Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Мактаб ҳожатхонасини қуриш ҳам ота-оналарга юклатилди


Ўзбекистон қишлоқ мактабларининг "нормага мос" деб топилувчи ҳожатхоналари ана шундай кўринишда.
Ўзбекистон қишлоқ мактабларининг "нормага мос" деб топилувчи ҳожатхоналари ана шундай кўринишда.
Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги 21- умумтаълим мактабининг нураб бораётган ҳожатхонасини қайта қуришга маблағ йиғиш учун мактаб маъмурияти ва маҳалла оқсоқоллари аҳолига мурожаат қилди. Маҳалла фаолларининг айтишларича, шаҳар халқ таълими бўлими ва шаҳар ҳокимияти янги ҳожатхона қурилишига маблағ ажратмагани сабаб аҳолидан ёрдам сўрашга мажбур бўлишган.

Озодликнинг WhatsAppига келган хабарларнинг бирида мактаб ҳожатхонасини қайта қуриш учун қувасойлик ота-оналарга ўлпон солингани айтилади:

“Ҳурматли Озодлик. Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри Дўстлик шаҳарчасида жойлашган 21-ўрта мактаб директори Гулшан опа шаҳар молияси янги ҳожатхона қурилишига маблағ бермаяпти деб, Дўстлик шаҳарчасида уйма-уй юриб ҳар бир хонадондан 15 минг сўмдан тиланиб юрибди.

Бу йил мустақиллигимизга 23 йил бўлади. Бюджетнинг пули қани? Қувасой саноат шаҳри дейилади. Наҳотки шундай бой шаҳар мактабга битта туалет қуриб беролмаса? Бу иснод эмасми? Шу иснодни эфирда ёритинглар, илтимос”
, деб ёзди қувасойликлардан бири.

Фарзанди 21-умумтаълим мактабида ўқийдиган ота Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг туалет учун пул сўраб уйма-уй юрганини тасдиқлади:

- Куни-кеча маҳалла оқсоқоли ва мактаб директори барча ота-оналарни йиғиб мажлис қилди. Улар ҳожатхона авария ҳолатига келиб қолганини, янги ҳожатхона учун юқоридан пул ажратилмаётганини айтиб, биздан ёрдам сўрашди. Биз ҳам фарзандларимизни ҳожатхона яна босиб қолмасин деб, 15 минг сўмдан йиғиб беришга рози бўлдик. Бугундан бошлаб ўқитувчилар пул йиғишга киришишди”, деди оталардан бири.

Овози ёзиб олинмаслигини илтимос қилган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, маҳалла оқсоқоли ва мактаб директорининг шаҳар ҳокимияти ва Халқ таълими бўлимига бу ҳақда қилган мурожаатлари натижасиз қолган:

“Болаларимиз хавфсизлигини ўйлаб ўзимиз мажлис қилиб халқдан ёрдам сўрадик. Уч-тўрт йилдан бери шу аҳвол. Мактаб директори ГорОНОга борса бир тийин ҳам бермабди. Оқсоқолимиз ҳам неча марта катталарга айтган, лекин ҳеч ким ёрдам бермаган. Ўзинг учун ўл етим, деган экан. Энди ўзимиз экскаватор заказ қилиб ишни бошламоқчимиз”, деди маҳалла фаолларидан бири.

Қувасой шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Шуҳрат Турсунбоев Озодлик билан суҳбатда бу масалада ҳеч ким ўзинга мурожаат қилмаганини айта туриб, бу муаммони жиддий ўрганиб, мактабга ёрдам беришга ваъда берди.

Озодлик бу ваъданинг қанчалик амалга кўчиш-кўчмаслигини кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG