Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:02

Андижонда газ баллони ўрнатилган Нексия портлашидан икки киши жароҳатланди


7 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 19.30 ларда Андижон шаҳрида метан газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили портлаши оқибатида икки одам жароҳатланди.


Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишларича, портлаш натижасида Нексия бўлакларга ажралиб кетган.

Портлаш оқибатида машина ҳайдовчиси ва уни ёнида бўлган ҳамроҳи жароҳатланган.

- Шофёр ва машина ичида бўлган яна бир одам тирик қолди. Машина парчаланиб кетди. Милиция йўлга одамларни ўтказмаяпти, - дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Воқеа жойига Андижон шаҳар ИИБ раҳбарияти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тезкор отряди ва прокуратура ходимлари етиб келишган.

Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармасининг исмини очиқламаган ходимларидан бири газ баллонли Нексия машинаси портлаши юзасидан суриштирув олиб борилаётганини айтди.

- Андижон шаҳрининг Тошкент кўчасида кетаётган машина ўз-ўзидан портлаб кетган. Газ баллондан утечка бўлган, деган тахмин бор. Машинани газ баллони “банг” деган - отворган. Лекин ҳеч кимга жиддий шикаст етмади. Ҳозир суриштирув кетяпти, - деди Андижон шаҳар ИИБ ходими.

Газ баллонли машиналарнинг Ўзбекистонда портлаши тез-тез рўй бериб туради. Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, бу Андижонда сўнгги тўрт ичидаги газ баллон портлаши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.

- Иккинчи марта бўлиши. Тўрт ой олдин бир бўлган. Энди мана буниси иккинчи ҳолат. Аввалгисида ҳам ҳеч жабр кўрмаганди, - деди ИИБ ходими.

Портламаслигига ҳеч ким кафолат бермайди

Ўзбекистонда бензин танқис ва қимматлиги боис кўпгина енгил машиналар, шунингдек, автобус ва юк машиналари аллақачон газ билан юришга ўтиб олишган.

Бензиннинг қимматлиги сабабли кўпчилик автомобилларига газ баллон ўрнатиш учун бир неча миллион сўмни аяшмаяпти.


- Ҳозир газ баллон ўрнатиш бир ярим миллион сўм атрофида бўляпти. Ўзимизни Наманганда ўрнатиб беришяпти. Узоғи билан бир йилда чиқариб оласиз. Бензин қиммат, газ уч баравар арзонга тушяпти,- дейди наманганлик ҳайдовчилардан бири Нормурод.

Лекин газ баллон ўрнатилган машина хавфли. Ўзбекистонда бундай машиналар авария пайти портлаб кетиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кўп бўлган.

Наманган шаҳрида ишлаб чиқарилган сиқилган газга мосланган ва 10 йилга кафолат берилган газ балонлари бир йилга етмасдан портламоқда.

Андижонда портлаган Нексия машинасига ҳам газ балони Наманганда ўрнатилгани таҳмин қилинмоқда.

Наманганда машиналарга газ балони ўрнатиш билан шуғулланадиган Игорь Назаровнинг Озодликка айтишича, аслида портламаслик кафолатини Наманганда ҳеч ким бермайди.

--Бизда гарантия 6 ой. Бундан ортиқ гарантияни Наманганда сизга ҳеч ким бермайди. Бу олти ой ичида портламайди, дегани эмас. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Бошқалар бир ой ҳам гарантия бермайди. Балонни ўрнатади, кетавер, дейди. Бизда ҳаммаси сифатли. Шунга яраша ҳизмат ҳам бизда қиммат. Ҳозир одамлар қаерда арзон бўлса, ўша ерга югиради. Шуннинг учун портлашлар кўп бўлади. Ҳаёт-момот масаласи кўпчилик учун оҳирги ўринда, - дейди Игорь Назаров.

Андижонлик такси ҳайдовчиси Нормурод ака кўпроқ пул топаман деб, машинасига газ балони ўрнатиб олган.

- 10 йилга деб гарантия беришади, уч ойга ҳам етмай портлаяпти. Хитойники ҳам беш йилга тортади, - дейди наманганлик ҳайдовчи Нормурод.

Газ баллони портлаши билан боғлиқ энг даҳшатли ҳодиса ўтган йил сентяр ойида Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ бозори яқинида рўй берганди.

Ўшанда ҳам Нексияга ўрнатилган газ баллони портлаган ва машинадаги тўрт киши ҳалок бўлган эди.

-Портлашлар нима учун бўлади, чунки сифатсиз балон ўрнатишади. Кореяники сифатли, дейишади. Лекин, Кореяники ҳам сифатсиз. Ўзимизни Намангандаги заводда ишлаб чиқарилаётган, лицензияланган балонлар яхшироқ. Энди қандай ўрнатилишига ва қандай фойдаланишга ҳам боғлиқ. Нотўғри фойдаланиш оқибатида ҳам портлаш бўлиши мумкин, - дейди наманганлик газ балон устаси Игорь Назаров.

Бундай ҳодисаларнинг келгусида олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари барча ҳайдовчиларга ўз автомобилларининг ҳолатини, хусусан, ўрнатилган газ баллонларини тез-тез текшириб боришни тавсия қилган.
XS
SM
MD
LG