиш бор”¸ дейилади НАТО расмийси Озодликка йўллаган расмий жавоб мактубида.

Кремлнинг НАТОни жазолаш режаси ИТАР-ТАСС орқали сиздирилдими?

НАТО расмийлари НАТО ва Россия ўртасидаги Афғонистонга оид муҳим лойиҳалар бундан буëғига ҳам давом этиши ва 4 апрель куни Россиянинг Шимолий таъминот тармоғини ëпгани ëки ëпишига оид ҳеч қандай расмий билдириш йўқлигини таъкидлашига қарамай¸ на НАТО ва на мустақил кузатувчилар бу эҳтимолни бутунлай инкор қилмаяпти.

НАТО расмийсининг¸ “бизнинг ихтиëримизда эҳтиëж туғилганда ишлатиладиган бир эмас¸ бир неча йўналиш бор” деган баëнотини¸ таҳлилчилар фикрича¸ биз Шимолий йўналишнинг ëпилиш эҳтимолига ҳозирмиз¸ деб талқин қилиш мумкин.

2001 йилда Афғонистонда жойлашган НАТО ва АҚШ ҳарбийларига таъминот юклари етказиш¸ 2013 йилнинг иккинчи ярмидан эса¸ Афғонистондан НАТО ҳарбий техникасини олиб чиқиш Марказий Осиëнинг уч давлати ва Россия ҳудуди орқали амалга оширила бошланди. Ўзбекистон¸ Қирғизистон ва Қозоғистон темир йўллари орқали Россияга ҳудудига кирувчи бу юклар¸ Латвия портлари орқали НАТОга аъзо давлатларга юборилмоқда.

Агар Россия бу транзитга берган рухсатини бекор қилса¸ бу Афғонистондан НАТО юклари¸ биринчи галда эса¸ оғир ҳарбий техникани олиб чиқишнинг Шимолий йўналиш йўққа чиққанини англатади.

Россиялик ҳарбий шарҳловчи Александр Гольц фикрича¸ 4 апрель куни бу йўналишнинг ëпилганига оид аниқ расмий хабар йўқлиги Россия ўз ҳудудини НАТО юклари транзити учун ëпмайди¸ деган ишончга асос бўла олмайди.

- Россиядан Шимолий таъминот йўналишини ëпишни бемалол кутиш мумкин. Чунки Ғарбдан фарқли¸ Россияда Ғарб давлатлари вазиятини ëмонлаштириши мумкин таъсир воситалари кўп эмас. Россия бундай қарор қабул қилар экан¸ тижорий ширкатлар манфаати ëки етадиган миллионлаб долларлик молиявий зарар нуқтаи назаридан эмас¸ Ғарбга қандайдир зиëн етказиш истагидан келиб чиқади. НАТО юкларини Россия ҳудуди орқали ўтказишни тақиқлаш¸ албатта¸ НАТО давлатларини танг ҳолга солади¸ лекин Покистон йўналиши бор экан¸ НАТО бу муаммога¸ албатта¸ ечим топади¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Озодлик билан суҳбатда.

Россия транзит йўлини ëпса¸ Ўзбекистон-НАТО келишувлари нима бўлади?

2012 йилнинг июнь ойида НАТО расмий Тошкент билан Афғонистондаги ўн минглаб зирҳли машина, контейнер ва қурол-яроқни Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб чиқишни кўзда тутувчи шартнома имзолаган эди.

Ўзбекистоннинг ўз ҳудудини Афғонистондаги қўшинларини олиб чиқишида транзит сифатида тақдим қилгани эвазига АҚШ ва Британия Тошкентга ҳарбий техниканинг бир қисмини ўзбек тупроғида қолдиришни ваъда қилган.

АҚШ расмийлари Ўзбекистонда қолдириладиган ҳарбий техника, асосан, турли хил автомобиллар, жумладан, “Hummer” ҳарбий машиналари ва бошқа шунга ўхшаш ҳарбий-транспорт воситалардан иборат бўлишини билдирган бўлса¸ Британия ҳам транзит учун тўланиши керак бўлган 700 минг доллар ҳақ эвазига Ўзбекистонга техника ва эҳтиёт қисмлар беришни ваъда қилган.

Агар Россия ўз ҳудудини НАТО юклари ва ҳарбий техникасини олиб чиқиш учун ëпса¸ умумиятла Шимолий таъминот тармоғи яроқсиз ҳолга келади ва Ўзбекистон билан эришилган бу келишувлар ҳам ўз кучини йўқотади. Бундай эҳтимол Ўзбекистон учун каттагина молиявий йўқотишни англатади¸ дейди россиялик таҳлилчи:

- Нафақат Ўзбекистон¸ қолган Марказий Осиë ҳукуматлари ҳам Шимолий йўналиш ваъда қилган мўмайгина пулдан қуруқ қоладилар. Агар Россия келишувдан чиқса¸ НАТОнинг куни яна Покистондан ўтадиган Жанубий тармоққа қолади ва бу ўзгаришдан ютадиган яна Исломобод бўлади¸ холос¸ дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Гольц.

НАТО расмийлари ҳозирча жамоатчиликка очиқламаган бўлса-да¸ Исломобод билан Афғонистондан чиқиши лозим барча ҳарбий техникани Жанубий йўналишдан олиб ўтиш борасидаги музокаралар¸ айрим нашрларга кўра¸ айни кунларда қизғинлашган.

АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учқичлари адашиб Покистон ҳарбийларига ҳужум қилгани оқибатида 24 ҳарбийси ўлдирилганига норозилик тариқасида Исломобод ўз ҳудудини 2011 йил ноябридан НАТО таъминот юклари учун ëпиб қўйган эди. АҚШ бу хатолик учун узр сўраганидан сўнг¸ 2012 йил июлида транзит йўлини қайта очган ва НАТО ва АҚШ бир-бирига муқобил жанубий ва шимолий транзит йўлидан бирдек фойдаланиб келаëтган эди.

Агар Россия шимолий йўналишни ëпса¸ НАТО ихтиëрида қолган ҳамма юкни Покистон орқали олиб чиқиш чораси қолади ва бундай ҳолда Исломобод яна ўз нархини оширмай қолмайди¸ демоқда кузатувчилар.

Хусусан¸ EurasiaNet Интернет нашрига кўра¸ бундай келишув эвазига Покистонга Афғонистондан чиқадиган ҳарбий техниканинг каттагина қисмини қолдириш ваъда қилинмоқда.

Бу эса¸ Ўзбекистоннинг нафақат тижорий юк ташувчи ширкатлар билан транзит борасида эришилган юзлаб миллион долларлик шартномалар¸ балки ваъда қилинган НАТО ҳарбий техникасидан ҳам қуруқ қолишни англатиши мумкин.
XS
SM
MD
LG