Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:41

ЎшТВ Россия фуқаросига сотилди


ЎшТВ студиясидан лавҳа.
ЎшТВ студиясидан лавҳа.

Қирғизистон жанубидаги етакчи телекомпаниялардан бири бўлган “ЎшТВ” Россия фуқароси Максим Кротов тасарруфига ўтди. Телекомпания томонидан тарқатилган матбуот варақчасида шу йилнинг 27 мартидан бошлаб Кротов “ЎшТВ”нинг ягона соҳибига айлангани айтилган.

Матбуот варақчасида қайд этилишича, Максим Кротов Россия ҳамда МДҲ ҳудудида бизнеснинг тез ривожланаётган соҳаларига сармоя ётқизиш билан шуғулланиб келаётган москвалик инвестор бўлиб ҳисобланади.

“ЎшТВни сотиб олиш мен учун Марказий Осиёдаги янги инвестицион лойиҳа бўлиб ҳисобланади, чунки бу минтақада медиа-бизнес катта ривожланиш истиқболига эга. Менинг олдимда ширкат ривожи учун капитал жалб қилиш, унинг бозордаги имижини яхшилаш, тўлқин тарқатиш диапазонини кенгайтириш, бизнес самарадорлиги ва капитализациясини ошириш каби бир қатор улкан вазифалар турибди. Россия ва Қирғизистон ўртасида ривожланиб бораётган интеграцион жараёнларни ҳисобга олган ҳолда, Қирғизистон медиа-бозорига сармоя ётқизишни ўз вақтида амалга оширилган ва самарали иш, деб ҳисоблайман”, дея иқтибос келтирилади Максим Кротов сўзларидан ЎшТВ матбуот варақчасида.

Ўтган йилнинг июл ойидан буён ЎшТВни бошқариб келган Эрнис Қиязов телекомпаниянинг Россия фуқаросига сотилганини тасдиқлади.

- ЎшТВ телекомпанияси россиялик сармоядорга, аниқроғи, Максим Кротовга сотилганини тасдиқлайман. Шунингдек, мен бугун ўз ихтиёрим билан ЎшТВ бош директори лавозимидан кетиш ҳақида ариза ёздим, - деди эндиликда собиқ директорга айланган Эрнис Қиязов.

Қиязов ЎшТВга оид олди-сотти ишларидан хабари йўқлигини, Максим Кротов исмли сармоядор билан шахсан танишиш имконига эга бўлмаганини қўшимча қилди.

Ўзбек миллатига мансуб тадбиркор Халилжон Худойбердиев томонидан 1991 йили асос солинган ва унинг хусусий мулки бўлган ЎшТВ нафақат Ўшдаги, балки минтақадаги биринчи хусусий телеканаллардан бири бўлиб ҳисобланади.

2010 йил июнида Қирғизистон жанубида содир бўлган миллатлараро тўқнашувга қадар ЎшТВ ўзбек, қирғиз ва рус тилларида кўрсатувлар тайёрлаб, эфирга узатиб келган. Июнь воқеаларидан кейин телевидение орқали “миллатлараро низо қўзғашга чақирганлик”да айбланган Халилжон Худойбердиев Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Ҳозир оиласи билан Ғарб мамлакатларининг биридан сиёсий бошпана олиб яшаётган Худойбердиев 3 йил муқаддам Озодликка берган суҳбатида ЎшТВ телекомпаниясини ўша пайтдаги шаҳар мэри Мэлис Мирзақматов куч билан тортиб олганини айтганди.

Ҳужжатларда ЎшТВнинг муассиси Асан Абдиқапаров экани қайд этилган бўлса-да, жамоатчилик орасида мазкур телекомпаниянинг ҳақиқий эгаси Мэлис Мирзақматов экани айтиб келинарди.

Мирзақматов Ўш мэри лавозимидан кетганидан кейин ЎшТВга ҳам босимлар кучайган, ҳудудлараро низо қўзғаганликка оид айблов билан ҳатто жиноят иши ҳам очилганди.

Озодлик манбаларига кўра, москвалик бизнесмен экани айтилаётган Максим Кротов Ўшда туғилган. ЎшТВнинг янги хўжайини сифатида тақдим этилаётган бу одамнинг Россия махсус хизматларида ишлаганига оид маълумотлар бор.

Қизиғи шундаки, Қирғизистонда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ, бу мамлакатда чет элликларнинг оммавий ахборот воситаси таъсис эта олиши кўзда тутилмаган. “Оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқи давлат органлари, жамоатчилик ташкилотлари, меҳнат жамоалари ва Қирғизистон республикаси фуқароларига берилган”, дейилади “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қирғизистон қонунининг 5-моддасида.

2010 йилдан кейин Москва билан алоқадор тадбиркорлар Қирғизистонда бизнеснинг турли жабҳаларига фаоллик билан кириб келдилар, улар кириб улгурмаган фақат медиа соҳаси қолганди.

ЎшТВ россиялик тадбиркорга сотилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдираётган медиа-таҳлилчилар эндиликда Москва вакиллари бу камгакни ҳам тўлдиришга уринаётганини қайд этмоқдалар. Бунгача россияликлар томонидан Қирғизистондаги энг йирик телеканаллардан бўлмиш “5-канал” ва “Пирамида”ни сотиб олишга уринишлар бўлган.

27-ДМВ тўлқинида чиқадиган ва айни кунда 1 кВтлик передатчик орқали кўрсатувларини эфирга узатаётган ЎшТВни шу кунда Қирғизистон жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидан ташқари Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам томоша қилса бўлади.

Мутахассисларга кўра, агар ЎшТВнинг передатчиги бир неча баробар кучайтирилиб, антеннаси ўринли жойга қўйиладиган бўлса, бу телекомпания ўз тўлқинини Ўзбекистон пойтахти Тошкентгача тарқатиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG