Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:01

Чироқчилик ëш она оилавий зўравонлик оқибатида ўзини осди...ми?


Ўзбек оилаларида зўравонлик туфайли ўз жонига қасд қилган аëллар сонига оид на расмий¸ на норасмий статистика мавжуд.
Ўзбек оилаларида зўравонлик туфайли ўз жонига қасд қилган аëллар сонига оид на расмий¸ на норасмий статистика мавжуд.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида икки фарзанднинг онаси бўлган 25 яшар Дилафруз (исм ўзгартирилган) 8 апрель куни тупроққа берилди. Ўз ҳожатхонасида дорга осилган ҳолда топилгани иддао қилинаётган бу аëлнинг эридан кўриб келган муттасил зўравонлик оқибатида ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.

Жасад текширувсиз дафн этилган

Чироқчи туман расмий тизимлари вакиллари Дилафрузнинг сирли ўлими юзасидан текширув бошлаганини тасдиқлади.

Хафсизлик идорасини бу аëлнинг тиббий текширувсиз яқинлари томонидан дафн этилгани ташвишга солди.

Чироқчи туман Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идораси вакили эса бундай ўлим ҳолатининг ҳозирча қайдга олинмаганини билдирди.

Озодликнинг Чироқчи туман расмий тизимларидаги манбаси аёлнинг руҳий хастага чиқарилиб¸ айнан хасталик оқибатида ўзини осиб қўйгани тахмин этилаëтганини билдирди:

- Олдин ҳам бу аёл икки марта ўзини ўлдирмоқчи бўлган, эри қутқариб қолган экан. Оилада зўравонлик ҳолати, бизни билишимизча, бу ерда йўқ. Аёлнинг ўзи руҳий заифроқ экан, деди Озодликнинг тумандаги расмий манбаси.

Мактуб

Аёлнинг сирли ўлими борасида даставвал Озодликка марҳуманинг маҳалладошларидан бири мактуб йўллаб, қотиллик иддаосини илгари сурди.

"Жасадни кўрган қўни-қўшниларнинг айтишича, марҳуманинг юзлари, кўз остиларида қаттиқ зарбдан қоладиган жароҳат излар бўлган, ҳамда бўйин қисмлари моматалоқ бўлиб кетган", дейилади мактубда.

"Қишлоқдошларининг айтишича, аёлнинг эри 1984 йилда туғилган Қ.Н (тарҳ. исмни айбсизлик презюмпцияси туфайли ошкор қилмаётир) ёш бўлишига қарамай ичкиликка муккасидан кетган, ҳар гал ичиб келса оилада жанжал чиқариб хотинини калтаклаб, муттасил руҳий ва жисмоний азоб бериб келган.

Ёлчитиб бир жойда ишламаган, бир неча марта Россияга мардикорликка ҳам бориб келган бу йигитни кеча 17-18 атрофида ҳам дўконма-дўкон кириб арақ излаб юрганлиги ва арақ олиб уйи томон кетганлигини кўрганлар бор. Кайфи янаям тарақ бўлган эр тарки одат амри маҳол деганларидек¸ кайф устида хотинини калтаклаган бўлиши ва бундай азобланишлардан тўйиб кетган аёл ўзини осган бўлиши мумкин.

"У ўзини осмаган, уни эри ўриб ё бўғиб ўлдириб қўйган" деган тахминлар ҳам бор. Шуниси ачинарлики, ушбу воқеа юзасидан ҳеч ким Ички ишлар бўлимига хабар бермаган ва аёлнинг жасади суд тиббий зкспертизадан ўтказилмасдан қабрга қўйилган. Марҳума бугун тушгача дафн зтилган, унинг жанозасини туман марказидаги масжиддан келган имом ўқиган
"¸ деб ëзилган Озодликка 9 апрель куни етиб келган мактубда.

Туман хавфсизлик идораси вакилига кўра, бу иддаони текшириш учун ноқонуний дафн этилган аёл жасади эксгумация қилиниши ва Ўзбекистон жиноят кодексининг "Ўзинини ўзи ўлдириш даражасига етказиш" жиноятини назарда тутган 103-модддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиши лозим. Ушбу ҳолат юзасидан суриштирув давом этмоқда.


Ўзбек жамиятида оилавий зўравонлик ҳамон норма бўлиб қолмоқда

Ўзбекистонда айнан оилавий зўравонлик¸ одатда эр ва қайнона зулмидан чора топа олмай¸ ўз жонига қасд қилаëтган аëллар сонига оид аниқ рақамларни топишнинг имкони йўқ. Ўзбекистон расмий тизимлари бу зўравонликка оид ҳақиқий рақамларни яширишга уринади¸ мамлакатда мустақилликдан сўнг бу муаммо билан жиддий шуғуллана бошлаган ноҳукумат ташкилотлари эса¸ фуқаровий жамиятига нисбатан бошланган кучли босим оқибатида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

Ўзбек аëллари¸ хусусан¸ ëш келинлар ўз эрлари¸ қолаверса эрнинг яқинлари томонидан қилинаëтган жисмоний¸ руҳий ва жинсий тазйиқ ва таҳқирларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари¸ ëхуд ҳуқуқ фаоллари эътиборига олиб чиқишни ҳамон номақбул ҳаракат деб билади. Ҳамон аксар оилалар ўз қизларини бундай зўравонликдан ҳимояланишга тайëрлаш ўрнига¸ уларни бундай зулмни қабул қилиш¸ “уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаслик”ка ўргатишади.

Ўзбекистонда оила мустаҳкамлигини кучайтириш иддаоси остида қилинаëтган ажралишга оид статистикани камайтириш жараëнида ажралиш усун судга ариза топширишдан аввал маҳалла қўмитасидан рухсат олиниши шарт қилиб қўйилган.

Йиллар давомида яшаб келгани зўравонликдан тўйиб¸ ниҳоят ажралишга қарор берган аëллар маҳалла "оқсоқол ва кайвони"ларига бундай рухсат сўраб чиқар экан¸ эшитадигани сабрли бўлиш¸ эр ва қайнонага итоат қилиб яшаш¸ ажралишни хаëлдан чиқариш ҳақидаги маслаҳат бўлади.

Ўзбекистон давлат тизимларининг норасмий қисмига айланган маҳалла мутасаддилари аксар ҳолларда фақат ичкиликбоз ëки руҳан касал эрнинг хотинини ўлдириб қўйиши ëки зўравонликдан тўйган аëлнинг ўз жонига қасд қилиши яқин қолганини сезган тақдирда¸ яъни зўравонликнинг энг сўнгги босқичидагина аëлнинг ажралиш ҳақидаги сўровларини қондириб¸ судга тегишли қоғоз беришга розилик беради.

Чироқчилик Дилафруз фожиаси ¸ маҳалла фаолларининг ўз зиммасига юклатилган ҳакамлик вазифасини вақтида¸ адолатли ҳал эта олмаëтганидан берилган навбатдаги огоҳлантирувдир.
XS
SM
MD
LG